Электроника чиқиндилари ҳажми дунё аҳолиси сонидан уч баравар тез ўсмоқда
2019 йилда 53,6 млн тонна компьютер, ноутбук, электрон ўйин қурилмалари, мобиль телефонлар, телевизор, совиткич ва бошқа турдаги маиший электротехника чиқинди полигонларига келиб тушган. Бу кўрсаткич сўнгги 5 йилда 21 фоизга ошган.
Халқаро электроалоқа кенгаши дунёда электроника чиқиндилари ҳажмининг ўсиш кўрсаткичлари хусусидаги ҳисоботини эълон қилди. Унда 2030 йилга келиб электрон чиқиндилар ҳажми 74 млн тоннага етиши мумкинлиги прогноз қилинган.
Умуман олганда, маиший чиқиндиларда электрониканинг улуши энг кўп ҳисобланади. Чунки таъкидланишича, эски электроника техникасини таъмирлашдан кўра янгисини сотиб олиш арзонроқ тушади, деб ҳисобланмоқда.
«Сўнгги беш йилда электроника чиқиндилари ҳажми дунё аҳолиси сонига нисбатан уч баравар, жаҳон ялпи ички маҳсулоти ҳажмига қараганда эса 13 фоизга тезроқ ўсмоқда», – дейди Халқаро электроалоқа кенгаши вакили Дорин Богдан-Мартин.
Унинг таъкидлашича, электрон чиқиндилар уюмлари – тўртинчи саноат инқилобининг маҳсулидир.
Кенгаш экспертларининг таъкидлашича, электрон чиқиндилар атроф-муҳитга ва инсоният саломатлигига жиддий хавф туғдиради. Бундай чиқиндилар ўзида кўплаб токсик ва хавфли элементлар, хусусан, симобни сақлайди, улар эса инсон мияси ва координация тизими учун салбий таъсирга эга.
Бугунги кунда электроника чиқиндиларининг фақатгина 17,4 фоизи расмий тарзда, инсонлар учун хавфсиз бўлган шароитда қайта ишланади. Қолган қисми эса чиқинди полигонларига ташланади. Чиқиндига ташланган электроника қурилмалари таркибида олтин, кумуш, мис, платина сингари қимматбаҳо металлар ҳам сақланади. Чиқиндихонага равона бўлган бу қимматбаҳо металларнинг умумий қиймати 57 млрд долларга баҳоланади – бу кўплаб давлатларнинг йиллик ЯИМ ҳажмидан ҳам юқорироқ кўрсаткич.
«Дунёнинг кўплаб ҳудудларида жамланаётган электроника чиқиндилари ҳажми хавфсиз шароитларда утилизация қилинаётган чиқинди миқдоридан анча юқори. Қамров жиҳатдан ошиб бораётган бу муаммо ҳақида хабардорликни ошириш учун қўшимча ҳамкорлик саъй-ҳаракатлари талаб этилади», дейди БМТнинг илмий-тадқиқот ва ўқув институти ижрочи директори Нихил Сет.
2019 йилда электроника чиқиндиларнинг энг катта улуши Осиё (24,9 млн тонна) мамлакатлари ҳисобига тўғри келган бўлиб, бу кўрсаткич Шимолий ва Жанубий Америкада 13,1 млн тонна, Европада 12 млн тоннани ташкил этган.
Нисбатан камбағал бўлган Африка ва Океания давлатларида уларнинг улуши – 2,9 млн тонна ва 0,7 млн тоннага тенг келган.
Мавзуга оид
14:38 / 30.10.2024
Италияда фаррош аёл 50 минг евролик пул ва тақинчоқлар солинган эски тўшакни чиқиндига ташлаб юборди
11:46 / 30.10.2024
1 ноябрдан бошлаб чиқиндидан қарзи борларга электр учун тўлов қилиш чеклаб қўйиладими?
12:10 / 29.10.2024
Тошкент вилоятида фуқаро ўзи ташлаган чиқиндини ўзи тозалади
14:50 / 25.10.2024