Жамият | 14:00 / 10.07.2020
24847
4 дақиқада ўқилади

«Вай-фай баҳона-ю, дўкон ғанимат» — Қаршида лойиҳасиз қурилган бекат бузилиши пайсалга солинмоқда

Қашқадарё вилояти маркази Қарши шаҳридаги Амир Темур кўчасида қурилаётган янги типдаги бекат юзасидан можаро ва тушунмовчилик келиб чиқмоқда. Kun.uz мухбирлари можарони воқеа жойига бориб ўрганишди.

«Нусрат бобо» савдо тижорат фирмаси эгаси Рўйиддин Иззатуллаев ва унинг оиласи шу кўчадаги икки қаватли дўконда кўп йиллардан бери савдо-сотиқ қилиб келишмоқда. Амир Темур кўчаси кенгайтирилиб, эски бекат ўрнидан янгиси уларнинг дўкони олдини тўсадиган қилиб лойиҳалаштирилган.

Ушбу ҳудудда Қарши шаҳар ҳокимининг 2020 йил 24 февралдаги қарори билан Яккабоғ туманида истиқомат қилувчи фуқаро Шайдулло Ғуломовга 48 квадрат метр ер майдонида енгил конструкциядан, сэндвич панеллар билан Wi-Fi ҳам тарқатувчи  савдо дўконига эга бекат қуришга рухсат берилган. Ҳайтовур, Қарши шаҳри ҳокими Яккабоғданлигининг бу масалага ҳеч қандай алоқаси йўқ, деб таъкидлашди.

Аммо Шайдулло Ғуломов бекатнинг қурилиш керак бўлган вазият режасини бузган ва бекатни мавжуд дўкон рўпарасига қурган. Шунингдек, у ҳоким қарорида белгиланганидек сэндвич панеллардан муваққат енгил конструкцияли иншоот эмас, блок ғиштлардан мустаҳкам бино барпо этган.

Рўйиддин Иззатуллаевнинг айтишича, қурилиш ишлари апрель ойи бошида Қарши шаҳрида барча қатъий карантин туфайли ишни йиғиштириб, уйга кириб кетган чоғда атайин амалга оширилган. Улар бу борада қатор идораларга мурожаат қилиб, муаммога ечим топа олишмаяпти.

Қолаверса, президент порталига ёзилган шикоят хатига жавобни «масъулларнинг ўзлари барчаси тўғри олиб борилмоқда» қабилида далолатнома тўлдириб, мурожаат эгаси имзолашдан бош тортди, деб жавоб хати йўллашган. Ҳолбуки Р.Иззатуллаев қандайдир далолатнома тўлдирилганини кўрмаганини айтиб турибди.

Бу борада шаҳар қурилиш бўлимида бўлганимизда, ҳоким қарорига бириктирилган, бекатнинг жойлашиш режасини кўрсатишди. Бироқ мурожаатчилар президент порталига мурожаат қилинганидан сўнг бу режа шошилинч тарзда ўзгартириб ясалганини таъкидлашди. Дастлабки режага кўра, бекат бино олдидан сал четроқда қурилиши керак бўлган.

Ҳозир бекат кўчирилса кўп қаватли уйга ўт ўчириш машиналари кириш йўлаги беркилиб қолиниши рўкач қилинмоқда. Бироқ, ўша ердаги эски омбор ҳам Рўйиддин акага тегишли бинонинг қисми ҳисобланади. Бу унинг кадастр ҳужжатларида ҳам акс этган. Бу омбор қисмини буздириш (ҳеч қандай компенсациясиз) учун шаҳар ҳокими қарори чиққан, бироқ қарор қонун ҳужжатларига зид тарзда қабул қилингани учун прокурор протести билан бекор қилинган. Яъни ўтиш йўлаги ўша омбор бузилиши ҳисобига эмас, ўша кўп қаватли уй лойиҳаланаётганида қолдириб кетилиши керак эди.

Боз устига, бекат қурилиши бирорта лойиҳа ҳужжатларсиз олиб борилган. На қурувчи ва на шаҳар қурилиш бўлимидагилар архитектура лойиҳалаштириш топшириғини топиб кўрсата олишди.

Қурилиш эгаси ҳам бу борада шаҳар қурилиш бўлими томонидан уч марта огоҳлантирилган, қурилиш эътирозга сабаб бўлаётгани учун бузилиб, ер майдони ҳокимлик захирасига қайтарилиши маълум қилинган.

Бироқ, шу кунгача қурувчи томонидан огоҳлантиришларга қулоқ солинмай келинмоқда.

Биз ҳодиса жойига шаҳар ҳокимлиги масъул ходимлари билан чиқдик. Шаҳар бош архитектори Жасур Чориев ҳам бекат нотўғри қурилганини таъкидлаб ўтди.

Ўша ерда дўконли бекатни бузиш, ўрнидан йўловчилар учун фақат транспорт кутиладиган кичикроқ, ихчам ва замонавий бекат қуриш таклиф қилинганида Рўйиддин Иззатуллаев бундай бекатни қуришни ўз зиммасига олишини билдириб ўтди.

Энг ҳайратланарлиси, бу — Қарши шаҳрида янги ҳоким қарори билан қурилаётган бекатлар борасидаги мурожаатлардан ҳали биттаси. Шаҳарнинг бошқа қисмларида ҳам қурилиш нормаларига риоя этмасдан, шаҳарсозлик меъёрлари оёғости қилиниб қурилаётган бекатлар бор экан. Қаршидан қайтганимиздан сўнг улардан ҳам таҳририятга мурожаатлар келиб тушди.

Қаршида нималар бўляпти ўзи? Қизиқ, вай-файли бекат баҳонасида Қаршида дўкон учун ер тарқатилмаяптимикан?

Шуҳрат Шокиржонов,
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид