Жамият | 22:02 / 13.07.2020
15457
4 дақиқада ўқилади

Пандемия шароитида дорихона ходимлари қандай қоидаларга риоя қилишлари шарт?

Янги таҳрирдаги вақтинчалик санитария қоида ва меъёрларида COVID-19 пандемияси шароитида дорихоналарнинг фаолиятини қандай ташкил этиш, шунингдек, дорихоналарда ишловчи ходимлар амал қилиши керак бўлган қоидалар белгилаб берилди.

Унга кўра дорихоналар ходимлари қуйидаги қоидаларга риоя қилишлари шарт:

– иш бошлашдан олдин уй кийими ва пойафзалларни алмаштириш;

– иш бошлашдан олдин, санитария кийимларини (халат, қалпоқ) ва оёқ кийимларини кийиш, қўлни ювиш (камида 20 сония) ва қўлларни дезинфекция қилиш, шахсий ҳимоя воситаларини кийиш;

– ҳожатхонага боришдан олдин, халатни ечиб, ташриф буюргандан сўнг қўлни яхшилаб ювиш ва дезинфекция қилиш;

– санитария кийимлари ва пойафзалларда дорихонадан ташқарига чиқмаслик;

– дорихона ходимлари юзларига ниқоб (респиратор) ва қўлларига латекс қўлқоп кийишлари керак.

Шу билан бирга, янги таҳрирдаги вақтинчалик санитария қоида ва меъёрларида дорихона ва дорихона омборларининг хоналари тоза сақланиши кераклиги, вақти-вақти билан (кунига камида бир марта) рухсат этилган ювиш ва дезинфекциялаш воситаларидан фойдаланган ҳолда намли тозалов ўтказиш шарт экани, хизмат кўрсатиш зонасидаги дорихона ходимларининг иш жойлари ишчиларни тўғридан-тўғри ҳаво-томчи инфекцияларидан ҳимоя қиладиган қурилмалар билан жиҳозланган бўлиши зарурлиги кўрсатиб ўтилган.

Дорихонага киришда, ҳожатхонанинг киришида, дезинфекция эритма билан намланган каучук тўшамалар бўлиши керак.

Ёрдамчи ходимлар хонасида қўлларини ювиш учун ва ҳожатхонада умивальниклар (ювиш идишлари) ўрнатилиши керак, улар тирсакли (ёки сенсорли) кранлар билан жиҳозланган бўлиши керак. Умивальник ёнида дезинфекциялаш воситалари, электр қуруқ хаво ускунаси ўрнатилган бўлиши лозим. Дори-дармонларни қадоқлаш билан шуғулланмайдиган шахсларга ишлаб чиқариш корхоналарида умивальниклардан фойдаланиш тақиқланади.

Профилактик дезинфекциялаш учун дорихона (шохобчалар) кўчма кварц лампаси билан жиҳозланган бўлиши керак.

Дорихонада ишлаб чиқариш хоналарида овқатланиш тақиқланади. Ишлаб чиқариш ходимларига шахсий буюмларни иш жойларида ва халат чўнтагида сақлашга рухсат берилмайди, тоза рўмолча бундан мустасно.

Дори моддаларни ишлаб чиқариш, назорат қилиш, қадоқлаш билан шуғулланадиган шахслар тирноқларини қисқа олишлари, лак билан бўямасликлари ва бармоқларига узуклар тақмасликлари керак.

Санитария кийимлари ва санитария пойафзаллари дорихона ходимларига амалдаги меъёрларга мувофиқ берилади. Санитария кийимларини алмаштириш ҳафтасига камида 2 марта, керак бўлса, навбатдан ташқари амалга оширилиши керак. Бунинг учун ҳар бир дорихона ходимига камида икки тўплам иш кийимлари берилиши керак.

Дори-дармонларни ишлаб чиқариш ва қадоқлаш билан шуғулланадиган ишчилар, смена бошланишидан олдин шахсий фойдаланиш учун тоза сочиқлар билан таъминланиши керак.

Эслатиб ўтамиз, ушбу вақтинчалик санитария қоида ва меъёрлари COVID-19 инфекцияси тарқалиши бўйича эпидемиологик вазиятни кескинлашуви даврида ишчи ва ходимларни саломатлигини ҳимоя қилиш учун мақбул меҳнат шароитини ва меҳнат жараёнини ташкил этиш билан атроф муҳитни ҳамда меҳнатни муҳофаза қилишга қаратилган профилактик тадбирларини амалга ошириш мақсадида ишлаб чиқилган.

Улар давлат идоралари ва ташкилий – ҳуқуқий, мулкчилик шаклидан ва идоравий бўйсунувидан қатъий назар бошқа ташкилотларга қўйиладиган гигиеник талабларни белгилайди, Ушбу санитария қоидалари юридик шахс ташкил этмасдан фаолият юритувчи якка тартибдаги тадбиркорларга хам тааллуқли бўлиб, барча ташкилотлар томонидан бажарилиши мажбурийдир. Ташкилот раҳбари санитария қоидаларига риоя этиш бўйича шахсан жавобгар ҳисобланади.

Санитария қоидаларини бузганлик Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган тартибда интизомий, маъмурий ва жиноий жавобгарликни келтириб чиқаради.

Мавзуга оид