Ўзбекистон | 23:06 / 09.07.2020
18745
2 дақиқада ўқилади

COVID-19'га тест топшириш учун борганларни қайтариш ҳолатлари учрамоқда. Вазир ўринбосари изоҳ берди

Ўзбекистонда ўзида коронавирус аломатларини сезиб, ихтиёрий равишда тест топшириш учун давлат муассасаларига мурожаат қилган фуқаролардан турли сабаблар билан тест олинмаётгани ҳолатлари учрамоқда. Буни Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова Kun.uz мухбири билан суҳбатда тасдиқлади.

«Яқиндан бери беморларни қайтариш ҳоллари бўлди. Чунки касаллар сони тўсатдан кўпайиб кетди», – деди вазир ўринбосари.

Боситхонова бундай ҳолат тест тизимлари сони етишмовчилиги билан боғлиқлиги ҳақидаги тахминни рад этди.

«Корхона ва ташкилотлар мутахассисларни чақириб, ходимлари учун тест ўтказяпти. Ташкилотларнинг ходимларидан тест олиш муддати тугаган бўлиши ҳам мумкин, улардан белгиланган вақтда тест олинади. Ҳозир хусусий лабораторияларга ҳам вирусга тест олиш учун рухсат берилган. Улар тест топширмоқчи бўлганларни кун-у тун қабул қилади.

Тест ўтказилгач дарҳол эмас, 3-4 кундан кейин жавоб бериш ҳолатлари ҳам учраяпти. Тестда навбат бўлиб қолиши мумкин. Чунки бундай ҳолат бизнинг тажрибамизда биринчи марта кузатиляпти. Касалланганлар ва улар билан мулоқотда бўлганлар сони бундай тез ўсиб кетади, деб ҳеч кутмагандик.

Тиббиёт тизими ва касалликнинг ривожланиши ўртасидаги номувофиқликлар чуқурлашиб кетмаслиги учун карантин эълон қилинди. Бу даврда кўпгина масалаларни изига тушириб олиш учун чораларни кўрамиз», – деди Боситхонова.

Эслатиб ўтамиз, сўнгги ҳафталарда эпидемиологик вазият кескин ёмонлашгани туфайли 10 июлдан 1 августгача қатъий карантин чекловлари ўрнатилди. Бу вақт давомида тўйлар ва бошқа оилавий маросимлар, оммавий тадбирлар тақиқланди, автотранспортлар ҳаракати чекланди, буюм бозорлари ва болалар боғчалари ёпилди, халқаро авиақатновлар икки баробарга қисқартирилиши белгиланди.

Мавзуга оид