Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Мен касбий бурчим доирасидан чиқадиган бирор нарса қилмадим». Журналистнинг суддаги сўнгги сўзи
Россиянинг Псков шаҳрида ўтаётган суд музокараси чоғида прокуратура терроризмни оқлашда айбланаётган журналист Светлана Прокопьевага 6 йил умумий режимдаги колонияда озодликдан маҳрум этиш жазосини сўраган. Бундан ташқари, давлат айблови Прокопьевага тўрт йил давомида журналистика билан шуғулланишни тақиқлаш сўралган.
Жиноий иш очилишига сабаб журналистнинг Архангелск области ФҚБ биносидаги теракт ҳақидаги муаллифлик дастури бўлган. Роскомнадзор ва Тергов қўмитаси вакиллари Прокопьева ўз матнида терроризмни оқлаган деган қарорга келган, чунки у ҳокимиятни танқид остига олиб, портлашни уюштирган талабани «Нородная воля» инқилобчилар ташкилоти аъзосига менгзаган. Суд учун экспертиза ўтказган лингвистлар Прокопьеванинг сўзларида терроризмни оқлашни топа олишмаган, лекин экспертлар хулосаси ишга тикилмаган.
«Такие дела» портали Светлана Прокопьеванинг суддаги сўнгги сўзини келтирди.
«Ҳурматли суд!
Ўзимнинг чиқишимни ўйлаб кўриб, одатимга кўра ўз-ўзимга савол бердим: мен оммага қандай муҳим гапни айтмоқчиман? Сўнгги сўз одатда диққат билан тингланади, шунинг учун уни шунчаки ҳамдардлик исташ учун сарфлаш ярамайди.
Аввалига мен сўз учун жиноий таъқиб қилишнинг бор куч-қудрати билан жазолаш нақадар тутуруқсиз иш эканлиги — жамоатчиликнинг жонли муҳокамасига нисбатан бу бирқадар самарасиз эканлиги ҳақида сўзлашга қарор қилган эдим. Ўзингиз ўйлаб кўринг: кўз олдимизда амалдор ёки сиёсатдон, ёки шунчаки таниқли инсон қандайдир аҳмоқона, қўпол ёки ҳақоратли сўзларни айтиб қўйиб, шов-шув кўтарилгач қисқа муддат ичида амалидан ёки реклама шартномаларидан маҳрум бўлгани борасида кўплаб мисоллар бор. Ижтимоий тармоқлар тезда ва аниқ муносабат билдиради. Жамоавий ўз-ўзини сақлаш инстинктига риоя қилган ҳолда жамият адоват ва нафрат тилини бартараф этади.
Энди буни менга очилган жиноий ишга таққосланг. «Давлат учун қатағонлар» («Репрессии для государства») матни эълон қилинганида уни ўнлаб, борингки юзлаб одам ўқиган. Халқ ичида бирор кўтарилишга сабаб бўлгани йўқ эди. Орадан ярим йил ўтиб уйимга СОБРчилар автомат билан бостириб кириб, остин-устун қилиб ташлашди, нарсаларимни олиб кетишди — эндиликда мана, икки йилдирки экспертларни жалб қилган ҳолда матнларда жиноят таркиби бор-йўқлигига аниқлик киритмоқдамиз. Бу ҳолатда Роскомнадзор томонидан хавфли деб топилган матн юз минглаб одамлар томонидан ўқилди, инглиз тилига таржима қилиниб, турли давлатларда ҳам машҳур бўлди.
Мен тилга олмоқчи бўлган бошқа мавзу — ҳуқуқнинг тескари қилинган пирамидаси ҳақида. Мен журналистман, менинг касбим асосида сўз эркинлигига бўлган конституцион ҳуқуқ ётади. У журналистга жамиятни муҳим воқеалар ва муаммолар билан таништириш ҳамда ўз шахсий фикрини оммага тақдим этиш мажбуриятни юкловчи «ОАВ тўғрисида»ги федерал қонунда ҳам деталлаштирилган.
Бу менинг ишим, шу ишим учун мени суд қилишмоқда.
