Ўзбекистонда шакар ишлаб чиқаришнинг бошланишига дахлдор инсонлардан бири нафақага чиқди
Яқинда «Хоразм-шакар» МЧЖ Бош директори Срожиддинов Фазлиддин Нуриддиновични корхона жамоаси ҳурмат-эҳтиром билан нафақага кузатишди.
Фазлиддин Срожиддинов 19 йилдан буён Ушбу корхонага Бош директор лавозимида ишлаб келаётган эди. 71 ёшини қаршилаган устоз бугун жонажон ишхонасини шогирдларига топшириб қарилик гаштини сурмоқчи.
Аслида 1992 йилдан буён стратегик озиқ-овқат ҳисобланган шакар мустақиллигига эришиш бўйича катта ҳаракатлар бошланган эди. Ф.Срожиддинов шундан буён Ўзбекистонда шакар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича олиб борилган ишлар бошида турган инсонлардан бири ҳисобланади.
1993 йил 3 ноябрь куни «Хоразм-шакар» заводининг биринчи пойдевори қўйилган эди. Ўша вақтларда «Ўзозиқовқатсаноат» концернида Раис ўринбосари лавозимида фаолият юритган Фазлиддин ака шакар заводининг қурилиши учун ўзининг бор имкониятларини ишга солган шахслардан бири ҳисобланади.
Фазлиддин ака каби фидойи инсонларнинг ҳаракати сабаб Ўзбекистонда илк бор шакар заводи қурилди. Шу йилдан бошлаб «Хоразм-шакар» заводида лавлагидан шакар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Шундан буён Ўзбекистонда шакар тақчиллигига барҳам берилди.
Ф.Срожиддинов 1949 йил Тошкент шаҳридаги Сағбон маҳалласида туғилган. У фаолиятини «Главташкентстрой» трестида қурувчи-уста лавозимидан бошлаган. Фазлиддин ака мустақиллик йилларигача қурилиш бўйича ишлаб оддий устачиликдан раҳбар лавозимигача бўлган йўлни босиб ўтди.
1991 йилдан бошлаб эса роппа-роса 10 йил «Озиқовқатсаноат» уюшмасида Раис муовини сифатида ишлаб келган. Шу давр мобайнида юртимиздаги шакар муаммосини бартараф этишга салмоқли ҳисса қўшиб келган. Ф.Срожиддинов ушбу хизматлари учун 2009 йил «Меҳнат шуҳрат» ордени билан ҳам тақдирланган.
2001 йилдан бошлаб эса «Хоразм-шакар» заводида Бош директор бўлиб ишлаб келаётган эди. Ушбу соҳада кўплаб шогирдлар тайёрлаб устоз мақомига эришди. Устоз инсон ҳаёти давомида бир бор бўлса ҳам эгалик қилишга ҳақли бўлган нафақа томон кўплаб шогирдлар қуршовида йўл олмоқда.
Корхона ҳам устознинг хизматларини муносиб тақдирлаган ҳолда кузатар экан, тажрибага бой устознинг маслаҳатларига муҳтож эканликларини ҳам яширишмади. Албатта, Ф.Срожиддиновнинг озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги 30 йиллик тажрибаси ёшларга ҳали жуда зарур бўлади. Шу боис корхона раҳбарияти устознинг тажрибаларидан унумли фойдаланиш мақсадида Фазлиддин Срожиддиновга «Хоразм-шакар» МЧЖда Бош директор маслаҳатчиси лавозими ҳам таклиф қилинди.
«Хоразм-шакар» МЧЖ матбуот хизмати
Мавзуга оид
15:55 / 05.11.2024
Ҳомиладорликда шакар истеъмоли камайтирилса, бола улғайганда қандли диабетга чалиниш хавфи пасаяди — тадқиқот
13:55 / 09.10.2024
Шакар қариш жараёнини тезлаштириши маълум бўлди
07:20 / 15.06.2024
Шакар нархи ошиши ҳақидаги хабарлар рад этилди
21:05 / 07.05.2024