Коррупция – тараққиёт кушандаси: Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида ўтказилган видеоселектор айнан шу мавзуга бағишланди
Бугун демократик қадриятлар қарор топиб бораётган бир вақтда давлат хизматчилари томонидан порахўрлик, мансабини суиистеъмол қилиш билан боғлиқ жиноятлар содир этилиши ҳокимиятнинг обрўсизланиши, давлатнинг сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий тизимига путур етиши, натижада амалдаги ҳокимиятга нисбатан норозиликка сабаб бўлади. Бу ўз ўрнида коррупциянинг мамлакатда ривожланиши ҳамда ўша давлатнинг таназзулига олиб келади. Ҳар бир жамиятда мавжуд бўлган бу каби иллатларга қарши аёвсиз курашиш борасида мамлакатимизда ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуни, «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 27 майдаги Президент Фармони, 2017 йил 2 февралдаги қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 мартдаги қарори коррупцияга қарши курашиш борасида муҳим қадам бўлди. Бугунги кунда ушбу йўналишда қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлаш бўйича давлат идораларида қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тизимида ҳам қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижросини таъминлаш, мавжуд муаммо ва камчиликларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш, айбдорларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўришга жиддий қаралмоқда.
Кеча ўтказилган Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тизимида коррупцияга қарши курашиш бўйича Республика комиссияси ва унинг ҳудудий комиссиялари иштирокида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг коррупцияга қарши курашиш бўйича идоравий дастури, Коррупцияга қарши курашиш мақсадида аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.
Жисмоний тарбия ва спорт вазири ўринбосари Нодир Муротов раислик қилган мазкур йиғилишда тизимдаги барча ташкилотларда коррупцияга қарши курашиш борасида ҳар биримиз масъул эканлигимиз, уни бартараф этиш ва олдини олиш бўйича ваколатли давлат органлари билан ҳамкорлик қилиш, ўз фаолиятимизни қонунийлик, холислик, очиқлик ва шаффофлик ва ҳисобдорлик принциплари асосида амалга ошириш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, коррупция ҳолатини тизимли таҳлил қилишни таъминлаш, шунингдек, коррупцияга оид хавф-хатарлар юқори бўлган йўналишларни ҳамда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни оширишга қаратилган дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, коррупциянинг барча кўринишларига муросасиз муносабатни шакллантириш, бюджет маблағларидан самарали ва оқилона фойдаланиш, турли дастурлар доирасида қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга оширишда пудрат танловларини очиқ ва шаффоф ўтказилишини таъминлаш, қурилишда жамоатчилик назоратини ўрнатиш, вазирлик ҳамда ҳудудий бошқармаларнинг ишонч телефонлари ифода этилиши кераклиги таъкидланди.
Шунингдек, барча ташкилотлар ходимлари иштирокида одоб-ахлоқ қоидалари ва манфаатлар тўқнашувига қатъий риоя этилиши, бу борада ҳар бир ходим билан керакли тушунтиришлар олиб бориш лозимлиги айтиб ўтилди.
Шунингдек, вазирликнинг ҳар бир тизим ташкилотида коррупция хавфини аниқлаш, улардан раҳбариятни ўз вақтида хабардор этишга имкон берувчи адолат қутилари ташкил этилганлиги мониторинг қилиниши, бунга эътиборсиз билан қараётган раҳбарларга эса ўрнатилган тартибда тегишли чоралар кўрилиши билдирилди.
Видеоселектор йиғилишида Қорақалпоғистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазири ҳамда вилоятлар ва Тошкент шаҳар жисмоний тарбия ва спорт бошқармалари бошлиқлари ўз ҳудудларида коррупцияга қарши кураш бўйича амалга оширилаётган ишлар, белгиланган чора-тадбирлар юзасидан ҳисоботлар беришди.
Коррупция – бу жамиятни турли йўллар билан исканжага оладиган даҳшатли иллатдир. Мазкур иллат демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказади, инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келади, бозорлар фаолиятига тўсқинлик қилади, ҳаёт сифатини ёмонлаштиради ва бошқа ҳодисалар илдиз отиб, гуллаши учун шароит яратиб беради. Шу сабабли барча мазкур иллатга қарши биргаликда қонуний кураш олиб боришимиз лозимдир.
Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати
Мавзуга оид
20:18 / 14.01.2023
Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди
02:32 / 12.02.2021
Ўзбекистондаги спорт иншоотларининг бир кунлик қуввати қарийб 1,5 млн кишини ташкил этади — Адлия вазирлиги
00:18 / 12.02.2021
Ўзбекистондаги мактабларнинг 22,5 фоизида спорт заллари йўқлиги маълум қилинди
19:17 / 22.12.2020