Ўзбекистон | 21:52 / 23.07.2020
13589
3 дақиқада ўқилади

«Ўзэкспомарказ»да Тақсимлаш маркази иш бошлади

Тошкентда Covid-19 касаллигига гумон қилинганларга аниқ ташхис қўйиш ва зарур биринчи ёрдамни кўрсатишга хизмат қилувчи Тақсимлаш маркази иш бошлади. 

Бугун, 23 июль куни Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев «Ўзэкспомарказ»даги Тақсимлаш марказига бориб, бу ердаги шароитлар ва мазкур масканнинг беморларни қабул қилишга қанчалик тайёрлигини кўздан кечирди.

 

«Марказ билан танишиш жараёнида бу ерга келувчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш, уларни тақсимлаш ва жойлаштириш учун яратилган шароитларга эътибор қаратди. 

Таъкидлаш жоиз, Covid-19 касаллигига гумон қилинганларга аниқ ташхис қўйиш ва зарур биринчи ёрдамни кўрсатиш мақсадида ташкил этилаётган мазкур марказ беморларни қабул қилишга деярли тайёр.

Бу ерда вирус борлигига гумонланган шахслар вақтинча сақланиб, уларга биринчи тез ёрдам кўрсатилади ва ташхис қўйилганидан кейин саломатлигининг ҳолатига кўра шаҳримиздаги даволаш-профилактика муассасаларига йўналтирилади», дейилади Тошкент шаҳри ҳокимлиги матбуот хизмати хабарида.

Зарурат юзага келганда бу ердан шифохона сифатида фойдаланиш учун ҳам керакли шароитлар яратилган, бунинг учун марказ талаб этилган тиббиёт жиҳозлари ва ускуналари билан таъминланган.

Марказда 250 нафар тиббиёт соҳаси мутахассислари фаолият юритиши режалаштирилган. Бу ерга шаҳримизнинг турли ҳудудларидан Covid-19’га гумонланганлар олиб келинади. 

«Марказда инфекционист, вирусолог ва бошқа қатор тор мутахассислар жамланган ҳамда тест ва таҳлилларни ўтказиш учун зарур шароит яратилган.

Беморлар учун шифохоналардаги каби шароитлар яратилган, зарур барча тиббиёт жиҳозлари ва ускуналари таъминоти етарли даражада йўлга қўйилган.

Бу ерга олиб келинган фуқаролар тўлиқ таҳлилдан ўтказилганидан сўнг, касаллик даражаси ва саломатлигининг ҳолатига кўра, шифохоналарга йўналтирилади. Хасталик енгил кечаётган ва уй шароитида даволанишни маъқул деб билганлар эса уйида ўз-ўзини изоляция қилган ҳолда даволанишга юборилади.

Ушбу Тақсимлаш марказининг ишга туширилиши Covid-19’ни ташхислаш ва ушбу вирусни юқтирганларни тиббиёт муассасаларига тақсимлаш ҳамда самарали даволашда муҳим вазифани бажаради», хабарда.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид