19:17 / 22.12.2020
9350

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги: пойтахтимизда янги спорт мажмуаси фойдаланишга топширилди

Сўнгги йилларда мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни янада оммалаштириш, аҳолининг барча қатламлари орасида жисмоний маданиятни юксалтириш, қолаверса, халқаро майдонларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келаётган спортчилар учун барча шароитларни яратишга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Президентимиз томонидан ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг иккинчиси бевосита жисмоний тарбия ва спортга йўналтирилган бўлиб, унда ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш кўзда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 январдаги «2020-2022 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4565-сонли қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 31 июлдаги 654-Ф-сонли Фармойиши билан Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек тумани Амир Темур кўчаси «Султония» маҳалласида замонавий, қулай ва ихчам спорт мажмуаси қуриб, фойдаланишга топширилди.

Спорт мажмуаси қурилиш соҳасидаги илғор технологияларни амалга татбиқ этган ҳолда, енгил конструкцияли ва замонавий сэндвич панеллари асосида қурилган бўлиб, ўлчами 18×30 метр бўлган мазкур спорт залининг қурилишига қарийб 2,5 млрд сўм маблағ сарфланди.

Бугун ушбу спорт мажмуасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев, Мирзо Улуғбек тумани ҳокими Шавкатбек Эргашев, маҳалла фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Очилиш маросимида сўзга чиққан Жисмоний тарбия ва спорт вазири Д.Набиев тадбир иштирокчилари ва маҳалла аҳолисини янги, кўркам спорт мажмуаси фаолият бошлагани билан қизғин табриклади.

Шундан сўнг янгидан қад ростлаган спорт мажмуасида маҳалла спортчилари иштирокида бокс ва таэквондо бўйича ажойиб чиқишлар намойиш этилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керак, спорт мажмуасининг барпо этилишида ғишт ўрнига сэндвич панелларидан фойдаланиш натижасида қурилиш таннархи ўртача 450-500 млн сўмга арзонлашган бўлса, қурилишнинг давомийлиги 1,5-2 ойгача қисқарди.

Эндиликда бу масканда шу атрофда истиқомат қилувчи 100 нафардан ортиқ ўғил-қизлар спортнинг бокс, таэквондо ҳамда шахмат-шашка турлари билан мунтазам шуғулланиш имкониятига эга бўлишди.

Келгусида бу каби спорт иншоотларини мамлакатимизнинг деярли ҳар бир маҳалласида барпо этиш орқали ёш авлод, қолаверса аҳолининг барча қатламларини соғлом турмуш тарзига жалб этиш мақсад қилинган.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Матбуот хизмати

Top