Иқтисодиёт | 15:41 / 21.07.2020
4596
3 дақиқада ўқилади

I ярим йиллик учун тўлов балансининг жорий операциялар ҳисоби дефицити 2 млрд долларни ташкил қилди - МБ

Марказий банк томонидан 2020 йилнинг I ярим йиллиги якуни бўйича тўлов баланси жорий операциялари ҳисобининг дастлабки кўрсаткичлари тайёрланди.

Фото: Марказий банк

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 2020 йилнинг I ярим йиллиги учун тўлов балансининг жорий операциялар ҳисоби дефицити 2019 йилнинг I ярим йиллигига нисбатан 14 фоизга ортиб, 2 млрд. долларни ташкил қилди.

Жаҳон бозорларида энергия ресурслари нархининг тушиши, шунингдек коронавирус пандемияси ортидан жаҳон иқтисодиёти ўсиш суръатларининг секинлашиши товарлар ва хизматлар экспорти ҳажмига ўз таъсирини кўрсатиб, 2019 йилнинг мос даврига (7,8 млрд. доллар) нисбатан 1,8 млрд. долларга қисқариб, 6,0 млрд. долларга тенг бўлди.

Экспорт таркибида қуйидаги товар гуруҳлари салмоқли улушга эга:

қимматбаҳо металлар (42 фоиз);

тўқимачилик ва тўқимачилик буюмлари (18 фоиз);

келиб чиқиши ўсимликка мансуб маҳсулотлар (10 фоиз).

Товарлар ва хизматлар импорти ўтган йилнинг мос даврига (12,5 млрд. доллар) нисбатан 2,1 млрд. долларга қисқариб, 10,4 млрд. долларни ташкил этди.

Импорт таркибида қуйидаги товар гуруҳлари салмоқли улушга эга:

машина ва ускуналар (31 фоиз);

металлар ва ундан тайёрланган маҳсулотлар (12 фоиз);

кимё саноати маҳсулотлари (11 фоиз);

транспорт воситалари (11 фоиз).

Савдо балансининг манфий сальдоси 2019 йил I ярим йиллигига нисбатан 6 фоизга яхшиланиб, 4,3 млрд. долларни ташкил этди.

Бирламчи даромадлар ва трансфертларнинг ижобий сальдоси жисмоний шахсларнинг халқаро қатнови сезиларли қисқаргани ва резидентларга хориждан келган трансчегаравий пул ўтказмаларининг ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўзгаришсиз қолганлиги ҳолатида 19 фоизга камайди.

Ўз навбатида, норезидентларнинг инвестицион даромадлари (қарзлар ва хорижий инвестициялар бўйича) 829 млн. долларни ташкил этди.

Тўлов баланси – маълум бир вақт мобайнида (чорак, ярим йил, бир йил ва ҳ.к.) бир мамлакат ва унда рўйхатдан ўтган корхоналар, жисмоний шахслар ва давлат идораларининг бошқа мамлакатлардаги корхоналар, жисмоний шахслар ва давлат идоралари билан амалга оширган барча иқтисодий операцияларини ўзида акс эттирувчи статистик ҳисоботдир. Масалан, товар ва хизматларни экспорт ёки импорт қилиш, бошқа бир давлатга кредит бериш ёки жалб этиш, кредит бўйича тўловларни амалга ошириш, халқаро пул ўтказмалари, қимматли қоғозлар бўйича халқаро савдолар ва бошқалар шулар жумласидандир. Ушбу ҳисобот мамлакат ташқи иқтисодий ҳолатини таҳлил қилиш ва унга оид пул-кредит, валюта сиёсати каби макроиқтисодий сиёсатни амалга ошириш учун муҳим статистик асос вазифасини ўтайди.

Мавзуга оид