Жамият | 22:16 / 12.07.2020
9602
3 дақиқада ўқилади

ОТМга қабулда сўхлик ёшлар учун ажратилган 500та ўрин қандай тақсимланади?

Таҳририятимизга Фарғона вилояти Сўх туманида яшовчи абитуриентдан мурожаат келиб тушди.

«Ассалому алайкум. Президент қарори билан бу йил Фарғона вилояти Сўх тумани ёшларига ОТМга кириш учун 500та ўрин ажратилди. Шу қарор ижроси бўйича маълумот олишда ёрдам берсангиз. Ўринлар қайси тартибда ажратилади ва қайси йўналишлар учун амал қилади? Ўзи умуман, бу ўринлар ростан бериладими?

Жавоб учун олдиндан раҳмат», деб ёзади Саҳобиддин исмли муштарий.

Биз мурожаат бўйича Давлат тест маркази бош бошқарма бошлиғи Барно Ражабов билан боғландик. У масалага қуйидагича изоҳ берди.

Бу – президентимиз тасдиқлаб берган ўрин ва у ўзгармайди.

Бу жараённинг тартиби шундай бўладики, ўқишга кириш учун 3 минг сўхлик ҳужжат топшириши ҳам мумкин, балки 10 минг сўхлик ўқишга кириш истагини билдиради ва рўйхатдан ўтади. 

Фарғона вилояти ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда мазкур қабул параметрларини эҳтиёжга мувофиқ олий таълим муассасалари кесимида тақсимлаш бўйича асосланган таклифларни ишлаб чикишмоқда. Бу таклифлар Давлат комиссияси томонидан тасдикланади.

Давлат комиссияси натижаларга қараб энг юқори балл олган 500 нафар абитуриентни танлаб, ўқишга тавсия этади.

Ҳаммаси белгиланган квота қоидалари бўйича амалга оширилади. Бу ҳолат сухликларни тавсияномаси бор абитуриент ситфатида деб тушуниш мумкин, улар ўқишга биринчи навбатда Президентимиз тасдиқлаб берган 500 та ўринга давлат гранти бўйича ўқишга тавсия этилади. Қолган сўхликлар олган балларига мувофиқ рўйхатдан ўтиш жараёнида танлаган 5 та таълим йўналиши бўйича умумий тартибда танловларда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлади.

Менимча, кўпчилик сўхлик ёшлар тожик тилли ўқишларга топшириши ҳам мумкин. Чунки улар тожик тилида ўқиган.

Олдинги йилларда ўқитиш тожик тилида олиб бориладиган таълим йўналишига кирувчи абитуриентлар учун кириш имтиҳонлари ОТМларида анъанавий имтиҳон (касбий (ижодий) имтиҳон) сифатида ўтказилган.

Ўқитиш тожик тилида олиб бориладиган таълим йўналишига кирувчи абитуриентлар учун бу йил кириш имтиҳонлари тест синови орқали амалга оширилади.

Илёс Сафаров
Тайёрлаган Илёс Сафаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид