Ўзбекистон | 19:39 / 14.07.2020
4340
3 дақиқада ўқилади

Сув хўжалигини ривожлантиришнинг 10 йиллик концепцияси тасдиқланди

Президент фармони билан, Сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепцияси тасдиқланди.

Концепцияга асосан, Сув хўжалиги вазирлигига 2030 йилгача қуйидаги вазифалар юклатилди:

  • суғориш тизимларининг фойдали иш коэффициентини 0,63 дан 0,73 гача ошириш;
  • сув таъминоти паст даражада бўлган суғориладиган ер майдонларини 560 минг гектардан 190 минг гектаргача камайтириш;
  • шўрланган суғориладиган ер майдонларини 226 минг гектарга камайтириш;
  • Сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги насос станцияларининг йиллик электр энергияси истеъмолини 25 фоизга камайтириш;
  • барча ирригация тизими объектларига «Smart Water» («Ақлли сув») сув ўлчаш ва назорат қилиш қурилмалари ўрнатилиб, сув ҳисобини юритишда рақамли технологияларни жорий этиш;
  • 100та йирик сув хўжалиги объектларида сувни бошқариш жараёнларини автоматлаштириш;
  • қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда сувни тежайдиган технологиялар билан қамраб олинган ерларнинг умумий майдонини 2 миллион гектаргача, шу жумладан, томчилаб суғориш технологиясини 600 минг гектаргача етказиш;
  • сув хўжалигида давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида 50 та лойиҳани амалга ошириш.

Бу вазифалар ижроси учун Сув хўжалиги вазирлигида 4та штат бирлигидан иборат алоҳида бошқарма тузилади, хорижий экспертлар жалб этилади.

Фармон билан, қишлоқ хўжалиги экин ерларини ўз балансига олган кластерларга ушбу ерларда жойлашган сув хўжалиги объектларини бошқариш йўналишидаги Сув хўжалиги вазирлигининг функцияларини қишлоқ хўжалиги ер эгаларига давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ўтказиш тўғридан тўғри музокаралар орқали амалга оширилишига рухсат берилди.

Сув хўжалиги вазирлиги, ДХШни ривожлантириш агентлиги билан биргаликда, 3 ой муддатда вазирлик балансида бўлган сув хўжалиги объектларини ДХШ асосида хусусий секторга бериш бўйича объектлар рўйхатини Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Концепцияда белгиланган вазифаларни 2020-2022 йилларда амалга ошириш бўйича «Йўл харита»си тасдиқланди.

Унга асосан, 2023 йилда Ўзбекистон Республикасининг Сув кодексини ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда.

Қўшимча қилиш жоиз, сув омборлари, сел-сув омборлари ва бошқа сув хўжалиги объектларининг хавфсизлигини ҳамда ишончли ишлашини таъминлаш Концепциянинг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланган.

Мавзуга оид