Ўзбекистон | 23:57 / 09.07.2020
6926
2 дақиқада ўқилади

Хоразмий мактаби Америка компанияси билан ҳамкорликни йўлга қўйди – АКТ вазирлиги

АКТ вазирлигининг хабар беришича, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб Американинг EPAM Systems компанияси билан ҳамкорликни йўлга қўйган.

«Ҳамкорлик доирасида халқаро компания мутахассисларининг тренингларни ташкил этиш, Ўзбекистондаги IT-соҳаси вакиллари орасидан юқори малакали ва етук мураббийлар – менторларни тайёрлаш кўзда тутилган. Тренингларда мактаб ўқитувчилари учун веб дастурлаш мавзусида маърузалар, амалий машғулотлар бўлиб ўтиши режалаштирилган», дея вазирнинг матбуот котиби Шерзод Аҳмадовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

1993 йили АҚШнинг Пенсильвания штатида асос солган EPAM Systems – бугунги кунда дастурий таъминот ишлаб чиқиш ва IT-соҳасида консалтинг хизматларини кўрсатиш бўйича жаҳондаги энг йирик корхоналаридан бири. Ҳозиргача компания 30 дан ортиқ мамлакатларда фаолият кўрсатмоқда. EPAM Systems МДҲ давлатларида ҳам ўз ваколатхоналарини очган (Россия, Беларус, Украина, Қозоғистон). Бундан ташқари, у Беларус Юқори технологиялар паркининг резиденти сифатида рўйхатдан ўтган.

EPAM Systems’нинг айланмаси 2019 йилда 2,29 млрд долларга етган. Компания ходимлари сони 36700 нафардан ошади.

Мавзуга оид