Жаҳон | 20:06 / 06.07.2020
5825
2 дақиқада ўқилади

Суд журналист Прокопьевани терроризмни оқлаш ва тарғиб қилишда айбдор деб топди

Прокурор Светлана Прокопьевани олти йил колонияга ҳукм қилиб, тўрт йил журналистика билан шуғулланишни тақиқлашни талаб қилган эди.

Суд Россиянинг Псков областида яшовчи журналист Светлана Прокопьевани терроризмни оқлаш иши бўйича айбдор деб топди. Прокурор журналист қиз учун олти йилга озодликдан маҳрум этиш жазосини сўраган бўлса-да, суд 500 минг рубль жарима билан кифояланган, деб ёзади Forbes Russia.

Светлана Прокопьева. Фото: Артём Аванесов

«Медиазона»га кўра, 2-Ғарбий округ ҳарбий суди псковлик журналист қиз Светлана Прокопьевани терроризмни омма олдидаги чиқиш билан оқлаш ва тарғиб қилиш (РФ жиноят кодексининг 205.2-моддаси 2-қисми) бўйича очилган жиноят иши бўйича айбдор деб топган. Суд журналистга 500 минг рубль жарима тайинлаган. Бунгача прокурор уни олти йил колонияга ҳукм қилиб, тўрт йил журналистика билан шуғулланишни тақиқлашни талаб қилган эди. Модда бўйича максимал жазо — етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш.

Жиноий иш 2019 йилнинг февралида қўзғатилган эди. Ўшанда Прокопьеванинг уйига тинтув учун келишган, ўзини эса бир неча марта Тергов қўмитасига терговга чақиришган. Бунга сабаб Прокопьева «Эхо Москвы в Пскове» радиоэфирида 2018 йилда ФҚБнинг Архангельск областидаги ҳудудий бошқармаси биносида ўзини ўзи портлатган анархист Михаил Жлобицкийга бағишланган дастурида терактни давлатнинг мамлакат аҳолисига нисбатан «репрессив» сиёсатига, уйдирмага асосланган жиноий ишлар ва одамларда ўз ҳақ-ҳуқуқини қонуний ҳимоя қилиш имконияти йўқлигига боғлаган. Прокопьеванинг ўзи айбини тан олмаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Светлана Прокопьеванинг суддаги сўнгги сўзи эълон қилинганди. «Мен касбий бурчим доирасидан чиқадиган бирор нарса қилмадим», деган эди у суддаги сўнгги сўзида.

Мавзуга оид