Жаҳон | 23:31 / 20.07.2020
53343
4 дақиқада ўқилади

Хитой Ўзбекистонга коронавирусга қарши вакцинани синаш бўйича ҳамкорликни таклиф қилди

Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчиси Бахтиёр Саидов ва «Sinopharm Group» бошқаруви раиси Лю Цзинчжэнь ўртасида бўлиб ўтган учрашув чоғида шу ҳақда маълум қилинди.

Illustration: REUTERS / Dado Ruvic

Музокаралар жорий йил 7 май куни икки давлат раҳбарлари Шавкат Мирзиёев ва Си Цзиньпин ўртасида бўлиб ўтган телефон орқали мулоқот чоғида янги турдаги коронавирус инфекцияси пандемиясига қарши биргаликда курашиш масалалари юзасидан эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида ўтказилди, деб хабар беради “Дунё” АА мухбири Шуҳрат Умиров.

«Sinopharm Group» раҳбари билан учрашув чоғида COVID-19 пандемияси шароитида фармацевтика соҳасида, доривор ўсимликлар хом ашёсини қайта ишлаш ва Ўзбекистон ҳудудида дори-дармон воситалари ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш борасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболлари муҳокама этилди. 

Лю Цзинчжэннинг билдиришича, ҳозирги пайтга қадар коронавирусдан ҳимоя қиладиган вакцина клиник синовларининг икки босқичи муваффақиятли ўтган. Бу «Sinopharm Group» - “Хитой миллий биотехнология гуруҳи” (China National Biotec Group, CNBG) бўлинмаларидан бири - «Sinopharm Group» гуруҳи томонидан ишлаб чиқилган инактивлаштирилган ва рекомбинант вакцинадир.

Танага киритилганидан кейин инактивлаштирилган вакцинанинг таъсир қилиш муддати 2 йил ва ундан кўпроқ муддатни ташкил қилади. Бугунги кунда Хитой ҳудудида 50 мингдан кўпроқ киши  вакцина қабул қилгани маълум. Жорий йил июл ойида вакцинани оммавий равишда ишлаб чиқариш мақсадида Пекинда иккинчи йирик заводнинг қурилиши ниҳоясига етказилди. Бунинг натижасида мамлакатнинг ишлаб чиқариш қуввати икки баробарга ошгани ҳолда йилига 200 млн дозага етди. Биринчи ана шундай завод Ухань шаҳрида қурилган эди.

Лю Цзинчжэннинг маълум қилишича, яқинда ХХР аҳолиси ўртасида клиник синовларнинг охирги, яъни учинчи босқичи бошланган. Бир пайтнинг ўзида синовлар коронавирус пандемиясига қарши кураш бўйича ҳамкорлик доирасида Бирлашган Араб Амирликларида ҳам ўтказилади. Унда 15 минг нафар киши иштирок этади. Шуни ҳисобга олиб, корпорация раҳбари Ўзбекистон ҳудудида ҳам ана шундай синовни ўтказишни таклиф қилди.

Музокаралар чоғида COVID-19 касаллиги билан кураш олиб боришда биргаликдаги саъй-ҳаракатларни мустаҳкамлаш ва фармацевтика жабҳасида ўзаро ҳамкорлик қилиш юзасидан келишувга эришилди. Хитой компанияси сўнгги йиллар давомида Ўзбекистонда яратилган фармацевтика индустриал зоналари ҳудудларида қатор истиқболли қўшма лойиҳаларда сармоявий шерик сифатида фаолият олиб боришга тайёр эканлигини билдирди.

Маълумот учун, «Sinopharm Group» компанияси 1998 йили ташкил этилган. Бугунги кунда мазкур гуруҳ Хитой Халқ Республикасидаги энг йирик фармацевтика компанияси ҳисобланади. Унинг тасарруфидаги 1400та бўлимда 200 мингдан зиёд ходим фаолият кўрсатади. 2019 йили компания даромадларининг умумий ҳажми салкам 72 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Компания вакцина тадқиқотлари ва унинг ишланмалари учун 140 миллион АҚШ долларидан зиёд миқдорда маблағ ажратган.

Коронавирус келтириб чиқарадиган касалликларни даволаш учун «Sinopharm» 91 хил турдаги дори-дармон воситаларини ишлаб чиқаради, уларнинг ижобий самараси 94 фоизни ташкил этмоқда.

Шунингдек, корпорация ўзининг COVID-19 касаллигини аниқлайдиган тестларини ҳам ишлаб чиққан. Улар нафақат Хитойда, балки бутун дунёда кенг қўлланилмоқда.

Мавзуга оид