Жаҳон | 00:27 / 20.07.2020
36383
5 дақиқада ўқилади

Коронавирус: дунёда рекорд ўсиш, Британия карантинга қайтишга иккиланмоқда

ЖССТ маълумотларига кўра, сўнгги 24 соат ичида коронавирус юқтириб олганлар сони деярли 260 мингга ортган - бу пандемия давридаги рекорд ўсишдир.

Фото: Reuters

Кунлик янги ҳолатлар миқдори илк марта чорак миллиондан ортди.

Бутун дунё бўйлаб 600 мингдан ортиқ инсон коронавирус қурбонига айланган. Уларнинг деярли тўртдан бири АҚШ ҳисобига тўғри келади.

Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, эпидемия бошланганидан ҳозирги кунга қадар умумий ҳисобда 14,3 млн киши янги турдаги коронавирусни юқтириб олган. Янги шикастланиш ҳолатларининг аксар қисми АҚШ, Бразилия, Ҳиндистон ва Жанубий Африкада кузатилган. 

Сўнгги бир кунда дунё бўйлаб 7360 киши коронавирус қурбони бўлди - бу 10 май санасидан бери кузатилган энг кўп кунлик ўлим кўрсаткичидир.

ЖССТ бундан аввалги кунлик ўлим даражаси рекордини атиги бир кун аввал қайд этганди.

Британия яна карантинга қайтадими?
Бош вазир Борис Жонсон Covid-19'нинг янги тўлқини юзага келган тақдирда бутун мамлакат бўйлаб навбатдаги карантин жорий этишни истамаслиги ҳақида гапирди.

Sunday Telegraph газетасига берган интервьюсида у маҳаллий ҳокимиятлар кучларига нисбатан ишончини ифодалаган ва умуммиллий локдаун фақат ўта оғир ҳолатда жорий этилишини маълум қилган.

Аввалроқ Борис Жонсон мамлакатнинг одатий ҳаётга Рождество байрамигача қайта олишига ишонч билдирганди.

Ҳукумат маҳаллий бошқарув органларининг янги авж олиш ҳолатини тўхтатиш учун ўз ҳудудида муайян чекловлар кирита олиш имкониятига умид боғламоқда. Маҳаллий ҳокимият савдо-сотиқни тўхтатиш, тадбирларни бекор қилиш, парклар ва бошқа жамоат жойларини беркитиш ҳуқуқига эга.

Айни вақтда эпидемиологлар бош вазирнинг некбинлигига қўшилмаяпти. Британия ҳукуматининг бош илмий маслаҳатчиси Патрик Валланснинг айтишича, қишда мамлакат янада жиддий қийинчиликларга дуч келади ва умуммиллий карантинга яна эҳтиёж туғилиши хавфи мавжуд. 

Сешанба куни эълон қилинган ҳисоботга кўра, келаётган қишда Британияда коронавируснинг иккинчи тўлқини тахминан 120 минг кишининг ҳаётига зомин бўлиши мумкин ва агар эпидемия энг ёмон сценарий бўйича ривожланса рақам 250 минггача ўзгариши тахмин қилинмоқда.

Янги ҳолатлар сони кўпайган ҳудудлар
АҚШда Covid-19'нинг шиддатли авж олиши карантин жорий этилиши ва ниқоб кийиш мажбурий этиб белгиланиши узоқ вақтдан бери ортга суриб келинган жанубий штатлар - Флорида, Техас ва Аризонада кузатилмоқда. 

Флорида ҳозирда АҚШда эпидемия ўчоғи бўлиб турибди, у ерда 337 мингдан ортиқ одам инфекцияланган ва коронавирус туфайли 5 мингдан ортиқ ўлим қайд этилган. 

Ҳиндистон коронавируснинг тасдиқланган ҳолатлари бўйича дунёда учинчи ўринда бўлишига қарамай, олимларнинг огоҳлантиришича, мамлакатда касалликнинг пик даври ҳали ўтиб кетмаган ва бу бир неча ойдан кейин кузатилиши мумкин. Кун давомида Ҳиндистонда 35 мингга яқин янги шикастланиш ҳолатлари ва Covid-19 билан боғлиқ 670 ўлим қайд этилди. 

Ғарбий Европа мамлакатларининг катта қисми вирус тарқалишини назорат остига олишни уддаламоқда, улар чегараларни очиш ва бизнесни давом эттиришда давом этмоқда.

Бироқ, Испанияда маҳаллийлашган авж олишлар кузатиляпти - уларнинг энг кучлиси мамлакат шимолида, Каталонияда. Ушбу ҳудудда бир кунда 1000дан ортиқ янги беморлар аниқланди. Барселона ва унинг атрофидаги туманларнинг тўрт миллиондан ортиқ аҳолиси 15 кун давомида уйда қолади.

ЕИнинг иқтисодий тикланиш режалари
Якшанба куни Европа Иттифоқи мамлакатлари ўртасида коронавирус эпидемиясидан зарар кўрган иқтисодиётни тиклаш бўйича кенг кўламли режалар музокараларининг учинчи куни бўлиб ўтмоқда.

Ҳозирда ушбу режа бўйича раҳбарлар ўртасида келишув мавжуд эмас. Италия бош вазири Жузеппе Конте музокараларни боши берк кўчада деб ҳисоблаётган бир пайтда Австрия канцлери Себастян Курц улар тўғри йўналишда кетаётганига ишонмоқда. 

Нидерландия ва Швеция каби нисбатан тежамкор давлатлар муҳокама қилинаётган 750 миллиард евро пакет грант характерида эмас, заём бўлиши керак, деб таъкидламоқда. Музокаралар якшанба куни давом этади.

Мавзуга оид