Ўзбекистон | 23:30 / 03.07.2020
41179
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда яна бир бемор вафот этди. Ўзбекистонда коронавирус қурбонлари сони 29тага етди

Тошкентда саратондан даволаниб келаётган 77 ёшли бемор аёл коронавируснинг навбатдаги қурбонига айланди. Ўзбекистонда кун давомида 2 нафар, эпидемия бошлангандан бери 29 нафар фуқаро Covid-19 асоратларидан вафот этди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирус инфекциясига чалинган ва саратор касаллигидан даволаниб келган бемор вафот этгани ҳақида хабар берди.

«Пойтахтимизда яшовчи 77 ёшли Н. Г. шу йилнинг 7 июнидан 16 июнгача Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида  юрак ишемик, гипертония, қон айланиш етишмовчилиги, ўнг сут бези саратони, икки томонлама бронхопневмония, ўпка шиши ташхиси билан даволанган.

Шу йилнинг 23 июнь куни унда коронавирус инфекцияси ҳам аниқланган ва ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган.

У охирги 10 йил давомида  юрак ишемик, гипертония ва онкологик хасталик каби  қатор ташхислар билан даволаниб келган.

Беморга (аёл) Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қатор йўналишлари бўйича бош мутахассислари ва Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази шифокорлари томонидан консилиумлар ўтказилиб, доимий назорати таъминланган.

Шу йилнинг 2 июль куни стандартлар асосида кўрсатилган реанимацион муолажаларга қарамасдан бемор ўткир юрак қон-томир ва ўпка етишмовчилигидан вафот этган», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Бугун коронавирусдан икки ўлим ҳолати қайд этилди. Кун давомида Тошкент шаҳрида коронавирусга чалиниб, 2 июль куни ўта оғир ҳолатда реанимация бўлимига ётқизилган 59 ёшли эркак оламдан ўтгани хабар қилинганди.

Июнь ойи охирида қаторасига уч кун давомида (28-29-30 июнь кунлари) иккитадан ўлим қайд этилганди.

Пандемия даврида Тошкентда 15, Наманганда 4, Самарқандда, Сурхондарё ва Жиззахда 2тадан, Фарғона, Бухоро ва Қашқадарёда биттадан ўлим рўй берганди. 

Мавзуга оид