Жамият | 08:28 / 02.07.2020
6988
2 дақиқада ўқилади

Маиший техникаларни олиб сотган шахс суд ҳукми билан 5 йилга озодликдан маҳрум бўлди

Жиноят ишлар бўйича Чирчиқ шаҳар судининг ҳукми билан у ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбли деб топилиб, унга нисбатан 5 йил 5 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Тошкент вилоятида 33 ёшли О.У. 2017 йилнинг май ойидан 2018 йилнинг февраль ойигача бўлган вақт мобайнида 45 нафар фуқаронинг ишончига кириб, кредит савдо дўконларидан уларнинг номига кредит шартномаси расмийлаштирган ҳолда ўзига турли хилдаги маиший техникаларни олган.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, у белгиланган миқдордаги кредит тўловларини мунтазам равишда ўз вақтида тўлаб келишини айтиб, алдов йўли билан ишончига кирганидан сўнг фуқароларнинг номига олинган маиший техника воситаларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, уларни бошқаларга сотиб юбориб, пулларни ўзининг шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юбориб, берган ваъдасини бажармасдан шу давр мобайнида фуқароларга жами 150.000.000 сўм моддий зарар етказган.

Ҳолат юзасидан Чирчиқ шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан О.У.га нисбатан 168-моддаси 2-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов жараёнида О.У. ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбланувчи тариқасида жалб қилиниб, унга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган ва айблов хулосаси билан шаҳар прокуратурасига юборилган.

Жиноят ишлар бўйича Чирчиқ шаҳар судининг ҳукми билан О.У. ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбли деб топилиб, унга нисбатан 5 йил 5 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

“Ҳурматли фуқаролар, фирибгарлар тузоғига тушиб қолмаслигингиз учун маиший техника ёки бошқа бойликларни сотиб олишда савдо дўконларининг расмий дилерларига ёки расмий вакилларига мурожаат қилишингизни сўраймиз”, - дейилади хабарда.

Мавзуга оид