Ўзбекистон | 23:15 / 29.06.2020
39935
3 дақиқада ўқилади

Жиззахда ҳам коронавирусдан ўлим рўй берди

Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида яшаган 72 ёшли отахон коронавируснинг навбатдаги қурбонига айланди. Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этганлар сони 24 нафарга етди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жиззах вилоятида коронавирусга чалинган 72 ёшли бемор ўткир миокард инфаркти, юрак-қон томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этгани тўғрисида хабар берди. 

«Жиззах вилояти Ш.Рашидов туманида яшовчи, 72 ёшли отахон Қ.Р. жорий йил 20 июнь куни коронавирусга гумон қилинган ва карантин муассасасига тиббий кузатувга олинган. 22 июнь куни эса Жиззах вилояти юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.

Унда 25 июнь куни коронавирус аниқланган. Беморга «Коронавирус инфекцияси оғир кечиши, чап томонлама бронхопневмония, нафас етишмовчилиги 2-даража» ташхиси, шунингдек, «Юрак ишемик касаллиги, стенокардия, гипертония касаллиги, сурункали юрак етишмовчилиги, қандли диабет оғир кечиши» қўшимча ташхиси ҳам қўйилган.

Бемор бундан аввал, охирги 10 йил давомида юрак ишемик касаллиги, стенокардия ва қандли диабет ташхиси билан даволаниб юрган.

Беморнинг даволаниши давомида  кунлик аҳволи мамлакатимиздаги  шу соҳага ихтисослашган тиббиёт муассасаларининг малакали шифокорлари томонидан ҳам бир неча бор консилиумлар ўтказилиб, назоратга олинган. 

Сўнгги кунларда нафас, юрак ва ўпка етишмовчилиги сабабли беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, реанимация бўлимига ўтказилган ҳамда тиббий ёрдам кўрсатилган. 

Бироқ шифокорларнинг стандартлар асосида ўтказган тезкор реанимацион муолажаларига қарамасдан бемор ўткир миокард инфаркти, ўткир юрак-қон томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этди», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Шу тариқа, бугун ҳам Ўзбекистонда коронавирус туфайли икки ўлим қайд этилди. Бунгача Бухоро вилоятида ҳам 58 ёшли аёл коронавирус туфайли оламдан ўтгани хабар қилинганди.

Шу вақтгача Тошкентда 13, Наманганда 4, Самарқандда ва Сурхондарёда 2тадан, Фарғона ва Бухорода биттадан ўлим рўй берганди.

Эслатиб ўтамиз, Жиззах вилоятида март-апрель ойларида қайд этилган 3 нафар бемор соғайиб, 27 апрель куни вилоят коронавирусдан холи ҳудудга айланганди. Аммо 25 июнь куни Жиззах вилоятида яна 2та янги касалланиш ҳолати қайд этилди.  Бугун кун давомида вилоятда яна 5та янги касалланиш ҳолатлари аниқланди. Айни вақтда вилоятдаги шифохоналарда яна 6 бемор даволанмоқда.

Мавзуга оид