«Аввало таълимга эътибор бермоқчиман» – Феруза Маҳмудова элчилик фаолиятидаги режалари ҳақида гапирди
Инновацион ривожланиш вазирлигида вазир Иброҳим Абдураҳмонов ва Ўзбекистоннинг Исроилдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган Феруза Маҳмудова иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.
Мулоқотда илм-фан ва инновациялар бўйича Ўзбекистон-Исроил муносабатларида эътибор қаратиладиган устувор йўналишлар муҳокама қилинди.
«Элчилик фаолиятимда авваламбор таълимга, инновацияларга эътибор бермоқчиман. Чунки таълимсиз ҳеч нарса мавжуд бўлмайди. Таълим – келажакка қадамлар учун биринчи калитдир.
Шунингдек, бизга керакли соҳаларга Исроилнинг энг илғор мутахассисларини жалб этамиз. Биринчи навбатда, қишлоқ ва сув хўжалиги – сув ресурсларини бошқариш, ўзлаштириш, унумли фойдаланиш бўйича мутахассисларни жалб қилишимиз керак.
Афсуски, мутахассисларимиз ҳали замонавий билимларга эга эмас. Исроилдан ёки бошқа давлатдан технологияларни, билимларини сотиб олсак, масалага 1-2 кунга ечим топармиз, лекин қачонгача уларнинг оғзига қараймиз? Масалага стратегик қараш керак», – деди Феруза Маҳмудова.
Ўзбекистонга Нобель лауреатларини жалб қилиш – Исроил билан ҳамкорликнинг асосий йўналишларидан бири
Инновацион ривожланиш вазири, академик Иброҳим Абдураҳмонов икки давлат ҳамкорлиги Ўзбекистонда стартап экотизимини ривожлантиришга йўналтирилиши кераклигини таъкидлади.
«Ҳозирда Ўзбекистон бўйича стартапчиларнинг сони кўп эмас – 50тача атрофида. Исроилда эса 10 мингдан ортиқ стартап бор. Бу уларнинг иқтисодиётига катта ёрдам беряпти. Шундай экотизимни биз ҳам Ўзбекистонга олиб келишни ўйлаганмиз.
Ўзбекистон–Исроил ҳамкорлигининг асосий йўналишларидан бири – мамлакатимизга Нобель мукофоти лауреатларини кўпроқ жалб қилиш.
Илгари уларнинг Ўзбекистонга ташрифлари бўлмаган. 1978 йилда Лайнус Полинг келган холос. Ўтган 3 йилда уч нафар Нобель лауреати –Япониядан, Туркиядан, Исроилдан келди.
Нобель лауреатларини Ўзбекистонга кўпроқ жалб қилиш борасида ёрдамингизни кутиб қоламиз. Уларни қабул қилиб, маҳорат дарслари ташкиллаштиришга тайёрмиз», – деди Иброҳим Абдураҳмонов.
Технологиялар трансфери
Учрашув давомида вазир Исроилдан Ўзбекистонга қилинган технологиялар трансфери ҳақида тўхталиб ўтди.
Ҳаводан сув қилувчи ускуна. Мазкур ускуна ҳавонинг ўзидан фойдаланган ҳолда сув ҳосил қилиш функциясига эга бўлиб, ҳозирда Бухоро вилоятида синовдан ўтказилмоқда. Бу технологияни локализациялаштириш, Ўзбекистонда ишлаб чиқариш истиқболлари кўриб чиқилмоқда.
Ерни кавламай, қувурларни таъмирловчи технология. Исроилнинг Maya корхонаси билан ҳамкорликда қўшма корхона ташкил этилган бўлиб, унда ерни кавламаган ҳолда сув қувурларини таъмирловчи технология ишлаб чиқарилиши назарда тутилган.
Иброҳим Абдураҳмоновнинг сўзларига кўра, технология сунъий йўлдош орқали ер остидаги қувурларнинг носоз қисмларини 99 фоиз аниқликда топа олади, махсус полимерлар орқали носозликларни таъмирлайди.
