Тошкент марказида кўп қаватли уйлар орасига хусусий клиника қурилиши белгиланди. Фуқаролар бунга қарши бўлишмоқда
Тошкент шаҳар ҳокимлиги Марказ-4 даҳасидаги кўп қаватли уйлар жойлашган маҳаллада косметология клиникаси қурилиши учун 5 сотих ер ажратиб берди. Аммо маҳалла аҳли бу қурилишга қаршилик билдирмоқда.
Тошкент шаҳар ҳокимининг 2020 йил июндаги 522-сонли қарорига асосан, «Esteticheskaya Medecina» МЧЖ инвестиция шартномасида кўрсатилган талаблар бажарилиши учун Юнусобод тумани, Марказ-4 даҳаси, 28-29-30-уйлар оралиғидан 5 сотих ер майдони ажратиб берилган.
МЧЖ ажратилган ҳудудда косметология клиникасини қуришни режалаштирган.
Бироқ мазкур ҳудуддаги кўп қаватли уйларда яшовчи ўнлаб фуқаролар ҳоким қароридан норози. Улар ажратилган ҳудудда клиника қуриб бўлмаслигини, бу шаҳарсозлик нормаларига зидлиги, йўллар ёпилиб қолишини таъкидлашмоқда.
Фуқаролар фавқулодда ҳолат бўлгудек бўлса, ўтиш йўллари ёпилиб қолиши мумкинлигини айтмоқдалар.
«Кўп қаватли уйлар олдига бундай қурилишни қуриш учун ушбу ҳудуддаги фуқаролар билан келишиш керак. Бу қурилиш шаҳарсозлик нормаларига тўғри келмайди. Шаҳар ҳокимлиги ҳам маҳалла билан келишмай қарор чиқариб берган.
Биз прокуратура, ФВВ, шаҳар ва туман ҳокимликларига мурожаат қилдик. Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг жавобида мазкур ҳудудда қурилиш умуман мумкин эмаслиги таъкидланган. Ушбу қурилиш ноқонуний ва тўхтатилиши керак», – дейди маҳалла фуқароларидан бири Элдар Байбеков.
Маҳалла аҳли МЧЖнинг қурилишга рухсат берувчи ташкилотлардан рухсат олмаганини ҳам қўшимча қилди.
Маҳалла аҳли билан учрашувга келган МЧЖ вакили Фаррух Худайқуловнинг сўзларига кўра, қурилишни бошлашдан олдин фуқароларга кўплаб таклифлар берилган. Йилда бир марта текин кўрикдан ўтиш, йўлларни таъмирлаш, ночор хонадонлар бўлса уйларини таъмирлаб бериш ва ҳоказо.
«Шаҳар ҳокими билан тузилган инвестицион шартномага асосан, биз 6,5 млрд сўмлик шахсий маблағларимиздан инвестиция жалб қилиб, 50та иш ўринли тиббиёт клиникасини қурмоқчимиз.
Ҳозир маҳалла фуқаролари бизга ажратилган ҳудудга дарахт экишган. Ҳоким қарори чиқишидан олдин барча ташкилотларга мурожаат қилиб, рухсат олиб, йиғилган ҳужжатларни ҳокимиятга тақдим қилганмиз. Захирага олиш ҳақида 2019 йилда қарор чиққан.
Ҳамма хонадонлар ҳам қарши эмас. 30 уйдан баъзи фуқаролар эътироз билдиришмоқда.
Инвестиция шартларидан ташқари, фуқароларга 21тадан ортиқ ижтимоий таклифлар берганмиз. Иккита йўл ва ахлатхонани таъмирлаш ва қуриш, хароб уйлар бўлса, таъмирлаш ишларини амалга ошириш; 30-уйнинг таклифига кўра, бир йилда бир марта маҳалла аҳлини тиббий кўрикдан текин ўтказиш ва ҳоказо.
Биз ҳам ўз-ўзидан қурилишни бошламоқчи эмасмиз. Давлат ташкилотларининг рухсати билан бошлаймиз», – дейди МЧЖ вакили.
Лекин ушбу таклифларни маҳалла аҳли қабул қилишмаяпти. Компаниядан аниқ инвестицион лойиҳа ва таклифларни сўрашмоқда. Чунки берилган таклифларни шундоқ ҳам қилиб берадиган ташкилотлар бор.
Ушбу ҳудудда қурилиш ишлари бўлишига рози фуқаролар ҳам бор. Улар клиника қурилиши маҳалла аҳлига кўплаб қулайликлар яратиб берилишини айтишмоқда.
«Ҳозирда ҳамма ерда қурилиш кетмоқда. Одамлар ҳар доим норози. Қурилишни барибир қилишади. Ҳеч кимга халақит қилмаяпти. Шахсан мен қурилиш бўлишига қарши эмасман», – дейди фуқаролардан бири биз билан суҳбатда.
Шу куни фуқаролар, тадбиркорлар, шаҳар ва туман ҳокимлиги ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Лекин ҳозирча аниқ бир қарорга келинмади.
Маҳалланинг қатор фуқаролари қурилиш бўлишига қарши, тадбиркорлар ҳоким қарорини олишган, ҳокимлик эса икки томон келишувга эришишига ҳаракат қилмоқда.
Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.
Раҳматилло Исроилов
Мавзуга оид
18:52 / 23.11.2024
Президент Тошкентда «Хушнуд» маҳалласи аҳолиси билан учрашди
16:37 / 23.11.2024
Шавкат Мирзиёев: Тадбиркор — иқтисодиёт пойдевори, давлат таянчи
10:51 / 23.11.2024
Тошкент аэропортида эшитиш қобилияти чекланган шахслар иш бошлади
17:02 / 22.11.2024