Олий таълим сифати кўп жиҳатдан таълим жараёнининг асосий иштирокчилари бўлган педагог ходимларнинг билими, илмий салоҳияти, касбий маҳоратига боғлиқ. Бу эса кўп жиҳатдан олий таълим муассасаларидаги педагог ходимлар бўш иш ўринлари оммага очиқ эълон қилинганига, ишга олиш жараёни қай даражада очиқ, шаффоф, холис ва соғлом рақобат асосида ташкил этилганига боғлиқ.

Шу ўринда саволлар туғилади: ҳозирда мамлакатимизда олий таълим соҳасида бўш иш ўринларига педагог ходимларни жалб қилиш амалиёти қай кўринишда? Бу борада қандай муаммолар мавжуд? Бу масалаларда илғор давлатлар тажрибаси қандай? Улардан нималарни ўрганишимиз мумкин? Ушбу қисқача таҳлил орқали олий таълим муассасаларидаги (ОТМ) бўш иш ўринларига педагог ходимларни жалб қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича фикр ва таклифлар билдирмоқчимиз. Аммо, аввало...

Муаммолар

Ҳозирда мамлакатимизда 110дан ортиқ олий таълим муассасалари фаолият юритмоқда. Шундан 90дан ортиғи маҳаллий олий таълим муассасалари бўлиб, бу кўрсаткич кундан кунга ўсмоқда. Баъзи маҳаллий олий таълим муассасаларидаги педагог ходимлар сони 100 нафардан камроқ бўлса, баъзи йирик олий таълим муассасаларида бу кўрсаткич 1000-1200 нафардан ошиқ. Ушбу олий таълим муассасаларининг ҳар бирида йил давомида тахминан 20дан – 200тагача бўш ўқитувчилик иш ўринлари очилади. Бу рақамлар оралиғидаги фарқ кўлами олий таълим муассасасининг иқтисодий ҳолати, ундаги талабалар сони ва унинг географик жойлашувига боғлиқ. Мамлакатдаги барча маҳаллий олий таълим муассасалари кўламида олганда бу ушбу таълим муассасалари томонидан ҳар йили тахминан 1800–5000 нафар педагог ходимлар ишга олинаётганини англатади.

Ушбу педагог ходимлар қай йўсинда ишга олиняпти? Номзодлар олий таълим муассасасида иш ўринлари очилгани тўғрисидаги маълумотни қаердан олишяпти? Олий таълим муассасасида иш ўрни очилгани тўғрисидаги маълумот керакли гуруҳга етиб боряптими?

Афсуски, ҳозирча бу саволлар очиқлигича қолмоқда. Эҳтимолий жавоблар эса одамни бироз хавотирга солади.

Ҳозирда педагог ходимларни ишга олиш Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 10 февралдаги 20-сонли қарори билан тасдиқланган «Олий таълим муассасаларига педагог ходимларни танлов асосида ишга қабул қилиш тартиби тўғрисида»ги Низом асосида амалга оширилиши лозим. Лекин кузатишларимиз кўп олий таълим муассасаларида ушбу низом талабларига етарлича амал қилинмаётганини кўрсатмоқда.   

Биргина мисол: ушбу низомда олий таълим муассасаларига педагог ходимларни танлов асосида ишга олиниши таъкидланган. Унда танлов ҳақидаги маълумотлар «вақтли матбуотда ёки бошқа оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан олий таълим муассасасининг кўп нашрли газетасида эълон қилиниши» таъкидланади. Лекин ҳозирда қанча университетларнинг ички газетаси мавжуд?