Жамият | 16:29 / 01.07.2020
8097
2 дақиқада ўқилади

2020 йилнинг 5 ойида хизмат вазифасини бажариш чоғида 5 нафар ИИВ ходими ҳалок бўлган

2020 йилнинг 5 ойида хизмат вазифасини бажариш пайтида 5 нафар ИИВ ходими ҳалок бўлган, 73 нафар ходим эса тан жароҳати олган.

Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов халқаро пресс клубнинг навбатдаги сессиясида ички ишлар тизимини ислоҳ қилиш борасида қилинаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

ИИВ вакилининг сўзларига кўра, айни пайтда мамлакатда ички ишлар тизимида 60 мингдан ортиқ шахсий таркиб хизмат кўрсатади. Аҳоли сонига ҳисобланса, ҳар 100 минг аҳолига 176 нафар ходим тўғри келади.

«Қозоғистонда ҳар 100 минг аҳолига 444 нафар, Россияда 547 нафар, Британияда 271 нафар, Францияда 379 нафар, Германияда 299 нафар полиция ходими тўғри келади. Халқаро миқёсда солиштирсак, бизда ички ишлар ходимлари сони юқори эмас», деди Шоҳрух Ғиёсов пресс клубда.

Шунингдек, ИИВ вакилининг қайд этишича, 2020 йилнинг биринчи 5 ойида хизмат вазифасини бажариш пайтида 5 нафар ИИВ ходими ҳалок бўлган, 73 нафар ходим эса тан жароҳати олган.

«Масалан, март ойида Наманган вилоятининг Поп туманида Жиноят қидирув бўлимининг тезор вакиллари қидирувдаги шахсни қўлга олиш жараёнида ходимлардан бири ўқотар қуролдан 2 марта ўқ еган. Халқаро тажрибада жиноятчини қўлга олишда унга ўқ узиш мумкин. Лекин бизнинг ходимлар аксар ҳолларда бундай қилишмайди», дея қайд этди Шоҳрух Ғиёсов.

Мавзуга оид