ДХМлар томонидан 2020 йилнинг 6 ойида 3,6 миллионта хизмат кўрсатилди – ДХА
2020 йил 6 ой давомида давлат хизматлари марказлари томонидан 3,6 миллионта хизмат кўрсатилган. Хизматлари тури 13 тага кўпайиб, 143 тага етган. Бу ҳақда Давлат хизматлари агентлигининг ахборот хизмати маълум қилди.
«Давлат хизматлари марказлари томонидан кўрсатилаётган давлат хизматлари тури 13 тага кўпайиб, уларнинг сони 143 тага етди, 6 ой давомида кўрсатилган хизматлари сони 3,6 млн.тани ташкил қилди.
Марказлар орқали давлат хизматларини қабул қилишга бўлган талабни ҳисобга олган ҳолда жорий йил якунига қадар яна 20 дан ортиқ давлат хизматларини кўрсатиш режалаштирилмоқда.
Кўрсатилган давлат хизматларининг статистик ҳисоботларига эътибор берадиган бўлса, улар ичида энг кўпи солиқ тўловчининг идентификацион рақами (СТИР) аниқлаш, олиш ва ўзгартириш – 693 минг, жисмоний шахсларга, яъни электрон рақамли имзо сертификатини бериш – 453 минг, шунингдек Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш –223 минг, Кадастр паспортини шакллантириш – 199 мингтани ташкил этмоқда», дея агентлик директори ўринбосари Нўъмон Муҳаммадиевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Унинг қўшимча қилишича, ҳисобот даврида давлат хизматлари марказларининг 96 та инновацион биноси фойдаланишга топширилган, уларнинг 42 таси давлат-хусусий шериклик шартлари асосида барпо этилган, айни вақтда 90 га яқин шундай биноларни қуриш ишлари жадал олиб борилмоқда.
Шунингдек, аҳолига сайёр давлат хизматлари кўрсатиш учун ажратилган 189 та «Дамас» автомобиллари ва 20 та махсус жиҳозланган «Исузу» автобуслари орқали жами 80 мингга яқин сайёр давлат хизматлари кўрсатилди. Туман марказидан узоқда жойлашган (100-300 км) ҳудудларда ҳамда аҳолининг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, давлат хизматлари марказининг мавжуд 53 та филиалари сони 57 тага етказилди, бу каби ишлар давом эттирилмоқда.
«Ҳисобот даври мобайнида Агентлик томонидан давлат хизматларини кўрсатиш соҳасига доир 16 дан ортиқ қонун ҳужжатлари ишлаб чиқилди, айрим хизматлар тўлиқ қайта кўриб чиқилиб, соддалаштирилди. Бунинг натижасида:
– хизматларни кўрсатиш муддати қисқартирилди;
– идоралараро интеграцияни йўлга қўйиш орқали мурожаат қилувчилар томонидан тақдим этиладиган ҳужжатлар сони кескин камайтирилди;
– хизмат кўрсатиш жараёни оптималлаштирилди;
– хизмат кўрсатувчи органлар фаолиятини номарказлаштириш – яъни, хизмат кўрсатиш ваколатини юқори турувчи органдан қуйи тузилмаларга ўтказиш орқали хизматнинг тезкорлигини ва манзиллилиги таъминланди.
Шу вақтга қадар вақтинчалик регламент асосида кўрсатилаётган 5 та давлат хизмати доимий тартибга ўтказилиши бўйича янги регламентлар қабул қилинди», дейди Нўъмон Муҳаммадиев.
Аввалроқ ДХА директори ўринбосари декабрь ойигача барча ФҲДЁ органларида блокчейн технологияси жорий этилишини айтганди. Шунингдек, у энди бола туғилганда бирданига поликлиникага ҳисобга олиниши, боғчага жойлаштириш учун рўйхатга олиниши ва пропискага қўйилишини маълум қилганди.
Мавзуга оид
16:35 / 16.01.2023
Давлат хизматлари марказларининг барча ресурслари фуқароларга ёрдам режимига ўтказилди
08:57 / 28.11.2022
Статистика маълумотларини давлат хизматлари марказлари орқали олиш йўлга қўйилади
14:50 / 16.09.2022
Учта нафақани тайинлашда югур-югурларга барҳам берилади. Бошқа нафақа ва пенсиялар-чи?
15:53 / 08.09.2022