Жаҳон | 20:28 / 18.07.2020
14781
2 дақиқада ўқилади

Хабаровскда ҳибсга олинган губернаторни қўллаб-қувватлаш учун ўн минглаб кишилар яна намойишга чиқди

Хабаровскда қотилликларга алоқадорликда айбланиб ҳибсга олинган ўлка губернатори Сергей Фургални қўллаб-қувватлаш учун ўн минглаб кишилар намойиш ўтказди.

Фото: forbes.ru

Хабаровск ўлкаси губернатори маслаҳатчиси Захар Синяговскийнинг таъкидлашича, митингда 30 мингдан 50 минггача киши қатнашган. Хабаровск маъмуриятининг маълумотига кўра эса, акцияда 10 минггача киши қатнашган.

Намойишчилар ўлка ҳукумати биноси яқинидаги майдонга тўпланган. Улар «Озодлик!», «Фургал — бизнинг танловимиз!», «Мен, биз, у — бутун мамлакат Фургал учун!» дея хитоб қилган. Тўпланганлар Фургал устидан суд Хабаровскда ўтишини ҳамда очиқ ва одилона ўтишини талаб қилган.

Владивостокда ҳам Фургални қўллаб-қувватлаб бир неча юз киши намойиш ўтказди, деб хабар берди dvhab.ru портали.  

Фургални қўллаб-қувватловчи намойишлар бир ҳафтадан бери давом этмоқда. Намойишлар губернатор қўлга олинган 9 июль кунидан бошланган. 

Сергей Фургалга қотилликка уриниш ва 2004-2005 йилларда тадбиркорларнинг ўлдирилишини ташкиллаштириш айбловлари қўйилган.

Мавзуга оид