Жамият | 09:30 / 06.07.2020
23017
7 дақиқада ўқилади

«Ҳатто электр токи ҳам йўқ» — Наманган шаҳридаги поликлиниканинг аянчли манзараси

Шикоят ортидан Наманган шаҳридаги қарийб 21 минг аҳолига хизмат кўрсатиши мўлжалланган 10-сон оилавий поликлиниканинг Машад филиалига бориб бу даражадаги аянчли ҳолатни кўрамиз, деб сира ўйламаган эдик...

Аҳоли мурожаат қилганидек муассасада сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун шароитнинг ўзи йўқ. Врачлар, тиббиёт жиҳозлари етишмайди. Йўлаклар, беморларни қабул қилиш, муолажа хоналаридаги ҳолат санитария талаблари даражасида эмас.

Биз Наманган шаҳри ва Уйчи туманининг 20 мингдан зиёд аҳолисига хизмат кўрсатувчи поликлиникадаги аҳволни суратга олиб, машадлик фуқаролар ва тиббиёт ходимлари билан учрашдик.

Мазкур уч қаватли бинодан узоқ йиллар Уйчи туман Машад ҳудудий шифохонаси сифатида фойдаланилган. Ҳозирда эса Наманган шаҳар 10-оилавий поликлиникасининг филиали сифатида Гузар, Обжувоз, Олтитош, Соҳил маҳаллаларига хизмат қилмоқда. Сабаби 2016 йили Наманган шаҳрининг кенгайиши ҳисобига Машад қишлоғининг тўртта маҳалласи шаҳарга қўшилади. Иккита маҳалла эса Уйчи туманида қолган. Бинонинг иккинчи қаватнинг ярмида Уйчи туманининг иккита маҳалласига тиббий ёрдам кўрсатувчи Қишлоқ оилавий поликлиникаси фаолият юритмоқда.

Бундан ташқари, бинода Республика тез тиббий ёрдам илмий марказининг шохобчаси ҳам жойлашган.

Аҳолига хизмат кўрсатаётган биринчи қаватда ҳолат ачинарли бўлса, бинонинг ярми ишлатилмай турган иккинчи ва учинчи қаватлари умуман хароба ҳолга келган. Хоналарда эски русумдаги тиббиёт анжомлари.

«Айни пайт ҳудудимиздаги поликлиниканинг аҳволи жуда ёмон. Врачлар, мутахассислар етишмайди. Битта акушер-гинеколог, учта умумий амалиёт шифокори бор холос. Кардиолог, стоматолог, травматолог, ЛОР, ички касалликлар шифокорлари керак.

Шифохонанинг санитария ҳолати ачинарли. Замонавий тиббиёт анжомлари йўқ. Бир пайтлар поликлиника жуда файзли эди. Туғруқхона ҳам фаолият юритган. Ҳозир энди машадликлар шаҳарга бориб даволанмоқда. «Тез ёрдам» бўлимининг врачларига ҳам шароит яратилмаган.

Қон босимим кўтарилиб тургани учун бу ерга кўп келаман. Ҳозир иккинчи, учинчи қаватлари тўкилиб ётибди. Врачлар, ҳамширалар, қоровуллар ўзлари ёнидан пул тўплаб биринчи қаватни таъмирлаб туришади. Қачонгача бу ҳолат давом этади? Неча йилдан бери маҳалла оқсоқоли: «Дастурга киритиляпти», дейди.

Капитал таъмирланишдан дарак йўқ. Тўғри, хусусий шифохоналар бор, лекин ундай жойга боришга ҳамманинг ҳам қурби етмайди. Биз кетмон чопадиган деҳқон одамлармиз. Пулимиз етмайди. Ўтган ҳафта ўғлим тиббий ёрдам сифатли бўлмагани учун вафот этди.

Аҳоли қийналиб кетди. Болали аёллар келиб, кечгача навбатда туради. Уйчи туман марказига борай деса 20 километр. Телевидениеда кўрсатаётган шифохоналарни томоша қилиб ҳавасимиз келади. Қачон раҳбарлар келиб, бизни ҳолатимизни ўрганади, шунга ҳайронмиз», – дейди Муҳаммадсоли ота Рустамов.

Маҳалла аҳли ёнларидаги поликлиникада шароит, мутахассислар йўқлиги сабаб, маблағ сарфлаб Наманган шаҳридаги муассасаларга бораётганини айтишди. Кундузги стационарда уч донагина кроват борлиги учун беморлар кун бўйи навбатда туришади.

Наманган шаҳар 10-оилавий поликлиникасининг филиали мудири вазифасини бажарувчи Фазлиддин Муҳиддинов билан ҳам суҳбатда бўлдик.

