Ўзбекистон | 15:21 / 23.07.2020
8936
2 дақиқада ўқилади

Тез тиббий ёрдам хизмати беморда қайси касаллик бўлишидан қатъи назар биринчи ёрдам кўрсатиши шарт - Отабеков

Давлат бош санитария инспектори Нурмат Отабеков бугун, 23 июль куни ўтказилган махсус брифингда бир қатор саволларга жавоб берди.

«Тез тиббий ёрдам хизмати беморда қайси касаллик бўлишидан қатъий назар биринчи ёрдам кўрсатиши шарт. Бош тортиши мумкин эмас.

Агар бу хизмат томонидан беморга ёрдам кўрсатишдан бош тортилса ҳудудий Соғлиқни сақлаш бошқармалари ишонч телефони орқали мурожаат қилиш мақсадга мувофиқдир», – деди у.

Нурмат Отабеков коронавирус тарқалиши бўйича жаҳондаги айни вазият ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.

«Ўзимиз билан ўзимиз овора бўлиб қолганлигимиз сабабли дунёдаги вазиятга камроқ эътибор қаратяпмиз.

Ўзбекистонда коронавирус касаллиги бўйича вазият бирмунча барқарор бўлиб турган пайтда, дунёдаги жиддий ҳолатни қайта-қайта гапириб, халқимизни огоҳликка чақиришга уриндик, юртимизда ҳозир ҳукм сураётган эпидемик вазиятнинг олдини олишга ва бу каби профилактик тадбирларга барчани сафарбар этишга ҳаракат қилдик. 

Афсуски, бизнинг хоҳишимиз етиб борган жойга кўпчиликнинг хоҳиши етиб бормади ва ҳозир шундай қийин кунларни бошимиздан кечиряпмиз. Натижада кейинги кунларда ҳар куни 500 га яқин беморлар рўйхатга олинмоқда.

Бугунги кунда жаҳон миқёсида 15 млн 376 мингдан ортиқ – беморлар қайд этилган. Улардан 9 млн 352 мингдан ортиғи соғайган бўлса, 630 мингдан ортиғи - вафот этди.

Дунёда ҳар куни 250-280 минг нафар беморлар янгидан рўйхатга олиняпти. Охирги бир кунда  АҚШда 72 минг, Бразилияда 65.3 минг, Ҳиндистонда 45.6 минг бемор қайд этилган», – дея Бош санитария инспектори сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид