Жамият | 09:38 / 02.07.2020
20996
6 дақиқада ўқилади

Яқин хорижда масофавий таълим олган талабалар Ўзбекистонда таҳсилни давом эттириш учун буйруқни кутишмоқда

Шу йилнинг февралида яқин қўшни давлатлар: Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон олий таълим масканларида таълим олаётган ўзбекистонликлар учун ажойиб бир имконият тақдим этилди. Улар ҳеч қандай имтиҳонлар ёки қўшимча синовларсиз ўз таҳсилини Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларига кўчириш имконига эга бўлди.

Даставвал, қўшни давлатлар университет ва институтларида масофавий таълим шаклида ўқиётган талабаларга ҳам шундай имконият берилиши маълум қилинди. Кейинчалик, бу рухсат масофавий олий таълим олаётганларга тегишли бўлмаслиги айтилди. Бу эса, ўқишини кўчириб, Ўзбекистонда дарс жараёнларига киритилган, шартнома пулларини тўлаган ёшларда тушунмовчиликка сабаб бўлди.

Бироқ, кейинчалик, мамлакатда карантин чоралари кучайтирилгани боис, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати ҳам қонунчиликдаги олий таълимнинг масофавий шаклига доир бўшлиқни тўлдирди. Аммо, яқин хорижий давлатларда масофавий таълим олган ва Ўзбекистонга қайтган минглаб ёшларнинг муаммоси ҳамон очиқлигича турибди.

Kun.uz мухбири айни масала юзасидан Хоразмдаги олий ўқув юртларига қабул қилинган, лекин, кейинчалик вазирликнинг махсус қарорини, олий ўқув юртининг буйруғини кутиб овора бўлаётган ёшлар билан учрашди.

Маълум бўлишича, улар Қозоғистоннинг турли университетларида ўзлари танлаган мутахассисликлар бўйича масофавий таълим олишган. Феврал ойида ўқишни кўчиришга оммавий рухсат берилиши ортидан аксарияти ҳужжатларини Урганч давлат университетига топширган.

“Даставвал, таълим шаклидан қатъи назар барча талабалар қабул қилиниши айтилган эди. Бизларнинг ҳужжатимизни ҳам шунга биноан кечки ёки сиртқи таълим йўналишларига қабул қилишларини айтишди. Шартнома пулларини ҳам тўладик. Талабалар ўқув базасига киритишди, логин-парол ҳам беришди. Карантин муносабати билан масофавий таълим ҳам олиб турдик. Бироқ, кутилмаганда бизларни чақириб, шартнома учун тўлаган пулларимизни қайтариб олишимиз кераклигини билдиришди. Биз энди икки томондан ҳам қуруқ қоламизми?”, - дея савол билан мурожаат қилади Гулноза Абдураҳимова ўзи сингари ҳолатга тушиб қолган хоразмлик талабалар номидан.

Қўшни давлатлар олий ўқув юртларида масофавий таълим олиб, ўқишини Ўзбекистонга кўчирган талабалар тақдири нима бўлишига ойдинлик киритиш мақсадида УрДУ ўқув ишлари проректори Сардор Хўжаниёзов билан суҳбатлашдик.

Проректорнинг Kun.uz мухбирига маълум қилишича, даставвал таълим шаклидан қатъи назар, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон олий ўқув юртларида таҳсил олаётган талабаларга баравар рухсат берилгани рост. Бироқ, кейинчалик, масофавий таълим олаётганлар истисно қилинган. Бу орада ҳужжатларини ўз йўналишлари бўйича Ўзбекистон олий таълим масканларига топширганлар шартнома пулларини ҳам тўлашга улгурган. Уларга логин-парол берилишининг сабаби, проректорга кўра, талабаларнинг ҳужжатлари ҳақиқийлиги тасдиқланса, уларни қабул қилишни осонлаштириш назарда тутилганлигидир.

