АҚШда коронавирусга қарши ишлаб чиқилаётган вакцина одамларда кучли иммун жавоб ҳосил қилди
АҚШнинг Moderna компанияси коронавирусга қарши ишлаб чиқаётган mRNA-1273 вакцинаси одамларда синовдан ўтказилишининг 1-босқичида барча иштирокчиларда кучли иммун жавоб ҳосил қилди. Тадқиқот натижалари New England Journal of Medicine нашрида эълон қилинган.
Синовларда 18 ёшдан 55 ёшгача бўлган 45 киши иштирок этган. Улар 15 кишидан қилиб уч гуруҳга бўлинган. Уларга мос равишда вакцинадан 25, 100 ва 250 микрограмм миқдорда киритилган. Олимларнинг таъкидлашича, вакцинанинг бир дозаси киритилгандан кейиноқ коронавирусдан ҳимоялашда муҳим бўлган баъзи антитаналар ишлаб чиқилган. Бироқ 4 ҳафтадан кейин иккинчи доза киритилиши талаб қилинган ва шундан кейин барча иштирокчиларда кучли иммун жавоб ҳосил бўлган.
Moderna маълумотларига кўра, коронавирусга энг кучли иммунитет вакцинадан 250 микрограмм олган иштирокчиларда ҳосил бўлган. Бу иммунитет коронавирусдан соғайганларникидан ҳам бир неча баробар кучли бўлган.
“1-босқич маълумотлари mRNA-1273 билан эмлаш барча дозаларда барқарор иммун жавобни ҳосил қилганини кўрсатмоқда ва синовларнинг 3-босқичи учун оптимал доза сифатида 100 мкгни танлашни қўллаб-қувватлайди”, деб айтган компания вакили Тал Закс. Компанияда таъкидланишича, вакцина, шунингдек, хавфсиз эканини намойиш қилган.
Таъкидланишича, 100 мкг дозада вакцина киритилгандан кейин энг кўп қайд қилинган иккиламчи белгилар орасида толиқиш, бош ва мушаклар оғриғи бўлган. Бу белгилар енгил ёки ўрта даражада пайдо бўлиб, тезда ўтиб кетган.
Moderna 18 май куни вакцинанинг клиник синовлари 1-босқичи якунланганини маълум қилганди. Унинг синовлари бир гуруҳ кўнгиллиларда апрелда бошланган. Вакцина дастлабки босқичда хавфсиз эканини ва асоратларсиз ўзлаштирилишини кўрсатган. Компания синовларнинг якуний босқичини 27 июлда бошламоқчи. Бу синовларда 87 жойда жами 30 мингга яқин кўнгилли иштирок этади. Ҳар бир иштирокчи 100 микрограммдан вакцина олади, 29 кундан кейин эмлаш яна бир бор такрорланади. Баъзи иштирокчиларга таққослаш учун 2 доза плацебо киритилади.
Мавзуга оид
17:48 / 01.11.2024
Дунёдаги энг ҳалокатли инфекция номи маълум бўлди
20:25 / 23.10.2024
Британияда норовирусга қарши дунёдаги биринчи вакцинани синовдан ўтказиш бошланди
21:15 / 13.09.2024
ЖССТ маймунчечакка қарши биринчи вакцинани тасдиқлади
00:00 / 06.09.2024