Ўзбекистон | 22:13 / 08.07.2020
28914
2 дақиқада ўқилади

Президент вилоятлар ҳокимларига элга мурожаат билан чиқиш бўйича топшириқ берди

Ҳар бир соҳа бўйича мутасадди ташкилотларнинг биринчи раҳбарлари ОАВда чиқиш қилиши белгиланди.

Шавкат Мирзиёев 8 июль кунги видеоселектор йиғилиши аввалида мамлакатдаги эпидемиологик вазиятга тўхталиб ўтди.

«Яна бир марта огоҳлантирмоқчиманки, уйда даволаниб касалликни яшириш билан ўзларингга жуда катта хавф-хатар туғдиряпсизлар. Оиламизга, фарзандларимизга, ота-онамизга, нуронийларга хавф-хатар туғдиряпмиз. Биздаги охирги маълумотлар яққол шуни кўрсатиб турибди.

Шунинг учун ҳамма вилоятлар ҳокимлари мутасадди-мутахассислар билан бирга март ойида халқимизга қандай мурожаат қабул қилган бўлсаларинг, эрта-индин шундай мурожаат қабул қиласизлар.

Вилоят раҳбарлари, сизлар ўша ердаги элнинг бошисизлар. Элимизга алоҳида, ўз фарзандларингга, ўз оталарингга, ўз сингилларингга мурожаат қилгандай мурожаат қилиш керак. Ўзимиз ўз соғлиғимизни асрамасак, ўз фарзандимиз, ота-онамиз, қариндошларимизни ҳеч ким асраб бермайди. Ҳаммаси ўзимизга боғлиқ.

Очиқ гап, ҳаммамиз жиловни салгина қўйиб юбордик. Жуда катта чоралар кўрган эдик, Ўзбекистондаги тизимни дунё ҳамжамияти тан олган эди. Биз мажбурмиз бу чекловларни қилишга.

Огоҳ бўлиб, зийрак бўлиб, метин интизом билан албатта ғалаба қозонамиз. Лекин бирлашиб, ҳаммамиз бир бўлиб, тўғри тушунсак, натижа биз кутгандек бўлади.

Оммавий ахборот воситаларига яна бир марта миннатдорчилик билдирмоқчиман, улар халқимизга ҳамма мулоқотларни, мутасаддилар берган таклифларни халқимизга етказишяпти. Ҳар бир соҳа бўйича мутасадди ташкилотларнинг биринчи раҳбарлари оммавий ахборот воситалари билан учрашиб, халқимизга ҳар бир чекловни нима учун қилганмиз, бу чекловларни қандай қилиб бажаришимиз кераклигини тушунтиради.

Шу билан бирга, биз иқтисодиёт тармоқларини тўхтатмаймиз. Қандай оғир бўлмасин, биз биринчи кундан бошлаб бир неча марта бу масалага қайтаяпмиз. Мана шундай шароитда яшаш ва ишлашга ўрганишимиз шарт», – деди давлат раҳбари.

Мавзуга оид