Ўзбекистон | 21:55 / 04.07.2020
22999
5 дақиқада ўқилади

«24 уйнинг ҳамма ҳужжатларини маҳалла раиси қалбакилаштирган» – Олий суд раиси ўринбосари Бўстонлиқда бузилиши кутилаётган дала-ҳовлилар масаласига тўхталди

Олий суд раиси ўринбосари Холмўмин Ёдгоровнинг таъкидлашича, Чимён болалар сил касаллигига қарши курашиш даволаш маскани атрофидаги 24 уй ўзбошимчалик билан қурилган, уларнинг ҳужжатларини маҳалла раиси сохталаштирган. У бу ҳақда 2 июль куни журналистлар учун Бўстонлиқ туманига уюштирилган пресс-тур доирасидаги брифингда маълум қилди.

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

«Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган масалага тўхталмасак бўлмайди. Бўстонлиқнинг тепасида болалар сил касалликлари сиҳатгоҳи [Чимён болалар сил касаллигига қарши курашиш даволаш маскани] бор, бутун республикадан бемор болалар келиб шу ерда даволанади. Шу сиҳатгоҳга тегишли ер талон-торож қилинган. Кимдир уй қуриб олган, кимдир энди қуряпти.

Ана шу ерда бир қизнинг уйи бузилди. Ўзи сувнинг йўлига қуриб олган. Эртага кучлироқ ёғин бўлса, сел келиб ҳаммасини оқизиб кетади. У ижтимоий тармоққа чиқиб нима деди? Вой-дод, огоҳлантиришсиз уйимни бузяпти, мана буни қаранглар деган гапни гапирди.

Огоҳлантириш бир марта бўлган эмас. Икки ойдан бери: «Ҳов, барака топкур, қурмагин, тўхта, бу ноқонуний», деб огоҳлантирамиз. Ҳужжатим бор деб чиқди. Бугун [пресс-тур 2 июль куни ташкиллаштирилган] шу жойга борганларингизда ҳужжатини сўранглар.

Қўлидаги ҳужжат қанақа ҳужжат?! 2019 йилда 1998 йилдаги ҳужжатни қалбакилаштирган. Сабаби қайнотаси маҳалла раиси бўлган. Ўзининг вафот этиб кетган аёлига ҳужжат қилган, иккита фарзандига ҳужжат қилган-да, мана шуни кейин ер ажратиш тўғрисидаги туман ҳокимининг қарорини чиқартириб олган. Сўнгра давлат хизматлари марказига бориб мулкка нисбатан эгалик ҳуқуқини расмийлаштирган. Ҳаммаси қалбаки ҳужжатлар. Маҳалла раиси қолган уйларнинг ҳужжатларни ҳам қалбакилаштирган», дея Холмўмин Ёдгоровнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Олий суд раиси ўринбосарининг қайд этишича, Бўстонлиқда ўз уйида яшаб келаётган бирорта одамнинг уйи бузилмаган. Бутун республика бўйича бузилиши керак бўлган, ноқонуний қурилган уйларни бузишни карантин пайтида тўхтатиб қўйилган.

«Карантин даврида бирорта суд томонидан ноқонуний қурилган деб топилган бирорта уйни бузаётганимиз йўқ. Ижтимоий тармоқда чиққанлар нима деяпти: «Мана, уйимни бузяпти, мен қаерда яшайман». Иккинчиси айтяпти: «Бунинг чақалоғи бор». Бориб кўринглар, Бўстонлиққа дам олишга келган одамларни ижарага равишда қўйиш учун қурилган "дача" бу, одам доимий яшаётган жоймас. Улар эса уйим бузиляпти деб чиқаяпти. Ижтимоий тармоқда уларнинг чиқишини кўриб, ҳақиқатан ҳам уйи бузилибди деб ўйлаганлар ёзяпти: «Булар шунақа-да, камбағални қўймайди, уйини бузади». Аслида унақа эмас-ку.

Тўғри, уйлар қурилишига катта маблағ сарфланган. Аммо ноқонуний сарфлашган. Бу борада прокуратура органи ҳам маълумот беради. Бугунги кунда қонунбузарларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, айбдорлар эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.

24 та уйнинг ҳаммаси ноқонуний. Прокуратура томонидан судга даъво аризаси киритилгандан кейин битта уйнинг эгаси бола-чақаси билан келиб олди. Шу пайтгача буларнинг бирортасида одам яшамаган, ҳаммаси "дача" бўлган.

Чимён болалар сил касаллигига қарши курашиш даволаш маскани атрофидаги "дача"ларнинг ҳужжатларни кўтардик. Ер – сиҳатгоҳники. Шу ерни одамларга одамларга бўлиб-бўлиб сотиб юборишган. Бунинг учун жиноий жавобгарликка тортиш масаласи қўйилган», дейди у.

Ёдгоровнинг таъкидлашича, ижтимоий тармоқларда шов-шувларга сабаб бўлган 24 уй бўйича ҳали суднинг якуни қарори чиқмаган, шу сабабли уларнинг иморатларини бузиб ташлагани йўқ.

«Бу "дача"ларнинг эгалари алдов қурбони бўлган деб ўйлаяпсизларми? Улар алдангани йўқ. Билиб туриб қалбаки ҳужжат қилишган. Агар алданиб қолса экан бошқа гап. Агар ҳужжатлари қонуний бўлганида улар баҳоланиб, бозор баҳосида эгаларига компенсация бериларди. Дарахтигача пулини берамиз. Ер ҳам берилади. Ижарада яшаб турган даврига ижара пули ҳам тўланади. Ноқонуний қурилган уйларни нима учун баҳолатишимиз, компенсация беришимиз керак?

Ноқонуний равишда қурилган 24 "дача"нинг 6-7таси бўйича бугунги кунда қарор чиққан. Қолганларининг иши навбати билан энди судда кўрилади. Уларнинг орасида иморатларини ихтиёрий бузиб олганлар ҳам бор. Бу жойларнинг ҳаммаси Чимён болалар сил касаллигига қарши курашиш даволаш масканига қайтарилади», деб айтган Олий суд раиси ўринбосари.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, Kun.uz бунгача мазкур мавзуни ўрганган эди. Мухбиримиз Чимён болалар сил касаллигига қарши курашиш даволаш маскани ҳудудида ўзбошимчалик билан қурилгани айтилаётган 24та уй эгалари билан учрашди.

Фуқароларнинг айтишича, бузилиши режалаштирилган иморатлар жойлашган ер сиҳатгоҳга тегишли эмас. Буни ушбу муассаса директори Норинбой Ниёзметов ҳам тасдиқлади.

Шунга кўра, юқори турувчи идоралар мазкур ҳолат бўйича адолатли қарор қабул қилиши, чигал вазиятга қонунда белгиланган тартибда ечим топилиши, фуқароларнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқлари поймол этилишига йўл қўйилмаслиги керак, назаримизда.

Мавзуга оид