Light | 00:22 / 26.07.2020
33395
4 дақиқада ўқилади

Фотогалерея: Ургут тоғлари манзараларини кўрганмисиз?

Юртимиз гўзал масканларга жуда бой. Айниқса тоғли ҳудудларимизнинг табиати бетакрор. Самарқанд вилояти Ургут тумани ҳам тоғли ҳудудлари билан ҳар доим табиат ихлосмандларини ўзига жалб этиб келади.

Ургут туманини жануб томондан ўраб турган тоғ - Зарафшон тоғ тизмасининг бир бўлаги ҳисобланади. Kun.uz мухбирлари ушбу тоғда бўлиб, масканнинг манзарали гўшаларини суратларга муҳрлаб қайтишди.

Туманнинг жанубий чегарасида жойлашган бу тоғлар Ургут туманини Қашқадарё вилоятининг Китоб туманидан ажратиб туради. Ҳар икки туман ўртасидан ўтган чегара баланд тоғлар устидан ўтган.

Кўриниб турган тоғнинг орқа тарафи Китоб тумани ҳудуди ҳисобланади

Ургут халқи - азалдан меҳнаткаш, тадбирли. Шу туфайли бугун ҳатто одам чиқиб бориши қийин бўлган тоғ ёнбағирларида ҳам узумзор боғларни кўриш мумкин.

Тоғ ёнбағридаги лалми узумзорлар
Тоғ ёнбағридаги лалми узумзорлар

Қуйидаги фотосуратда акс этган дара Қуруқсой деб аталади. Унинг бундай аталишига сабаб - бу дарада жойлашган сойдан фақат баҳорнинг ёғин-сочинли кунларида сув оқади. Бошқа пайтда қуриб ётади.

Қуруқсой дараси

Даранинг бошланиш жойидан ичкарига қараб киргандан икки тарафда қирнинг  тепасигача токлар экилган. Бу токлар лалми ҳисобланади.

Аллоҳёрон чўққиси

Шу ернинг аҳолиси ток экилмаган жойларнинг пичанларини ўриб боғлаб қўйибди.

Тоғликлар шунақа ҳалқки, ҳеч ким бекор қолмайди. Кимдир чорва молларини боқаётган бўлса, кимдир асаларичилик билан шуғулланади.

Тоғликлар қирнинг тепасида, чиқиб тушиш қийин бўлган жойда бўлса ҳам фойдаланиш мумкин бўлган жойни кўришса, у ерни албатта бўш қўйишмайди.

Дарадан чиқиб бораверган сайин у торайиб бораверади. Энг тепада у жуда торайиб қолади. Маҳаллий аҳолининг айтишича, даранинг шу жойи «Тўқим тиқилди» деб аталади.

Тор даранинг бундай деб номланишига сабаб бир пайтлар - бу ердан Китобга ошиб ўтадиган йўл бўлган ва шу атрофдаги қишлоқлар аҳолиси от ва эшакда шу тор дарадаги сўқмоқ орқали Китоб туманидаги қишлоқларга ўтиб-қайтган. Даранинг жуда торлигига ишора сифатида уни «Тўқим тиқилди» деб аташган.

Тўқим тиқилди дараси
Тўқим тиқилди дарасининг бошланиш жойи

Даранинг тор жойига киришда жуда катта ҳарсанг тош тоғ тепасидан қулаб тушган ва тор даранинг устига илиниб турибди. Маҳаллий аҳолининг билдиришича, бу ҳарсангнинг қулаганига неча йил бўлганини ҳеч ким билмайди. «Балки минг йиллар олдин қулаб тушган бўлиши ҳам мумкин» дейишди улар.

«Тўқим тиқилди» дарасининг бошланиш жойидаги тепадан юмалаб тушган улкан тош

Тор дарадан юриб бироз кенг жойга чиқилгандан сўнг табиатнинг фусункорлигига лол қоласиз.

Айтганча, тоғликларнинг чорва моллари аксарият ҳолларда эрталаб шундоқ ҳайдаб юборилади. Улар куни билан ўтлаб, кечки пайт ўзи қайтиб келади.

Тоғда ўтлаб юрган эчкилар
Бу қўйлар эрталаб қўйиб юборилса, кечки пайт ўзлари қайтади

Тоғга чиқишнинг ажойиб завқи унинг энг юқорисига чиққанда бўлади. 

Зарафшон водийси
Зарафшон водийси

Мавзуга оид