Олий суд пленумининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда иккита қарор лойиҳаси муҳокама қилинди
Судларнинг эътибори мурожаатларни кўриб чиқиш учун асоссиз равишда бошқа давлат органларига юборишга йўл қўйилмаслигига қаратилмоқда.
2020 йил 3 июль куни Олий суд Пленумининг мажлиси бўлиб ўтди.
Йиғилишда Олий суд Пленумининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш тўғрисида” ва “Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг айрим қарорларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарорлари лойиҳаси муҳокама қилинди.
Олий суд матбуот котиби Азиз Обидовнинг хабар беришича, Пленум мажлисида муҳокама этилган “Жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қарор лойиҳаси айнан жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш самарадорлигини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилди.
Ушбу қарор билан суд ҳимояси деганда, процессуал қонунларда белгиланган тартибда амалга ошириладиган, жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини тиклашга қаратилган судлар фаолияти тушилиши кераклиги тушунтирилмоқда.
Биринчи инстанция судида иш қўзғатиш учун зарур шартлар ҳисобланадиган, қонунда назарда тутилган дастлабки шартлар мавжуд бўлганда, суд орқали ҳимоя қилиш учун мурожаат қилиш ҳуқуқини амалга ошириш мумкин. Ушбу шартларнинг мавжуд эмаслиги суд томонидан мурожаатларни қабул қилиш ва кўришни рад этиш учун асос бўлади.
Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал, Иқтисодий процессуал, Жиноят-процессуал кодекслари ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига мувофиқ судга мурожаат қилиш:
фуқаролик, маъмурий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича — даъво аризаси, ариза (шикоят) шаклида;
буйруқ тартибида иш юритиш бўйича, алоҳида тартибда юритиладиган ишлар, алоҳида тоифадаги ишлар ва процессуал қонунларда назарда тутилган бошқа ҳолларда — ариза шаклида;
апелляция, кассация ва назорат инстанцияси судларига мурожаат этилганда — шикоят (протест) шаклида амалга оширилади.
Жисмоний ва юридик шахсларнинг фуқаролик процессуал, жиноят-процессуал, иқтисодий процессуал қонунларга мувофиқ судларнинг ваколатига кирмайдиган масалалар бўйича судга мурожаатлари “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган тартибда кўриб чиқилади. Қайд этилган Қонун 25-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ давлат органлари, бошқа ташкилотлар ёки уларнинг мансабдор шахсларига тааллуқли мурожаатлар судга келиб тушганда, улар беш кунлик муддатдан кечиктирмай тегишли органларга, бу ҳақда мурожаат этувчига ёзма ёхуд электрон шаклда хабар қилинган ҳолда юборилиши лозим.
Шу билан бирга, судларнинг эътибори мурожаатларни кўриб чиқиш учун асоссиз равишда бошқа давлат органларига юборишга йўл қўйилмаслигига қаратилмоқда.
Жисмоний ва юридик шахсларни суд орқали ҳимоя қилиш нафақат уларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини тиклаш воситаси, балки одил судловни амалга оширишда ҳам, умуман, фаолиятни ташкил этишда ҳам судлар фаолиятидаги камчиликларни аниқлаш ва бартараф этиш воситаси бўлганлиги сабабли, судларга жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини мунтазам равишда таҳлил қилиб бориш тавсия этилмоқда.
Бундан ташқари, мажлисда “Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг айрим қарорларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарор лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди.
Йиғилишда таъкидланганидек, ушбу Пленум қарорлари фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишга, қонун ҳужжатларининг суд амалиётида аниқ ва бир хилда татбиқ этилишига, ягона суд амалиётини шакллантиришга, янги қабул қилинган қонун ҳужжатларини амалиётда янада самарали қўлланилишига хизмат қилади.
Кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Мавзуга оид
19:20 / 21.10.2024
Тошкентда судялар учун Германия ва Словения ташкилотлари ҳамкорлигида семинар-тренинг бошланди
14:44 / 21.09.2024
Сенатда Олий суд раисига ўринбосарлар сайланди
21:57 / 23.07.2024
Олий суд фуқаронинг ижтимоий норма бўйича шикоятини қабул қилмади
22:11 / 19.07.2024