Тарозининг бир палласида — Конституция, иккинчи палласида эса Роскомнадзорнинг идоравий йўриқномалари. Ушбу квазицензура органининг ходимаси машина матнда «теракт» деган сўзни топганини кўриб қолиб, олдида «жиддий мақола» турибди деган тўхтамга келган ва «қоидабузарлик» ҳақида карточка тўлдирган — бу ҳолатда у қоидабузарлик айнан нимада эканлигини тушунмаган ҳам, чунки унинг махсус илми ҳам йўқ. «Мен эксперт эмасман-ку», — деди у шу суд мажлисида. Сўнгра карточка йўриқномага кўра, бир инстанциядан иккинчисига узоқ бюрократик йўлни босиб ўтган, натижада нафақат фикр ва сўз эркинлигига бўлган конституцион ҳуқуқ, наинки федерал қонунда мустаҳкамлаб қўйилган журналист мақоми, ҳуқуқнинг асоси — айбсизлик презумпцияси ҳам поймол этилган, чунки мен, эслатиб ўтаман, суд бошланмасдан туриб буюмларим ва пулларимнинг тортиб олиниши билан жазоланганман.
Характерлиси, жараёнга жалб қилинган давлат органларидан бирортаси бу мувозанат бузилишини сезгани ва бартараф қилгани йўқ. Бу эса ҳуқуқий тизимимиз носоғлом эканлигидан далолат беради.
Ундан-да муҳимроқ мавзу бор. Мен томонимдан ишга жалб қилинган мутахассис Юлия Александровна Сафонова суд олдида чиқиш қила туриб, адоват ва нафрат қўзғатиш ҳақида сўз борганида давлат онгли равишда сўз эркинлигини чеклашини таъкидлаб ўтди. Бу «сўз учун» жиноий иш очилиши мумкин бўладиган сабабдир. Кейинроқ Юлия Александровна нимани назарда тутганини тушунтирди. Унинг эслатишича, бундай чекловлар илк марта демократик давлатлар қонунчилигида Иккинчи жаҳон урушидан кейин пайдо бўла бошлаган. Ўшанда дунё нацистлар пропагандаси қандай фалокатга етаклаганини тушуниб етган эди. Ўшандаям ҳаммаси «оддий сўзлар» бўлган.
Бу муҳим муаммо ва масъулиятли йўл бўлинишидир: адоват тилига қарши курашда қонун кучи ва давлат мажбурловини жалб қилиб, қандай қилиб бир вақтнинг ўзида сўз эркинлигини сақлаб қолиш мумкин? Масалан, менга шахсий фикрим учун олти йил қамоқ жазоси таҳдид солаётганига ўхшаш абсурд жиноий ишлардан қандай қочиш мумкин? Ижтимоий тармоқдаги пост остида қолдирган шарҳи учун инсон ҳибсга олиниши, сўнгра колонияга жўнатилиши-чи? Сиз билан биз бу мисоллар Бухенвальд ва Освенцимга олиб борган сўзлар ва нутқлардан қанчалик йироқ эканлигини жуда яхши тушунамиз.
Мен бу ҳақда кўп ўйладим ва ниҳоят, асосий мазаси қаерда эканлигини топгандекман. Бутун бир халқларнинг геноцид қилиниб қириб юборилиши, жаҳон уруши ва миллионлаб қурбонларга сабаб бўлган нацистлар пропагандаси давлат пропагандаси эди. Тарихда инсониятга қарши энг катта жиноят ташкилотчиси бўлган Адолф Ҳитлер давлат етакчиси эди. Исми атоқли отга айланган Гёббелс давлат хизматчиси — пропаганда вазири эди. Холокостнинг оддий ижрочилари — концлагерларда қийноқ қўллаб, одамларни отганлар ҳам давлатга хизмат қилганлар — «йўриқнома бўйича ҳаракат қилган» ва «шунчаки буйруқни бажарган» инсонлар бўлган.
