Тошкент вилоятида коронавирусга қарши курашаётган шифокорларни рағбатлантиришга салкам 15 млрд сўм сарфлангани маълум қилинди
Тошкент вилоятида коронавирус инфекциясига қарши курашда иштирок этаётган шифокорларни моддий рағбатлантириш учун ҳозиргача 15 миллиард 900 миллион сўм маблағ сарфланган. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги хабар берди.
«Айни пайтга қадар вилоятда коронавирус инфекциясига қарши курашда иштирок этаётган шифокорларни моддий рағбатлантиришга жами 15 миллиард 900 миллион сўм маблағ сарфланди.
4 минг 829 нафар тиббиёт ходимининг ойлик маошига қўшимча 6 фоиз моддий рағбатлантириш ажратилди. Бу мақсадда жами 9 миллиард 200 миллион сўм маблағ йўналтирилган.
Коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволашда қатнашган 333 нафар шифокорлар 14 кунлик фаолияти учун жами 6 миллиард 700 миллион сўм миқдорида моддий рағбатлантирилган», дейилади ҳокимлик хабарида.
Вилоят ҳокимлигининг ахборот хизмати вилоят юқумли касалликлар шифохонасининг тиббий ходимлари нима учун рағбатлантирилмаётгани ҳақидаги гап-сўзларга ҳам муносабат билдирган.
«Шифохонанинг тиббий ходимларнинг карантин шароитидаги меҳнат фаолиятини баҳолашда, уларни рағбатлантиришда мавжуд ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилмагани, карантинга олинганлар, коронавирус инфекцияси билан оғриган беморларни даволашда иштироки муносиб баҳоланмаётгани мазмунидаги ижтимоий тармоқларга баёнот беришган.
Вилоят молия бош бошқармаси, соғлиқни сақлаш бошқармаси ушбу ҳолатлар бўйича бир неча марта шифохона ходимлари билан учрашишган, мавжуд қонунчилик бўйича белгиланган меъёрлар тушунтирилган. Яъни, Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси беморларни даволаш билан шуғулланмагани, карантинга олинган фуқароларни лаборатор таҳлилларни олиш, инфекция аниқланган беморларни махсус шифохоналарга йўлланма асосида юборишда қатнашганлар. Бу ҳолатда улар тўлиқ циклда 14 кун давомида беморларни даволашда иштирок этмагани инобатга олинади ва моддий рағбатлантириш тартиби шу жиҳатга асосан, бевосита беморларни даволашда қатнашган шифокорлар билан бир хил бўлмайди.
Албатта, карантин тартиблари янада кучайтирилган, беморлар сони ошиб бораётган ҳозирги пайтда шифокорлар билан бундай тушунмовчилик юзага келаётгани ёқимсиз ҳолат. Лекин, ҳеч ким, ҳеч бир ташкилот ва идора Ўзбекистон Президентининг «Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишга жалб қилинган тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ҳамда Республика махсус комиссиясининг қарорида белгиланган меъёрларни ўзгартирган ҳолда қўшимча рағбатлантиришни амалга оширишга ҳақли эмас», дейилади расмий баёнотда.
Мавзуга оид
10:54 / 20.08.2022
Якка тартибдаги оилавий шифокорлик фаолиятини юритиш талаблари эълон қилинди
22:35 / 29.07.2022
Навоийда аёл “укол”дан кейин вафот этди. Иш босди-босди қилиб юборилган
11:31 / 27.07.2022
Андижонда шифокор қабулига пичоқлар ва шуруп қотириш ускунаси билан келган шахс ушланди
11:59 / 08.07.2022