«Шу йил апрель ойида бошида меҳнат таътилига чиққандим. 17 апрелдан иш кўпайиб кетгани, жуда кўплаб касалликка гумонланувчилардан таҳлил олиш кераклигини айтиб ишга чақириб олишди. Шу тарзда 5 июнь кунига қадар Самарқанд шаҳри бўйича касалланиш эҳтимоли юқори бўлган биринчи ўчоқлардан 3500дан ортиқ фуқаролардан тест намуналари олишда ва вилоят вирусология таҳлилхонасига етказиб беришда иштирок этдим.
У вақтда ҳали кўпчилик касалликланиш оқибатларини англаб етмагани учун эҳтимолий касалланганлардан намуна олиш ҳар доим ҳам осон бўлмади. Ҳақоратлаб, камситиб ҳайдаб юборганлари қанча? Бир-икки қаттиқ ҳақоратлаганлар бўйича ИИБга хабар берганмиз. Аниқ манзил, исм-фамилиялари бор. Аммо ИИБ ходими «у одам кўп ичади-да энди» дейишдан нари ўтмаган ҳолат ҳам бўлди, ҳатто. Бизни аниқ ҳимоялайдиган, қўллаб-қувватлайдиган тизимнинг ўзи бўлмади. Аммо бу ҳали ҳеч нарса эмас.
Коронавирусга қарши курашда бизга юклатилган вазифани бажариш жараёнида мен ва ҳамкасбларим ҳам вирус билан зарарландик. Менда 5 июнь куни COVID-19 вируси борлиги аниқланди. Биргина Самарқанд шаҳар СЭО марказидан 8 киши юқумли касалликлар шифохонасида даволаниб чиқди. Жумладан ўзим ҳам. Ишимиз шу коронавирусга чалингани эҳтимоли бўлган одамлар, касалланганлар билан мулоқотда бўлганлардан таҳлил олиш. Катта эҳтимол билан ўзимизга ҳам юқишини билардик. Қолаверса, касалликдан ҳимояланиш воситалари билан таъминланиш ҳам кўнгилдагидай эмасди. Ҳатто дастлаб корхонамиздаги дезинфекцияловчиларнинг кийимларини олиб ишлатдик. Кейинчалик ўзимизга берилган ҳимоя кийимлари эса баъзан машинага мингунимизга қадар йиртилиб, яроқсиз бўлиб қоларди. Баъзан оддий ниқоблар билан ҳам муаммога дуч келдик.
Иккинчи томондан касаллик оиламга етиб боришидан қўрқардим. Алам қиладигани, айрим бошқа турдаги тиббиёт муассасаларида шифокорлар 14 кун давомида уйига бормасди. Бунинг учун шароит яратилган эди. Биз ҳам оила аъзоларимизни хавфга қўймаслик учун корхонамиз раҳбариятига бир неча марта мурожаат қилдик, фойдаси бўлмади. Бундай вазиятда ўзимиз ё оиламизни ўйлаб ишни ташлаб кетиш эса оқ халатга, халққа нисбатан хиёнат билан тенг, ишни давом эттириш шарт эди. Охир-оқибат, қўрққаним юз берди: ўзимдан ташқари 7 ёшли ўғлим, 5 ёшли қизим, онам ва укам ҳам касалликка чалиниб, юқумли касалликлар шифохонасида даволаниб чиқди. Бунга ким айбдор?», дейди Шоира Эшбекова.
Самарқанд шаҳар СЭО марказининг бактериология бўлими бошлиғи Н.Қудратова ҳам касалликдан ҳимоя воситалари, тиббиёт ниқоби, ҳимоя кийими билан боғлиқ муаммолар бўлганини тасдиқлади. Марказнинг 8 нафар ходими иш жараёнида касалликка чалиниб юқумли касалликлар шифохонасида даволаниб чиққанини маълум қилди.

















