Жаҳон | 22:31 / 05.07.2020
2845
2 дақиқада ўқилади

Лотин Америкасида пандемия бошидан бери илк сайловлар бўлиб ўтмоқда

Фото: iStock

Доминика республикаси Лотин Америкасида пандемия бошидан бери сайловлар ўтаётган илк давлат бўлди. 5 июлда бу давлатда ким президент бўлиши ҳал қилинади. Президент сайловлари дастлаб 17 майга белгиланган, бироқ марказий сайлов комиссияси қарорига кўра 5 июлга кўчирилган.

Бироқ бу сайловларни тинчроқ шароитларда ўтказишга ёрдам бермади. Бир кун аввал республикада коронавирусга чалиниш бўйича янги рекорд қайд қилинган бўлиб, сўнгги суткада касалланганлар сони 1036 нафарни ташкил қилган. Умумий ҳисобда эса мамлакат бўйича коронавирусга чалинганлар сони 36 мингдан ошиб кетган. Комиссия сайловларни кўчириш бўйича қарорни қабул қилганда касалланиш ҳолатлари анча камроқ бўлган. 

Ҳукуматнинг коронавирус билан боғлиқ вазиятни эплай олмаётгани ҳам сайловчилар кайфиятига таъъсир қилган. Сўровномаларнинг кўрсатишича, улар 6 йил аввал ташкил этилган “Замонавий инқилоб партияси” вакили Луис Абинадерни кўпроқ қўллаб-қувватлашмоқда. Абинадер яқинда коронавирусни бошдан кечиргани ҳам унинг аҳоли томонидан кўпроқ қўллаб-қувватланишига омил бўлган. Уни респондентларнинг 53 фоизи қўллаб-қувватлашга тайёрлик билдирган. 

Шунингдек, президент лавозимига Доминика озодлик партиясидан Гонсало Кастильо ва амалдаги президент Леонель Фернандес даъвогарлик қилмоқда. Таъкидлаш жоиз, сўровномага кўра, Кастильони респондентларнинг 35 фоизи, амалдаги президентни эса бор-йўғи 12 фоизи қўллаб-қувватлашини билдирган. Яна 3 номзод - Гильермо Морено, Хуан Коэн ва Исмаэль Рейес етакчилардан анча ортда қолмоқда.

Агар сайловлар натижалари сўровномаларники каби бўлса, янги президент биринчи босқичдаёқ сайланади.

Prensa Latina нашрининг таъкидлашича, сайловлар давомида шунингдек вице-президент, 32 сенатор  ва 190 депутат ҳам сайланади. Сайловларда иштирок этиш ҳуқуқига 7,5 млн киши эга. 

Мавзуга оид