“Ҳар бир институт-университет ректорларига ўзлари раҳбарлик қилаётган олий ўқув юртларининг моддий-техник имкониятидан келиб чиққан ҳолда талабаларни қабул қилишга рухсат берилган. Яъни ректор ҳужжат топширган талаба берган маълумотлар ҳаққонийлигини аниқлаши, улар тасдиқланса, талабалар сафига қабул қилиш ҳақида буйруқ чиқариш ваколатига эга”, - дейди Сардор Хўжаниёзов.

Шунга биноан, проректорнинг айтишича, мабодо талаба ҳозирда онлайн ўқув жараёнига киритилган, ўқишни давом эттираётган ёхуд семестр имтиҳонлари ва синовларини топшираётган ёки топширмаётганидан қатъи назар, шунингдек, шартнома пулини тўлаган ёки қайтариб олган бўлса-да, ректорнинг буйруғи билан талабалар сафига қабул қилиниши мумкин.

Аммо, бунинг учун бир неча босқичда талабаликка даъвогар тақдим этган ҳужжатлар ҳақиқийлиги текширилиши талаб этилади. Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари У. Бегимқулов томонидан 2020 йил 19 июнда имзоланган 87-03-2141 сонли ҳужжатда Республика олий таълим муассасалари ректорлари ва филиаллар директорларидан “қўшни давлатлардаги олий таълим муассасаларининг масофавий (онлайн) таълим шаклидан республика олий таълим муассасаларига ўқиши кўчирилиши тавсия этилган фуқароларни талабаликка қабул қилиш бўйича расмийлаштирилишини таъминлаш” сўралган. Бунда қуйидаги талаб ва тадбирларнинг бажарилганлиги аниқлангандан сўнггина тегишли ҳужжатларнинг расмийлаштирилишига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги белгиланган:

·       фуқароларнинг паспортларида муайян қўшни давлатга кириш-чиқиш белгиларининг мавжудлигини текшириш;

·       қўшни давлатдаги олий таълим муассасасида ҳақиқатда ўқиётганлигини тасдиқловчи хати ёки бошқа ҳужжатларнинг асл нусхалари тақдим этилганидан сўнг, ушбу ҳужжатлар, шу жумладан, мазкур олий таълим муассасасининг давлат аккредитациясидан ўтганлигини синчиклаб текшириш.

Шу билан бирга, вазирлик ҳужжатида,

·       фуқароларнинг паспортларида муайян қўшни давлатга кириш-чиқиш белгилари ўқишга киргандан кейинги даврда умуман мавжуд бўлмаганда;

·       фуқароларнинг қўшни давлатдаги муайян олий таълим муассасасида ҳақиқатда ўқиётганлиги ҳеч қандай ҳужжатда аниқланмаганда;

·       ўқиётган олий таълим муассасаси давлат аккредитациясидан ўтмаганлиги аниқланган тақдирда, бундай фуқароларни талабаликка қабул қилишга асос йўқлиги маълум қилинган.

Таъкидлаш ўринлики, биргина Урганч давлат университетига 1200 дан ортиқ талаба хориждан ўқишини кўчириш бўйича ҳужжат топширган бўлса, шундан 200 атрофидаги ёш йигит-қиз масофавий таълимдан кечки ёки сиртқи йўналишларга ҳужжатларини топширган. Шунга кўра, республика миқёсида бу рақам анча катта эканини тахмин қилиш қийин эмас.

Шу билан бирга, ўрганишларимиз шуни кўрсатмоқдаки, масофавий таълим олаётганини рўкач қилиб, ҳужжатлар топширганларнинг айримлари тақдим этган маълумотнома ёки бошқа турдаги ҳужжатлари қалбаки эканини аниқланган. Қолаверса, паспортида ўзи таълим олаётганини даъво қилган мамлакатга чиқиб келганини исботловчи муҳр босилмаган, ёхуд айни фуқаро исм-шарифи чегара постида қайд этилмаган. Шу боис, яқин қўшни давлатларда масофавий таълим олаётганини билдирган ёшларнинг топширган ҳужжатлари алоҳида синчковлик текширилмоқда. Албатта, бу жараён маълум бир вақтни олиши табиий. Ҳужжатлари текширувлардан муваффақиятли ўтган фуқаролар эса, ҳеч бир истисносиз талабалар сафига қабул қилинади.

Мавзуга оид