Республика бўйлаб карантин эълон қилинганидан сўнг бироз муддат уйимда – Самарқанд вилояти, Қўшработ туманида бўлдим. Бир нечта қишлоқларда муҳтож аёллар билан гаплашдим. Уларнинг ўй-кечинмалари, ҳаётдаги мақсадлари, кўраётган қийинчиликлари ҳақида кўп маълумотга эга бўлдим ва хулосаларимни сиз билан ўртоқлашишга қарор қилдим. Ўтган сафарги мақоладан кейин қатор ижобий фикрлар олдик ва шундай тақдирларни яна олиб чиқишга қарор қилдик.

Гулсара Баҳромова Қўшработ туманидаги қишлоқлардан бирида истиқомат қилади. 3 ўғли, 1 нафар қизи бор. Турмуш ўртоғи вафот этганидан сўнг рўзғор ташвиши, фарзандлар тарбияси ёлғиз аёлнинг зиммасида қолиб кетди. Келинг, унинг ҳикоясига қулоқ тутамиз.
«Қора меҳнат билан бола боқдим»
«Турмуш ўртоғидан айрилиш оғриғини фақат шу ҳолатга тушганларгина англаб етолади. Ўша пайти нималарни ҳис қилганимни айтиб берганим билан буни тўлиқ ҳис қилолмайсиз. 12 йилдан бери юрак тубидаги оғир юк билан яшаб юрибман. Жудоликдан кейин болаларимни қандай катта қилиб оламан, деган ўй хаёлимни бутунлай банд қилиб қўйди. Нафақа олардим ва табиийки 4 фарзандимга бу етмасди. Улар улғайгунича одамларнинг даласида ишладим, хашак, буғдой, нўхат, беда ўриб берардим. Қора меҳнатда қийналиб бўлса-да, ўз кучим билан болаларимни оёққа турғизишга ҳаракат қилдим. Атрофдагилардан ёрдам кутмасликка уриндим. Яқинларимнинг ҳам ўз ташвиши бор, юк бўлишни истамасдим. Ҳозир 3 ўғлимнинг қўлидан иш келадиган бўлган. Менга ишламанг, ўзимиз пул топиб келамиз, дейишади».
«Қўшнилар навбати билан овқат чиқаришарди...»
«Умрим шу қишлоқда ўтяпти. Ўтган давр билан ҳозиргисини солиштираман. Айниқса, ҳозиргидек қийин вазиятларда одамларнинг бир-бирига бўлган муносабатини солиштириб хулоса чиқариб олсангиз бўлади. Қишлоқ одамлари олдингиларига қараганда анча меҳрсиз бўлиб қолишган. Қизлик давримни эслайман: қўни-қўшничилик оқибатлари кучли эди. Уйда бирон тансиқ таом қилинса, қўшнига улашардик. Бетоб бўлганда, хабар олардик. Онам жигар циррози, отам эса саратон билан касалланиб вафот этишди. Касал бўлган вақтларида қўшнилар навбатма-навбат ҳар куни иссиқ овқат чиқариб туришарди. Ҳозир ўша пайтларни гапириб берсам, ҳайрон қолишади. Биз учун булар табиий ҳодиса эди. Болалигимиздан қўни-қўшничилик оқибати кучли бўлиши кераклиги уқтиришган. Ҳозир пул топиш дардида бўлиб, яқинлар ҳолидан хабар олмай қўйгандирмиз. Телефон орқали ҳам ҳол-аҳвол сўраб қўяверадиган бўлганмиз».
















