Ўзбекистон | 18:22 / 09.07.2020
14611
3 дақиқада ўқилади

«Онлайн дарсларда ота-оналарга тушадиган юк кўпайиб кетди» – Халқ таълими вазири

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов карантин даврида онлайн таълим бериш чоғида кузатилган муаммоларга тўхталди.

«Онлайн дарсларда ота-оналарга тушадиган юк кўпайиб кетди. Агар ота-она уйда ўтирган бўлса, ўзи ҳам масъулиятли бўлса, уларнинг болалари дарсларни яхши ўзлаштиришди. Энди ота-она уйда бўлмаган, карантин даврида ҳам ишда бўлган, бошқа пайтларда ҳам боласига унчалик эътибор қилолмаган бўлса, улар ҳақида бундай деб бўлмайди.

Жуда кўп ота-оналаримиз бор, фарзанди қайси мактабда ўқишини билмайди. Яна бир тоифада ота-оналар қизларининг таълим олишига бўлган муносабати билан фарқланади. Улар қизларни ўқишга рағбатлантириш ўрнига тезроқ турмушга бервориш пайида бўлишади.

Онлайн мактабнинг энг катта камчилиги шундаки, таълимга катта эътибор берадиган ота-оналарнинг фарзандлари билан «Мактабга бориб нима қиласан, ундан кўра бор, молга қара», дейдиган тоифадаги ота-оналарнинг болалари ўртасида билимларни ўзлаштириши бўйича тафовут катталашиб кетди. Агар таълим онлайн шаклда давом эттирадиган бўлса, ана шу тафовут ўсиб бораверади. Мактаб таълими давлат назоратида дейилишининг ҳам сабаби шундаки, болаларимизнинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлаб беришимиз керак» деб айтган Шерзод Шерматов 9 июль куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

Халқ таълими вазирининг «Онлайн мактаб» лойиҳаси ишга туширилган дастлабки кунларда телевидениеда техник қийинчиликлар кузатилгани, қолаверса, жойларда интернет тезлиги билан боғлиқ муаммолар учраганини таъкидлади. Шу билан бирга у ўзи рус тилини билмай туриб фарзандини русча таълим бериладиган синфларга ўқишга берган ота-оналар масофадан ўқиш пайтида ҳаммадан кўра кўпроқ қийналишганини маълум қилди.

«Тошкент шаҳрида ҳар йили битта муаммо кузатилади. Оила рус тилини умуман билмайди, уйда умуман рус тилида гаплашилмайди, лекин фарзандини мажбурлаб рус синфига ўқишга берган. Ана шунақа ота-оналар карантин даврида мактаблар ёпилгач жуда қийналишди.

Боласининг китоблари, дарсликлари русчада. Телевидениеда берилаётган дарслар ҳам русчада. Ота-она русчани тушунмайди. Ўз-ўзидан бу болада ҳам таълим сифати пасайиб кетади.

Шунинг учун фурсатдан фойдаланиб ота-оналардан фарзандларини ўзбек мактабларга беришларини илтимос қилардим. Мана, ҳозир 1-синфларга ўқувчилар қабул бўлаяпти», дейди у.

Аввалроқ Шерзод Шерматов янги ўқув йилида мактабларда ўқиш тикланишини режалаштирилаётгани, лекин шунда ҳам телевидение орқали онлайн дарслар давом эттирилишини маълум қилган эди.

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид