Жамият | 12:52 / 13.07.2020
30536
12 дақиқада ўқилади

Хотин-қизлар учун грантлар. Қай бирига эшик: имкониятларми ё коррупция?

Шу йилдан бошлаб олий таълим муассасаларига хотин-қизларни қўшимча давлат гранти асосида қабул қилиш тартиби жорий этилди. Бу борадаги давлат грантини тақдим этиш механизми эса жамоатчилик орасида турли фикр ва мулоҳазаларга сабаб бўлмоқда.

Хотин-қизларнинг ОТМларга киришлари учун имтиёзли 4 фоизлик давлат гранти ажратилиши қувончли хабар бўлди. Бу йил ушбу 4 фоизлик квота – 940та имтиёзли грант демакдир.

Давлат дастури ижроси доирасида «Олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида хотин-қизларга танловда иштирок этиш учун тавсиянома бериш ва уларни ўқишга қабул қилишни ташкил этиш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланди.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигига ҳудудлар кесимида ишчи гуруҳ тузиб, грантларга муносиб номзодларни саралаб олиш ваколати берилди.

Хотин-қизлар таълимига аҳамият берилиши яхши. Аммо грантларга муносиб номзодларни саралаб олиш тизими қанчалик оқилона ишлаб чиқилган? Саралаш босқичлари шаффофлиги қай тарзда таъминланади? Саволлар кўп. Бу борада жамоатчилик вакиллари ва тегишли ташкилот масъуллари ўз фикрларини билдиришди.

«Тавсиянома тартибини кўриб, турли эшиклар олдида сарғайиб турган аёллар кўз олдимга келди»

Ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Худойбердиев Telegram`даги каналида масалага қуйидагича муносабат билдирди:

«Аксарият инсонлар хотин-қизларга бериладиган грантлар тартибидан норози. Уларнинг шикоятида эса жон бор. Сабаби хотин-қизларга тавсиянома бериш тартибини кўриб, кўз олдимга ҳеч кимга керак бўлмайдиган бир дунё қоғоз, тонналаб маълумотномалар, турли эшиклар тагида сарғайиб турган аёллар келди. Тартиб бўйича бир қанча саволларим бор.

Биринчидан, ҳужжатлар 10 июлгача қабул қилинади, дейилган. Лекин номзодларнинг ҳужжатларини туманлар 8 июлгача вилоятга, вилоятлар эса 10 июлгача вазирликка бериши керак экан. Ия, унақада 8-9-10 июль кунлари туманга ҳужжат топширган хотин-қизлар тақдири нима бўлади? Нега муддатларда бунақа бетартибликка йўл қўйилган?

Иккинчидан, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлардан маълумотнома, объективка нега керак? Нима, улар бирор давлат ташкилотига ишга кираётганмидики (қонун бўйича аслида ишга киришда ҳам объективка сўраш мумкин эмас), объективка сўраляпти? Чекка қишлоқдаги содда опа-сингилларимиз объективкани, уни тўлдириш тартибини қаёқдан билсин? Ва уни тўлдириш учун шароит (компьютер, принтер, электр) бор дейсизми? Хўп, имкон бор ҳам дейлик, ўзи бунақа ортиқча ҳужжатдан кимга нима фойда?

Учинчидан, нима учун хотин-қизлардан мактаб, лицей ёки коллеждан маълумотнома талаб қилиняпти? Дипломини кўрсатса ёки нусха берса етмайдими? Мактаб ёки коллежни 10-15 йиллар олдин тугатган опаларимиз ҳам тавсиянома оламан деса, энди архивма-архив сарсон бўлиши керакми? Ёки яқиндагина коллежни тугатган бўлса-ю, лекин у коллеж ёпилиб кетган бўлса-чи, унда нима қилади? Ахир юртимиз бўйлаб озмунча коллежлар ёпилмадими?

Ёки энг асосийси, ҳозир ёз ойи бўлса, ҳамма таътилга чиқиб кетган, маълумотнома олиш учун мактаб ёки коллеж маъмуриятини қаердан топиб келишади? У маълумотнома мазмуни қандай бўлади? Нега бу ҳақда бирор жойда батафсил маълумот эълон қилинмади?

Тўртинчидан, ҳозир карантин даври. Бундан ташқари, қоғоз коронавирус инфекциясини ташувчи энг катта воситалардан бири экани айтилаётган бир пайтда, нима учун бир дунё кераксиз ҳужжатлар талаб қилиняпти? Ахир бу саломатлик учун ҳам хавфли-ку.

Нега танлов сифатида имконияти борларга онлайн ариза бериш усули яратилмади? Бунинг учун юз миллионлаб маблағ сарфлаб, янги сайт қилиш шартмас, оддий Google Forms орқали ҳам масалани текин ҳал қилса бўлади. Фақат бунинг учун озгина замонавий фикрлаш керак, СССРдан қолиб кетган объективка-ю, бюрократияни бир дақиқа унутиб туриш лозим.

Хуллас, саволлар бисёр. Жавоб эса ҳозирча йўқ. Мен ҳали бу тизимнинг коррупцион жиҳатлари ҳақида лом-мим демаяпман. Тавсиянома бериш учун бирорта асос йўқ бўлган минглаб шахслар ҳам тавсиянома олиши эҳтимоли катта. Майли, бунга барибир чек қўя олмайди, бу – жамиятимизнинг қон-қонига сингиб кетган «қадрият». Лекин ҳеч бўлмаса тавсиянома бериш тартибини сал тартибга келтиришса яхши бўларди».

Шунингдек, Хушнудбек Худойбердиев тавсиянома беришда маҳалла раислари билан боғлиқ муаммолар келиб чиқишини таъкидлаб ўтган.

«Бериладиган имтиёзлар туфайли одамлар қонунларни «айланиб» ўтишяпти»

Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани молия бўлими Мақсадли давлат дастурларини мониторинг қилиш бўйича мудир ўринбосари – шўъба мудири, ишчи гуруҳ аъзоси Хушбахт Ҳамроқулов:

«Умуман олганда, имтиёзларни бекор қилиш тарафдориман. Шу имтиёз туфайли одамлар қонунларни четлаб, «айланиб» ўтади, чунки алоҳида имтиёзлилар бошқалар билан баравар рақобат қилишмайди. Натижада, жамиятда ишончсизлик ортиб бораверади. Бу алоҳида мавзу.

Энди хотин-қизларга ажратиладиган 940та грант ҳақида гаплашсак. Биринчидан, низомга кўра, хотин-қизларни саралаб олишда энг биринчи тоифа кам таъминланган оиладан чиққан хотин-қизлардир. Бизга ижтимоий ҳимояга муҳтож аёллар ҳам ҳужжатини олиб келяпти. Уларга «кам таъминланган оила» ва «ижтимоий ҳимояга муҳтож аёл»ни икки хил тушунча эканини тушунтиряпман. Кам таъминланган оила нафақа олади. Ижтимоий ҳимояга муҳтож оила эса маҳаллада рўйхатда туради.

Номзодлар маҳалладан ижтимоий ҳимояга муҳтож деган ҳужжат олиб келишяпти. Аслида, улар 2 хил тушунча. Ҳуқушунос бўлганим учун иккаласини фарқига бораман ва шунақа ҳужжат олиб келганларни қайтариб юборяпман. Лекин бошқа ҳудудларда-чи? Иккала тушунча аралашиб кетмаслигига ким кафолат беради? Демак, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар ҳам маҳалласидан ҳужжат олиши эҳтимоли жуда юқори.

Иккинчидан, тўлиқсиз оилада тарбияланаётган қизлар, яъни отаси ёки онаси вафот этган қизлар тоифаси жуда чалкаш. Мурожаат қилаётган баъзи қизларнинг ота-онаси ажрашган, анча йиллардан бери алимент тўламайди. Бошқача олиб қараганда, уларнинг оиласи ҳам тўлиқ эмас. Биз уларнинг ҳам аризасини қайтариб юборяпмиз. Чунки уларнинг ота-онаси вафот этмаган. Норматив ҳужжатда ушбу тоифага янада аниқлик киритиш керак, деб ўйлайман.

Учинчидан, шахсий уй-жойи йўқ, ижарада яшаётган оилалар қизлари тоифасига тўхталсак. Туманимизда ўзига тўқ оилалар бор. Улар Тошкентда уй сотиб ололмайди, шунинг учун қизлари ижарада яшайди. Ўша қизларнинг ўз номида уй йўқ. Бизга ижара шартномасини олиб келишяпти. Уларни қабул қилишга мажбурмиз. Ваҳоланки, бундай оилалар қизларини ўқитишга шароити етарли.

Тўртинчидан, ота-оналардан бири ёки ҳар иккиси ишсиз бўлган ва иш қидирувчи сифатида аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказида ҳисобда турганлар тоифасида эса, карантин даврида кўпчилик ишидан айрилган, лекин амалда тадбиркорлик билан шуғулланади ва иқтисодий жиҳатдан имкониятлари кенг. Лекин, айрим шу каби оила фарзандлари ота-онам ҳеч қаерда ишламайди, деяпти. Уларга ота-онангиздан бири ёки иккиси бандликка кўмаклашиш марказларида (БКМ) ишсиз ёки иш қидираётган, деб рўйхатда турган бўлиши керак, десак, ўша куннинг ўзида БКМдан шунақа ҳужжат олиб келиб бермоқда. Бундай оилалар шароитини билсак-да, низом талабидан ташқарига чиқолмай, ҳужжатларни қабул қилишга мажбур бўляпмиз.

Ҳужжатлар орасида ўқиш жойидан маълумотнома ҳам сўралган. Бу йил ушбу талаб истисно тариқасида бекор қилинди. Кейинги йилдан бошлаб номзод маълумотнома тақдим этиши керак. Масалан, Сурхондарё вилоятида яшайдиган қиз Тошкентдаги коллеж/лицейда ўқиган. У ўқиш жойидан маълумотнома олиб келиш учун шунча масофа юриб, вақтини, пулини сарфлаши қанчалик тўғри?»

Вазирлик: «Тавсиянома бериш тартибини ишлаб чиқиш учун қисқа муддат берилганини ҳисобга олиш керак»

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги масъул ходими хотин-қизларга ажратиладиган грантлар бўйича айрим муҳим саволларга жавоб берди.

Ўқиш жойидан маълумотнома. Қарорда белгиланган тартибга кўра,  кейинги йиллардан умумий ўрта таълим мактабининг 11-синфлари ҳамда академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг битирувчи босқичда таҳсил олаётган қизларга нисбатан амалиётга татбиқ этилади. Аввалги йиллари ўқишни тамомлаган талабгор хотин-қизлар мактаб, коллеж ёки лицейни тугатганлик тўғрисидаги ҳужжат нусхасини топширадилар. Қарордаги ушбу тартибга аниқлик (ўзгартириш) киритиш бўйича вазирлик ўз таклифини беради.

Бу йил грант учун тавсияномалар қабул қилиш битирувчиларнинг таълим муассасаларини тамомлаганидан сўнг бошланганини, демак, ҳамманинг қўлида таълимни тугатганлик тўғрисидаги ҳужжат борлиги учун қўлида таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжат бор талабгор қизлар мактаб, коллеж ёки лицейни тугатганлик тўғрисидаги ҳужжат нусхасини топшириши кифоя.

Талаб этиладиган ҳужжатларни оптималлаштириш. Жорий йилда ҳужжатларни қабул қилишда вақт қисқалиги сабабли карантин қоидаларига риоя этган ҳолда анъанавий усулдан фойдаланилмоқда. Вазирлик кейинги йиллардан ҳужжатлар сонини оптималлаштириш ва бу жараёнларни онлайн форматга ўтказиш бўйича тегишли чоралар кўради. Албатта, тавсиянома бериш тизими янги ва жорий йил жуда қисқа муддатда амалиётга татбиқ этилаётгани, жараён оператив ишлар ташкил қилинганини ҳам ҳисобга олиш керак бўлади.

Ишчи гуруҳ вазифаси. Ишчи гуруҳлар талабгорлар бўйича асослантирилган хулосалар тайёрлашда, якуний хулосалар асосида тавсиянома олишга лойиқ, деб топилган хотин-қизларнинг рўйхатини шакллантириш, баённомаларни расмийлаштириш билан шуғулланишади. Шу билан бирга, талабгорларнинг ҳужжатлари жорий йилнинг 10 июль кунида ҳам қабул қилинади. Ишчи гуруҳи Низом талаблари, яъни белгиланган мезонлар асосида талабгорлар ҳужжатларини қабул қилиш, тавсияномани бериш бўйича тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш ва тавсияномани етказиб бериш учун масъул ҳисобланади.

Олис ҳудуддаги хотин-қизларга грант ҳақида хабар қилиш. Ҳар бир маҳаллада фуқаролар ўртасида Telegram-гуруҳлар ташкил этилган ва янгиликлар, ахборотлар. маълумотларни етказиш ҳамда аҳолининг мурожаатларини эшитиш шу тизимда йўлга қўйилган. Шу билан бирга, фуқаролар йиғинларида фуқаролар ҳақида маълумотлар базаси бор. Фуқаролар йиғинлари раисларининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосарлари ҳамда оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича мутахассислари томонидан хотин-қизларга яратилаётган имтиёзлар ҳақида фуқаролар бохабар қилиб борилади. Ҳудудий бўлинмаларда янги тартиб ҳақида тушунча бериш учун семинар ташкил этилган, семинарларга фуқаролар йиғинлари раислари ҳам таклиф этилган.

Хулоса

Кўриниб турибдики, тизимда бюрократия даражаси юқори. Бундан ташқари, номзодларни саралаб олиш бўйича ўрнатилган тартибда коррупция учун ўз тирқишлар қолдириб кетилгани ҳам сир эмас. Масалан, низомда ишчи гуруҳ аъзолари жамоатчилик асосида ишлайди, дейилган. Ўзининг асосий меҳнат вазифаларидан ташқари моддий рағбат олмаган ҳолда масъулиятли ва «таклиф»лар бўлиши эҳтимоли юқори бўлган ишчи гуруҳининг ҳамма аъзолари ҳам ҳар қандай қинғир таклифларни рад эта оладиган даражада қатъиятли бўла оладими?

ОТМларга киришда ўндан ортиқ турдаги имтиёзлар бор. Уларнинг аксарияти баҳсли, тестда нотенгликни келтириб чиқариши шубҳасиз. Аммо назаримизда, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларга ажратилган грантлар борасида бундай деб бўлмайди. Бу орқали жамиятимизнинг чуқур илдизларга эга муаммоси – аёллар малакаси ва бандлиги, шу омил ортидан келиб чиқувчи бошқа ижтимоий оғриқларга оз бўлса-да малҳам бўлиш мумкин.

Аммо кўзланган мақсадга эришиш учун танланган йўлни энг тўғриси деб бўлмайди. Бюрократия ва коррупцияга йўл очиб қўйиб, кутилган натижани олишимиз даргумон.

Муҳаббат Маъмирова

Мавзуга оид