Ўзбекистон | 13:24 / 15.07.2020
79364
6 дақиқада ўқилади

Антибиотиклар вирусларни ўлдирмаслигини унутмаслик керак — профессор Гулнора Ибодова билан суҳбат

Kun.uz сайти коронавирус пандемияси давом этаётган бугунги мураккаб вазиятда соҳа мутахассислари билан суҳбатларини давом эттиради. Навбатдаги меҳмонимиз – Тошкент врачлар малакасини ошириш институти Болалар инфекцион ва паразитар касалликлари кафедраси мудири, тиббиёт фанлари доктори, профессор Гулнора Ибодова бўлди.

– Гулнора опа, ҳамма коронавирус билан овора бўлиб турган бир пайтда бошқа юқумли касалликлар бўйича вазият қандай? Пандемия туфайли бошқа касалликлар назорати сусайиб кетмадими?

– Статистикага кўра, бошқа юқумли касалликлар камаймаган, оғир ҳолатдаги беморлар шифохоналарга қабул қилинишда, ётқизилиб даволанишда давом этмоқда. Бироқ сурункали инфекциялар билан оғриган беморларга маслаҳат бериш ва мунтазам даволаш билан боғлиқ баъзи муаммолар бор.

Айни пайтда бундай беморларга биз онлайн маслаҳат беряпмиз, лекин агар зарур бўлса, барча қоидаларга риоя қилган ҳолда шахсий ҳимоя воситалари ёрдамида беморлар билан мулоқотда бўламиз.

– Пандемия даврида кўпчилик прогнозлар ўзини оқламаяпти, коронавирус инфекцияси кундан кунга кўпайяпти. Лекин ҳамма эпидемияларда ҳам ўзига хос даврлар бўлади, маълум қонуниятлар ишлайди. Фикрингизча, Ўзбекистон касаллик билан боғлиқ ҳозир қандай босқичда?

– Ўзбекистон бу борада дунё рейтингида энг муваффақиятли ўринларда кетмоқда. Биринчидан, ҳатто қўшни давлатлар билан солиштирганда бизда касалланиш ва ўлим даражаси жуда паст. Иккинчидан, қатъий карантин чоралари ташкил этилиши аҳоли ўртасида вируснинг шиддат билан тарқалишига имкон бермади ва карантин зоналаридан фойдаланиб мулоқотни чеклаш вирус узатиш эҳтимолини камайтирди. Учинчидан, турли ташкилот ва идораларнинг ўзаро самарали иш олиб бориши мамлакатимизда касаллик тарқалишини назорат қилиб турибди.

Биз пандемиянинг қайси босқичида эканлигимиз, ривожланиш сценарийси бутун аҳолимизнинг онгига боғлиқ. Фуқароларимизнинг асосий қисми кўпболали оилалар экани, аҳолининг зичлиги, оммавий тадбир, йиғинлар ва оилавий байрамларга анъанавий мойилликни ҳисобга олган ҳолда, бизда пандемиянинг итальянча ёки хитойча вариантларини ривожлантириш учун барча шарт-шароит бор.

Шу ўринда юртимиз аҳолисидан вазиятни тўғри баҳолаб, бизни қўллаб-қувватлашларига умид қиламиз, чунки ҳукуматимиз ва соғлиқни сақлаш тизими томонидан зарур бўлган барча ишлар амалга оширилмоқда.

– Бу вирусни даволашда дунё бўйича турли-туман схемалар таклиф қилиняпти. Ҳатто жаҳон тиббиёти аниқ бир йўналишни танлай олмагани учун танқид ҳам қилинмоқда. Ўзбекистон олимлари қайси услубга кўпроқ ёндашяптилар?

– Касалланиш ва ўлимнинг кўплиги ҳолатига дуч келиш жиҳатидан хорижлик ҳамкасбларимизнинг тажрибаси муҳим, албатта. Биз уларнинг тажрибасига таянамиз, лекин маҳаллий хусусиятларни – дори воситалари мавжудлиги, беморлар сони ва бошқаларни ҳам ҳисобга олишимиз лозим.

Умуман олганда, биз рус олимларининг тажрибасига, Германия, Жанубий Корея каби давлатлардан олинган маълумотларга амал қиляпмиз. Даволаш режимлари доимо ҳамкасбларимиз тажрибаси ва ўзимизнинг натижаларимизга кўра ўзгариб боради ва шу сабаб шифокорлар учун тавсиялар янгилаб турилади (вақтинчалик тавсияларнинг биринчи нашри, иккинчи, учинчи каби). Биз даволаш схемаларини илмий ва клиник тадқиқотлар натижаларини ҳисобга олган ҳолда ўзгартириб турамиз.

– Вирус сунъий равишда яратилган ва атайлаб тарқатилган, деган тахминларга қандай қарайсиз?

– Бу ҳақда аниқ бир нарса дейиш қийин. Дунёда микроорганизмлар устида тадқиқотлар олиб борувчи, ҳимоя мақсадида вакциналар, анатоксинлар кабиларни яратиш устида ишловчи кўплаб лабораториялар мавжуд. Аммо вируснинг табиатига қараганда, ўртача ҳар 10-20 йилда касаллик тарқалишини ҳисобга олсак, бундай эпидемияни кутиш мумкин эди.

Менимча, бу – ёввойи вирус, сунъий келтириб чиқарилган эмас.

– Сўнгги пайтларда тақдим этилаётган ва коронавирусга қарши самарали дея айтилаётган дори воситалари ҳақида фикрингиз қандай?

– Вирусга қарши дори воситалари катта гуруҳни ташкил қилади ва булар орасида фавипиравир, ремдесевир ва уларнинг муқобиллари самарали ҳисобланади.

Бошқа барча вирусга қарши ва иммуномодуляцион дорилар фақат умумий ёки маҳаллий иммунитетни сақлашга ёрдам беради, менимча. Бироқ бундай препаратлар асосан касалликнинг бошида ёки инфекциянинг дастлабки босқичида самарали бўлади, чунки патогенетик асоратлар механизмлари мавжуд, шунинг учун беморлар ўлади ва бунда даволаш стратегияси касалликнинг ўзига хос клиник манзарасига боғлиқ.

– Малакали мутахассис билан суҳбат имкониятидан фойдаланиб, яна бир муҳим мавзу бўйича савол берсам. Маълумки, собиқ иттифоқ ҳудуди, яъни биз ҳам антибиотикларга ҳаддан зиёд ружу қўйганлар, дея таърифланамиз. Бу дори воситаларининг зарари, микробларнинг уларга нисбатан чидамлилиги ошиши бўйича кўп гапирилади. Шу бўйича ҳам маълумот берсангиз.

– Ҳа, собиқ совет мамлакатларида антибактериал дорилар кўпинча асоссиз ишлатилади. Бироқ антибиотиклар вирусларни ўлдирмаслигини унутмаслик керак, улар фақат иккиламчи бактериал асоратлар учун самаралидир.

Антибактериал препаратларни тайинлаш фақат кўрсатмаларга мувофиқ ва микроорганизмларнинг бу антибиотикларга сезувчанлигини ҳисобга олган ҳолда қўлланиши керак. Акс ҳолда, сиз ҳақсиз, нафақат кутилган ижобий таъсирни кўрмаймиз, балки беморнинг аҳволини ёмонлаштиришимиз мумкин. Чунки дарҳақиқат антибиотиклар, айниқса тизимли ҳаракатлар инсон иммун тизимини пасайтириши мумкин.

Антибиотикларни асоссиз буюриш микроорганизмларнинг уларга қаршилик кўрсатишига олиб келади ва улар унга таъсир қилишни тўхтатади. Кўп кузатганмиз: сил, сепсис, пневмония, диарея каби касалликларда жуда кучли антибиотикларни қўллаш баъзида нафақат самара бермаслиги, аксинча беморнинг аҳволини оғирлаштириши мумкин.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.

Мавзуга оид