1 млн АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилаётган мазкур лойиҳа Тошкент шаҳрининг Сергели, Миробод туманларида синовдан ўтказилмоқда. Синов даврида технология қувурларда 900дан ортиқ тешикларни топган, ерни кавлаб кўрилганда, чиндан ҳам носозликлар борлиги аниқланган.
Қайд этилишича, қувурнинг битта тешигидан йилига 50 минг доллар қийматидаги сув оқиб кетиши мумкин. Бу технологияни республиканинг барча ҳудудларида жорий қилиш кўзда тутилган.
Ақлли сув ҳисоблагичлар. Бундай ҳисоблагичлар ўз Wi-Fi тармоғига эга бўлиб, сарфланган сув ҳисобини ўзи тегишли ташкилотга («Сувсоз» ДУК) автоматик тарзда юборади. Ҳисоблагични ўрнатиш ҳисобига хонадонда Wi-Fi ҳам текин бўлади.
Аэрокосмик лабораториялар. Шунингдек, аэрокосмик тадқиқотлар олиб бориш имконини берувчи лабораториялар ҳам илк бор Исроилдан олиб келинмоқда.
«Олимлар узоқ вақт ҳар томондан чегараланган эди»
Феруза Маҳмудова Фанлар Академиясининг хорижий давлатлар билан алоқаларни ўрнатишдаги суст фаолиятини танқид қилди.
«Фаолиятимни режалаштиришда ҳар бир вазирлик, идора билан ҳамкорликда ишлаяпман. Исроил билан ҳамкорлик масаласида таклифлар олиш учун Фанлар Академиясига мурожаат қилдим, лекин улар: «Бизда Исроил билан алоқалар йўқ, ҳатто режалар ҳам йўқ», деб жавоб беришди. Қанақасига бундай бўлиши мумкин?
Элчилар ўз фаолияти давомида кимгадир суяниши, улардан керакли таклифларни олиши керак. Аммо мен Академиядан бемаъно хатни олдим. Гап Зимбабве, Бирма, Мьянма сингари давлатлар ҳақида бораётган бўлса ҳам майли эди. Ахир Исроил – инновацион супердержава», деди у.
Инновацион ривожланиш вазири бу ҳолатни олимларнинг узоқ вақт давомида чегараланиб қолгани билан изоҳлади.
«Республикада 37 минг нафардан ортиқ илмий ходим мавжуд. Уларни узоқ йиллар ҳамма томондан чегаралаганмиз. Фанлар Академиясида табиий фанлар йўналиши бўйича вице-президент бўлиб ишлаган давримда ҳам олимларнинг чегараланиб қолганига ўзим гувоҳ бўлганман. Улар бирон алоқага киришиш, билмаган мамлакати билан муносабатларни ўрнатишда тажрибасизлик қиляпти.
Илгари грантлар ҳам фақатгина муайян давлатлар томонидан бериб борилган. Шу боис олимларда алоқага киришишда камчиликлар бор.
Илмни иқтисодиётимизга ишлата олмаяпмиз, чунки илм-фан экотизимининг шохлари кесиб ташланган эди. Ёш олим келадиган бўлса, ўз лойиҳасини қила олмас, бирон академикнинг лойиҳаси остида ишларди. Танловларга ҳам битта одам топширсин, дейиларди», деди Иброҳим Абдураҳмонов.
Эслатиб ўтамиз, Феруза Маҳмудова Олий Мажлис Сенатининг 19 июндаги ялпи мажлисида Ўзбекистоннинг Исроилдаги фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланди.
Мавзуга оид
14:33 / 21.11.2024
Нега ўзбек ота-оналари боласини рус синфларига беради?
11:43 / 20.11.2024
2025 йилда 252 та янги боғча барпо этилади
15:13 / 18.11.2024
Ўзбекистон ва Қозоғистон таълимда қўшма дастурларни амалга оширишни муҳокама қиляпти
20:17 / 05.11.2024