Агар тарихга мурожаат қилсак, тинч аҳолининг оммавий ўлдирилиши давлат кучи билан амалга оширилганига гувоҳ бўламиз. Хитойдаги маданий инқилоб (100 миллион жабрдийда) — Хитойдаги ҳукмрон коммунистик партиянинг 1966–1976 йиллардаги расмий сиёсати. СССРдаги улкан террор (1937–1938 йилларда 1,5 миллондан ортиқ қурбон) — давлат хавфсизлик органлари кучи билан амалга оширилган. Руандадаги қирғин (1994 йилнинг тўрт ойида тутси халқининг ярим миллиондан миллионгача бўлган қисми ўлдирилган) хуту ҳукумати томонидан амалга оширилган.
Айнан орсиз ва шафқатсиз инсонлар қўлига тушиб қолган давлат ҳокимияти фуқаролар хавфсизлиги учун энг катта таҳдидга айланади.
Жинояткор сиёсатчи, партия ёки хунта томонидан ҳокимиятнинг узурпация қилиниши оқибатида фуқаролар ҳамма нарсадан — мол-мулкидан тортиб, эркинлиги ва яшаш учун бўлган ҳуқуқидан ҳам мосуво бўлиш таҳдиди остида қолади. Лекин жинояткорона сиёсат асло жиноий ният билан бошланмайди — йўқ, доимо миллатнинг улуғворлигини уйғотиш, суверенитетни ҳимоя қилиш ёки ички душманга қарши курашиш каби «олий мақсадлар» ва «буюк сабаблар» топилади. Шунинг учун жинояткорона сиёсатга йўриқномаларга шунчаки амал қилиб, буйруқларни бажарувчи оддий ижрочилар осонгина жалб этилади.
Репрессиялар босқичма-босқич ривожланади. Ҳуқуқларнинг чекланиши ва ўзгача фикр учун таъқиб қилиш қачон концлагерлар ва отувларга айланишини тахмин қилишнинг имкони йўқ. Тарих бундай дўниш энг маданий ва цивилизациялашган жамиятда ҳам рўй бериши мумкинлигини кўрсатмоқда — шунга мос давлат сиёсати ва пропаганда бўлса бас.
Айнан шу сабабли ҳам сўз эркинлиги керак — ўз вақтида бонг уриш учун. Ҳукмрон кўпчиликка қарата: «Ау! Кўзларингга қаранглар! Сизлар жуда сирпанчиқ йўлдасизлар!», — деб туриш учун ҳам мустақил медиа, журналистлар, мухолифатдаги сиёсатчилар ва фаоллар керак. Худди шунинг учун ОАВ учун танқиднинг бош ва асосий объекти давлат — оммавий қатағонлар қуролига айланиши мумкин бўлган мажбурлов аппаратига эга ҳокимият тизими бўлиб келган ва қолади.
Давлатни танқид қилиш мен учун қўрқинчли эмас. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимини танқид остига олиш, куч ишлатар тизим ходимларига қарата улар баъзан ноҳақ эканлигини айтиш ҳам мен учун қўрқинчли эмас. Чунки мен биламан, агар мен буни айтмасам, ҳеч ким айтмаса чиндан ҳам қўрқинчли бўлади.
Мен ҳақиқий фикрга даъво қилмайман — бунақаси бўлмайди. Исталган инсон адашиши, хатоларга йўл қўйиши мумкин, танқид ҳар доим ҳам адолатли бўлавермайди. Лекин ҳеч қандай танқид бўлмаганидан кўра, танқид бўлгани, ҳаттоки асосланмаган танқид бўлиб тургани яхши. Қанчалик кўп ғояни муҳокама қилсак, тақдим этилган фикрлар спектри қанчалик кенг бўлса — жамият тўғри ечимни топиши, ривожланишнинг оптимал йўлини топиши осонлашади. Инсоният афсуски ҳеч қанақасига суғурталанмаган гуманитар фалокатдан қочиш янада осон бўлади.
Мен ҳурматли суддан менга тааллуқли жиноий иш бўйича қарор қабул қилишда нафақат доклад ёзувлари ва далолатномаларни, шунингдек бизнинг жамиятимиз қурилаётган энг умумий принципларни ҳам инобатга олишни сўрайман. Бу сўз эркинлиги, журналист мақоми, матбуот миссиясидир. Мен ўз ишимни қилдим, ўз касбий бурчим доирасидан чиқадиган ҳеч нарса қилганим йўқ. Бунда ҳеч қанақа жиноят таркиби йўқ».