Жаҳон | 22:38 / 21.07.2020
7241
2 дақиқада ўқилади

Олимлар саратонни 4 йил олдин башорат қилувчи тест яратишди

Америкалик ва хитойлик олимлар қон таҳлили асосида саратоннинг 5та турини касаллик аломатлари пайдо бўлишидан 4 йил олдин аниқлаш имконини берувчи тестни яратишди.

Фото: Сергей ЧЕРНЫХ

Илмий кашфиёт ҳақида Nature Communications журнали хабар берди.

Янги тест тизими PanSeer номини олди. Тадқиқотлар жараёнида бу тест ошқозон, қизилўнгач, ўпка, жигар саратони ва колекторал саратонни энг аввалги босқичларида аниқлаш имконини бериши исботланди.

Олимлар таҳлиллар учун 2007-2017 йиллар давомида умумий ҳисобда 1,6 миллион қон намунаси олишди. Айни пайтда улар Хитойнинг Фудан Университети архивида сақланмоқда.

Тадқиқотнинг ноёблиги шунда эдики, олимлар онкологик касаллардан саратонга чалингани анъанавий усулларда аниқланишидан олдин олинган қон таҳлилларидан фойдаланишди. Тест натижасида улар 91 фоиз ҳолатларда касаллик аломатларини аниқлашди. Аслида уларга 1-4 йилдан кейин саратон ташхиси қўйилган эди. 

Саратоннинг йўқлигини тест 95 фоизлик эҳтимол билан аниқлаб берди. Шу туфайли, PanSeer тестининг бошқа усуллар ожиз бўлган ҳолатларда саратонни аввалги босқичларида аниқлаб беришда самарали экани таъкидланмоқда.

Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, янги усул саратоннинг ривожланишини башорат қилолмайди. У фақат саратонга чалинган, аммо аломатлари ҳали намоён бўлмаган беморларни аниқлаб беради.

Мавзуга оид