Жамият | 21:07 / 06.07.2020
18340
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳрида ўқувчиларни 1-синфга қабул қилиш бўйича электрон навбат тизими ишга туширилди – ХТВ

Халқ таълими вазирлигининг хабар беришича, пандемия туфайли ўқувчиларни 1-синфга қабул қилиш бўйича электрон навбат тизими ишлаб чиқилган. Фақат Тошкент шаҳрида синалаётган ушбу тизим орқали ҳозиргача 2386 та ариза қабул қилинган.

«Коронавирус пандемияси шароитида фарзандингизни мактабга қабул қилиш жараёнида дуч келадиган навбатда тўпланиб туриш ва ортиқча сарсонгарчиликларни бартараф этиш мақсадида 2020-2021 ўқув йилига қабул қилишнинг электрон навбат тизими яратилди.

1-синф қабулига навбатга туриш интернет тармоғидаги www.qabul.maktab.uz веб-портали орқали онлайн навбат асосида амалга оширилади.

Мазкур тартиб синов тариқасида дастлаб Тошкент шаҳрида амалга оширилмоқда. Синов натижаларига кўра кейинги ўқув йилларидан бошлаб республикамизнинг бошқа ҳудудларида жорий этилади», дейилади ХТВ Telegram’даги расмий каналида эълон қилинган хабарда.

Халқ таълими вазирининг матбуот котиби Лайло Рустамова Kun.uz мухбири билан суҳбатда ҳозирга қадар электрон навбат тизими орқали 2386 та ариза келиб тушганини маълум қилди.

Вазирлик томонидан онлайн навбатга ёзилиш тартиби батафсил кўрсатиб берилган суратли ва видео йўриқнома тайёрланган.

Аввалроқ пандемия шароитини инобатга олган ҳолда 1-синфга ўқувчиларнинг ҳужжатлари 6-31 июль кунлари бириктирилган микроҳудуд доирасида, 1-25 август кунлари мактабларнинг имкониятидан келиб чиқиб микроҳудуддан ташқарида қабул қилиниши маълум қилинган эди.

1-синфга қабул учун қуйидаги ҳужжатлар талаб этилади:

1.     Директор номига ариза;

2.     Боланинг туғилганлик ҳақида гувоҳнома нусхаси;

3.     Ота-онанинг паспорт нусхалари;

4.     Боланинг соғлиғи тўғрисида тиббий маълумотнома;

5.     Боланинг 3,5 х 4,5 см ҳажмдаги 4 дона рангли фотосурати;

Эслатиб ўтамиз, 2020-2021 ўқув йилида республика бўйича жами 650 116 нафар бола 1-синфга қабул қилиниши режалаштирилган.

Мавзуга оид