Қотил изидан
Хавфли касаллик тарқалишини тадқиқ этиш изқувар фаолиятидан кўп фарқ қилмайди. Аввал далиллар йўқолмагунча воқеа жойини кўздан кечиришга улгуриш керак; сўнгра узоқ вақт давомида гувоҳларни сўроқ қилиш, кейин эса унинг кейинги зарбасини олдиндан тахмин қилиш учун қотилни таъқиб қилиш зарур. 

Аммо халқаро миқёсда биргаликда олиб борилаётган саъй-ҳаракатларга қарамай, коронавирус ривожланишда давом этмоқда ва ҳар куни минглаб одамлар ҳаётига зомин бўлмоқда.

Олимлар сўнгги олти ой ичида вирус ҳақида нималарни аниқлашди?

Фавқулодда вазият
Ҳар қандай вируснинг келиб чиқишини билиш унинг соғлиғимизга қандай таъсир қилиши ва қандай суръатда тарқалишини олдиндан тахмин қила олиш учун жуда муҳим ҳисобланади. Аммо коронавирус бизни аввал бошданоқ ҳайратда қолдирди. 

Дунё Янги йилни нишонлашга тайёргарлик кўраётган бир пайтда, шифокор Ли Вэньлян Уҳан марказий касалхонасининг шошилинч бўлимида ишларди, у ерда пневмония – ўпка яллиғланиши билан касалланган етти нафар бемор карантинга олинганди.

Ли Вэньлян январда касалликка чалинди ва февралда вафот этди

30 декабрь куни у WeChat’даги гуруҳда ҳамкасбларига энг ёмон хавотирлари ҳақида ёзган – Ли SARS’нинг (оғир ўткир респиратор синдром) янги тўлқини бошланаётганини тахмин қилган. Коронавируснинг бошқа тури бўлган SARS илк марта 2003 йилда Хитойда пайдо бўлган ва 26 мамлакат бўйлаб 8000дан ортиқ одамга юққан.

Бироқ, шифокор Ли SARS’нинг иккинчи тўлқинини эмас, балки Covid-19 (SARS-CoV-2) вирусининг дастлабки изларини аниқлаганди.

Хитой нашрлари маълумотларига кўра, Ли ҳамкасбларига эҳтимолий авж олиш тўғрисида огоҳлантирувчи хабар юборганидан уч кун ўтгач, у ва унинг 8 нафар ҳамкасби «миш-миш тарқатганликда» айбланиб, полиция томонидан ҳибсга олинган. 

Шифокор Ли ишга қайтганидан кўп ўтмай Covid-19 билан касалланади. У 6 февралда 34 ёшида ўғли ва ҳомиладор хотинини қолдириб вафот этди.

Бозордаги вирус ўчоғи
Шаҳарнинг янги қисмида жойлашган Хуанан денгиз маҳсулотлари бозорида чакана савдо билан шуғулланувчилар ўзларининг кичик пештахталарида ҳамма нарса сотишган – тирик паррандалардан балиқ, судралувчилар ва ёввойи ҳайвонларгача.