«Машад қишлоғи Наманган шаҳрига қўшилганидан кейин ҳудудий шифохона тугатилди. Бинони ушлаб туриш учун 10-сонли поликлиниканинг филиалига айландик. Аҳолига акушер-гинеколог, болалар шифокори, умумий амалиёт шифокори, лаборатория ишлаб туриши таъминланган.

Ҳақиқатда биноларимиз таъмирталаб. 2018 йили капитал таъмирлаш учун Дастурга киритилган эди. Лекин қолиб кетди. 2019 йили эса 4 миллиард 900 миллион сўмга лойиҳа ҳам қилинган эди. Яна иш юрмади. 2020 йилга таъмирлашни кутгандик. Билишимизча, бу йил ҳам Дастурга тушмабди.

Ҳақиқатда мутахассислар етишмайди. Чунки улар учун ставкалар белгиланмаган. Йилда бир-икки марта аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш учун шаҳардан мутахассислар келиб кўрувдан ўтказади. Тиббий жиҳозларимизга келсак, врачлар учун танометр, фонендоскоплар бор.

Лабораториямиз 30-40 фоизга жиҳозланган. Физиотерапия хонасидаги асбоблар ўша собиқ Иттифоқ пайтидаги эски ускуналар. Лекин уларни давлат стандартидан ўтказганмиз. ЭКГ бор. Бошқа техник ускуналар йўқ.

2-3-қаватларни кундузги стационарга айлантириш учун таъмирлаш зарур. Бу бўйича ҳам молия бошқармасига мурожаат қилганмиз», – дейди Фазлиддин Муҳиддинов.

«Поликлиникамизда электр ҳам йўқ»

Бинонинг иккинчи қаватида Уйчи туманнинг Машад ва Қувурбоши маҳаллаларининг 6,5 минг аҳолисига хизмат қилувчи 34-оилавий поликлиника филиали ишлаб турибди.

Бу ердаги аҳвол биринчи қаватдагидан ҳам аянчлироқ экан. Йўлаклар деворлари тўкилиб, хоналар таъмирталаб ҳолга келган.

Стол-стул ва бошқа анжомлар ҳам жуда эски. Тиббиёт учун керакли ва зарур сувни қўйинг, масканда электр токи ҳам йўқ. Шароит йўқлиги сабаб, санитария талабларига риоя этиш иложсиз.

Соат энди 11 бўлишига қарамай, филиалда бир нафар касалларни рўйхатга олувчи ҳамшира қолибди холос.

«Шароит йўқ. Шундай бўлса-да, ишлаяпмиз. Битта умумий амалиёт шифокори бор. Электр ҳам йўқ. Лабораторияга токни биринчи қаватдан сим орқали тортиб олиб фойдаланишга мажбурмиз.

Сувни эса пастдан ташиб чиқамиз. Икки кун ичида Қўғирбоши маҳалласидаги поликлиникага кўчишимизни айтишди», дейди ҳамшира Замирахон Солиева.

Биз орадан икки кун ўтиб ўша ердаги аҳоли вакиллари билан боғланганимизда филиал ҳали ҳам янги жойга кўчиб кетмаганини айтишди.

МФЙ оқсоқоли ўринбосари Самаджон Шокиров поликлиника биноси Дастурга тушса ҳам таъмирланмаётгани айтиб, бинони ноль қийматда бериш учун тадбиркор изланаётганини билдирди.

Шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармасида

 Наманган шаҳар Тиббиёт бирлашмасида бўлиб, мутасаддилардан муаммоли ҳолатга изоҳ беришларини сўрадик.

«Ҳукуматнинг тегишли қарорларига кўра, шаҳар, туман бирлашмалари тизимидаги даволаш-профилактик муассасаларининг қурилиши, таъмирланиши, реконструкция қилиниши, жиҳозланиши бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига берганмиз. Таклифларимиз тасдиқдан ўтиб чиққан. Манзилли дастурлар ҳам тузилган. Ишлар босқичма-босқич амалга оширилиб келинмоқда», – дейди бирлашма бошлиғи ўринбосари Орифхон Пошшоев.

Мутасадди бизга Машад поликлиникасининг 2016 йилдан бери ҳар йили таъмирлаш ва реконструкция қилиш режасига киритилаётгани ҳақидаги рўйхатларни кўрсатди.

Шу ерда бир савол туғилади: йиллар давомида қоғозга тушгани билан ҳеч қандай иш амалга оширилмаётганидан кейин Дастур, режа ва таклифлардан не фойда?

Наманган вилоят ҳокимлиги ва соҳа масъулларидан амалий ҳаракат ва жўяли жавоб кутиб қоламиз.

Элмурод Эрматов, Kun.uz мухбири.
Тасвирчи – Аҳрорбек Ёқубжонов.

Мавзуга оид