Жаҳон | 19:11 / 24.07.2020
12568
5 дақиқада ўқилади

Нацистлар концлагерининг собиқ қўриқчисига ҳукм чиқарилди. У минглаб маҳбуслар ўлдирилишида иштирок этишда айбланган

Германияда Штуттгоф концлагерининг собиқ қўриқчиси, 93 ёшли Бруно Деянинг (немис ОАВлар унинг фамилиясини ошкор этмайди) суд жараёни судланувчининг ёши кексалигига ва коронавирус пандемиясига қарамай, ниҳоят якунланди.

Пайшанба куни Ҳамбург олий минтақавий суди 2019 йил октябрь ойидан бери давом этаётган ушбу суд жараёнини тугатди ва фашистларга хизмат қилган собиқ қўриқчига жазо чораси тайинлади.

Суд ГФР фуқароси бўлган мазкур шахсни фашистлар Германияси даврида ССнинг «Жонсиз бош» бўлимида хизмат қилган даврида Гданск (ўша пайтда Данциг деб номланган) яқинидаги нацистлар концлагерида 1944 йил августдан 1945 йил апрелгача 5 230 нафар маҳбусни ўлдиришда алоқадор деб топди. Унга икки йил шартли қамоқ жазоси тайинланган. Ўша пайтда Гданскдаги концлагерда жами 65 минг маҳбуснинг бир қисми ўлдирилган, қолгани очликдан, қийноқ ва касалликлардан ҳалок бўлган.

Ушбу суд иши вояга етмаганлар ишлари бўйича палатада кўриб чиқилган (ССга аъзо бўлган пайтда судланувчи Бруно ўн етти ёшда бўлган). Аслида бундай суд мажлисларига жамоатчилик вакиллари қўйилмайди. Аммо судья Майер-Геринг хоним ушбу ишнинг «улкан тарихий аҳамиятга эгалиги ва замонавий неонацист тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда» жамоатчилик вакиллари ва ОАВ ходимларини суд ишида қатнашишларига рухсат берган.

Суд жараёни жуда драматик тарзда кечди. Штуттгоф концлагеридан омон қолган 35 нафар маҳбус Брунога қарши даъвогар бўлишди. Улардан иккитаси видеоконференция орқали кўрсатма берган, тўрт нафари суд мажлисига келган. Судланувчи жамоатчилик ва ОАВдан юзини кўк папка билан бекитиб ўтиришга уринган.

Фото: Daniel Bockwoldt, DPA Pool, AP

«Бизни қўриқлаган одамларни айблайман. Ҳеч қачон уларни кечирмайман. Улар бизга қандай азоблар берганини ва нималар қилганларини ҳеч қачон эсдан чиқармайман. Қўриқчиларда у минора тепасида туриб ҳамма жараённи кузатиши мумкин эди», деб холокост жабрдийдаси бўлган Роза Блох бу сўзларни собиқ қўриқчи бўлган судланувчининг юзига айтган.

Брунога қарши яна бир жабрланувчи Жуди Майзель ҳам кўрсатма берган. Унинг айтишича, соқчилар томонидан айтилган жуда кўп ҳақоратларга чидаган. У фашистлар болаларни девор олдида турғизиб қўйиб отиб ташлаганларини кўрганини, шунингдек, 1944 йил 21 ноябрь куни кўз ўнгида онасини газ камерасига олиб бориб тиқишганини гувоҳи бўлганини айтиб берган: «Бу воқеа концлагердагиларни Совет армияси келиб озод қилишидан бир неча кун олдин содир бўлган эди», деб барча воқеаларни аниқ эслаган.

Ҳукм эълон қилинишидан аввал Брунонинг адвокатлари ОАВ ходимларига жабрланувчилар 93 ёшли айбланувчини қаматиш истагида эмасликларини, шу учун судьядан унга шартли жазо беришни сўрашганини маълум қилган.

Бруно Деянинг иши умумий тарзда 45та суд мажлисида кўриб чиқилган ва судланувчи уларнинг барчасида қатнашган. Бруно аллақачон юра олмай қолган ва уни суд мажлисларига ногиронлик аравачасида хотини, икки қизи ва набиралари ҳамроҳлигида олиб келишган.

Урушдан сўнг СС формасини нонвой кийимига алмаштирган Бруно узоқ йиллар тинч яшаган. 2011 йилга келиб Мюнхенда фашистларнинг Сорибор «ўлим лагери» собиқ қўриқчиси Иван Демьянюкнинг суд ишидан сўнг Германияда нафақат лагерларда одам ўлдириш билан шуғулланганлар, балки уларнинг ёрдамчилари ва лагерларда қўриқчилик қилганлар устидан ҳам иш очиш кераклиги масаласи кўтарилади. Шундан сўнг Штуттгоф лагерида қўриқчи бўлиб хизмат қилган Бруно устидан ҳам иш очилади.

Ҳамбургдаги судда тарихчи, Учинчи Рейхдаги концлагерлар фаолияти тизимини ўрганувчи асосий немис мутахассисларидан бири Штефан Ҳердлер қатнашади. Тарихчи суд мажлисида лагерларнинг соқчилари ҳам тиканли сим ортидаги жиноятлар ва шафқатсизликлардан хабардор бўлганини маълум қилади ҳамда архивлардан далиллар келтиради.

Суд ишида жами 79 саҳифалик айблов хулосасини илгари сурган катта прокурор Ларс Манке айбланувчига уч йиллик қамоқ жазоси берилишини сўрайди. Айблов хулосасида Бруно қўриқчилик қилган лагерда польяк ва совет асирларининг, аёллар, болалар ва кексаларнинг қандай тарзда йўқ қилинганини тўлиқ билиб ва кузатиб тургани ҳақидаги далиллар келтирилган. Адвокатлар Брунонинг тўлиқ оқланишни сўрашди.

Бруно Дея ҳукм эълон қилинишидан бир кун олдин ўзининг сўнгги сўзида, лагердаги барча ишлардан хабардор бўлмаганини, барчасини уруш тугагандан сўнг билганини айтади ва барча маҳбуслар, уларнинг қариндошларидан кечирим сўрайди.

Немис ОАВда ёзилишича, бу суд иши Германияда нацистларнинг сўнгги оммавий суди бўлиши мумкин. Ишга жалб қилинётганлар жуда кексайиб қолгани туфайли янги тафсилотларни билиш тобора қийин бўлиб бормоқда. Лудвигсбургда жойлашган нацистларнинг жиноятларини фош қилиш бўйича марказий идора маълумотларига кўра, бугунги кунда нацистлар жиноятлари бўйича Германия прокурорлари жами 14та иш бўйича тергов-суриштирув ишларини олиб бормоқда.

Мавзуга оид