Ўзбекистон | 08:24 / 23.07.2020
2311
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон вакилларининг Япония етакчи университетлари магистратурасида ўқиши ташкил этилади

Ўзбекистон вакилларининг ўқишини ташкил этиш учун Япония ҳукумати грантидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари қабул қилинади.

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси вакилларининг ўқишини ташкил этиш учун Япония ҳукумати грантидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Кадрлар тайёрлаш учун стипендиялар ажратиш лойиҳасини амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси вакилларининг Япониянинг етакчи университетлари магистратурасида ўқишини ташкил этиш тўғрисида Япония Ҳукуматининг таклифи қабул қилинади.

Ушбу лойиҳани амалга оширишни мувофиқлаштириш ва ўқиш учун номзодларни танлаб олиш Ўзбекистон томонидан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, ёшлар, маънавият ва жамоат ташкилотлари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш масалалари котибияти, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, ҳамда Япония томонидан – Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси, Япония Халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA), Ўзбекистон-Япония инсон ресурсларини ривожлантириш маркази (UJC) томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг ўринбосари Б.А.Мусаевга Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан алмашинув ноталари ва грант битимларини имзолаш ваколати берилади.

Қуйидагиларга:

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига — лойиҳани амалга ошириш доирасида грантни олиш ва ундан фойдаланиш учун Япония томони билан келишган ҳолда барча тартиб-қоидаларни расмийлаштириш;

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига – грантга сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки Акциядорлик жамияти ўртасида тузилиши лозим бўлган Агентлик битимини ишлаб чиқиш;

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки Акциядорлик жамиятига – ажратилган грант маблағларидан фойдаланиш ва унга хизмат кўрсатиш юзасидан Япониянинг «MUFG Bank, Ltd.» банки билан банклараро битимини тузиш, юқорида кўрсатиб ўтилган грантнинг ҳисоб-китобларини амалга ошириш ҳамда мазкур грантнинг ҳисоб-китобларини амалга ошириш юзасидан Япония томонининг воситачилик харажатлари конвертация қилинишини таъминлаш юкланади.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги:

Грант ҳисоб-китоблари доирасида Япония Халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) хизмат кўрсатувчи банки (MUFG Bank, Ltd.) фойдасига белгиланган шаклда кафолат хати (Acknowledgement letter) тақдим қилади;

Тақдим этилган кафолат хати (Acknowledgement letter) бўйича ҳамда грантнинг ҳисоб-китобларини амалга ошириш юзасидан Япония томонининг воситачилик харажатлари Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Япония халқаро ҳамкорлик марказининг (JICE) виза талабномаларига биноан мазкур лойиҳани амалга оширишда қатнашадиган хорижий мутахассислар учун белгиланган тартибда кириш визаларини консуллик йиғимлари ва ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳисобидан йиғимлар ундирилмасдан расмийлаштирилишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда мазкур лойиҳа доирасида Японияда таҳсил олаётган стипендиатларнинг ўқишини ва ўқишни тамомлаган стипендиатларнинг меҳнат фаолияти юзасидан доимий мониторинг олиб боради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид