Ўзбекистон | 17:31 / 09.07.2020
21056
3 дақиқада ўқилади

«Ниятимиз – мактаблар фаолиятини тиклаш. Лекин шунда ҳам телевидение орқали онлайн дарслар давом эттирилади» – Шерзод Шерматов

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов янги ўқув йилида мактабларда ўқиш тикланиши режалаштирилаётгани, лекин шунда ҳам телевидение орқали онлайн дарслар давом эттирилишини маълум қилди.

«Ижтимоий тармоқларда ҳам янги ўқув йилида ҳам дарслар онлайн бўлиши ҳақидаги фикрларни ўқидим. Аввало, яхши ният қилайлик, вирусдан қутулайлик худо хоҳласа.

Бизнинг ниятимиз офлайн таълим шаклини тиклаш, яъни болаларимиз мактабга қатнаб ўқишсин. Лекин параллел равишда Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида қарори тайёрланмоқда. Болалар ўзи мактабга қатнаган тақдирда ҳам телевидение орқали онлайн дарслар давом эттирилади. Нимага? Чунки республиканинг ҳамма жойида ҳам бир хил эмас. Айниқса, олис ҳудудларда зўр эмас. Шунинг учун телевидение орқали имкон борича энг яхши дарсларни қўйиб борадиган бўлсак, бу жойлардаги ўқувчиларимизга қўшимча ёрдам бўлади.

Ўзи Flipped Classroom деган тушунча бор. Бунда уй иши берилмайди, унинг ўрнига болалар уй иши сифатида кўпроқ видео кўришади. Бизда ҳам уйда телевидение орқали дарсларни кўришса, синфларда амалий машғулотлар билан шуғулланишади. Шу жараённи давом эттириш учун ҳам телевидение орқали берилаётган видеодарслар керак. Шу сабабли янги ўқув йилидан мактабларимиз очилсин деб яхши ният қилаверайлик», дея Шерзод Шерматовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Халқ таълими вазирининг қайд этишича, бошланғич синфларда онлайн шаклда таълим бериш юқори самара бермайди. Шу сабабли вазирлик янги ўқув йилидан мактабларда анъанавий таълим тиклаш ҳаракатида.

«Бошланғич таълимда онлайн таълим зўр натижа берганда ҳамма шу шаклга ўтиб кетган бўлишарди. Хусусан, интернет тезлиги яхши бўлган, ривожланган мамлакатларда ҳам мактаблар йўқ бўлиб, тўлиқ онлайн таълимга ўтиб кетилгани йўқ. Шунинг учун янги ўқув йилидан мактабларда анъанавий таълим тикланишидан умидвормиз.

Айни пайтда карантин чоралари кучайтирилаётганидан кўзланган мақсад ҳам коронавируснинг салбий оқибатларини камайтиришдан иборат. Худо хоҳласа сентябрдан бу борада енгиллик бўлади. Параллел равишда биз нима қиляпмиз. UNESCO, UNICEF, Жаҳон банки сингари халқаро ташкилотлар томонидан бутун дунёдаги вазият ўрганилаяпти. Яъни бу муаммо фақат бизга тегишли эмас.

Ўзбекистонда март ойида карантин жорий этилгач, таълим тизимида узилиш бўлмаслиги учун шошилинч тарзда онлайн таълим шаклида бўлса ҳам ўқишни давом эттирдик. Энди 1 сентябргача вақт бор. Кўп давлатларда ҳам кузда ўқиш бошланади. Тажриба ўрганиляпти.

Бу борада ҳар хил илмий ёндашувлар бор. Бу масалани вирусологларимиз яхшироқ билишади, албатта. Айрим мутахассислар айтишаяптики, қандайдир хавфсизлик чоралари таъминланса, мактабларни очиб юборса бўлади, бу эпидемиологик вазият оғирлашишига олиб келмайди. Бу қарашга қарши чиқаётганлар ҳам бор», дейди у.

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид