Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Самарқанддан Ургутга поезд ҳаракатланмоқда - бу иқтисодиётга қандай таъсир қилади?
Шу кунларда Самарқанддан Ургутга поездлар ҳаракатланмоқда. Президент Шавкат Мирзиёевнинг 25 ноябрда Самарқандга ташрифи чоғида ушбу йўналиш амалий ишга тушгани хабар қилинганди. Янги темирйўл Ургут ва атроф ҳудудлар учун узоқ кутилган иқтисодий ва транспорт имкониятларини очди.
Самарқанд вилоятининг йирик туманларидан бири - Ургутда 600 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Бу ҳудуд йиллар давомида Самарқанд билан фақат автомобил ва автобус қатнови орқали боғланган, юк ташиш ва йўловчи қатновидаги узоқ ва қиммат йўллар иқтисодий ривожланишга тўсиқ бўлиб келган эди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси ва таклифига асосан жорий йилнинг февраль ойида “Ўзбекистон темирйўллари” АЖ томонидан Самарқанд-Ургут йўналиши қурилиши бошланган. Ушбу 55,4 километрлик участкада икки вокзал - “Жартепа” ва “Ургут”, икки кўприк, 110 та сунъий иншоот, 1,8 млн куб метр тупроқ ишлари ва 58,3 км оптик толали алоқа линияси барпо этилди. Йўналишда темирйўл излари ётқизилди, электрлаштириш ва марказлаштирилган бошқарув тизимлари ўрнатилди.

Зарафшон дарёси қирғоғидан ўтадиган қисмида дамба қурилиши, сув ўтказиш иншоотлари ва йўл кесишмалари ҳам тайёр. Янги йўналишнинг қурилиши “Тоштемирйўллойиҳа” МЧЖ томонидан ишлаб чиқилган бош режага мувофиқ, замонавий муҳандислик ечимлари асосида амалга оширилди.
Янги йўналиш икки жуфт шаҳарлараро ва тўққиз жуфт юк поезди қатновини таъминлайди. Йўловчи ва юк ташиш имконияти йиллик 359 минг йўловчи ва 8,2 миллион тонна юкни ташкил этади. Бу эса Ургутдаги саноат ва савдо ҳудудлари учун узоқ кутилган логистик имкониятлар очади.

Темирйўлнинг ишга тушиши орқали ҳудуддаги юк ташиш тезлашади, маҳсулотлар бозорларга вақтида ва арзон етади, инвесторлар учун қулайликлар янада ошади. Шу билан бирга янги станциялар ва вокзаллар атрофида 130 та янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилмоқда.
Бундан ташқари, йўналиш ички туризмни ривожлантиришда ҳам муҳим омил бўлади. Ургут тарихи ва маданий мероси, дам олиш ва зиёрат масканлари билан машҳур, эндиликда туристлар учун Самарқанддан қулай қатнов таъминланади.
Мутасаддилар келгусида йўналишни тўлиқ электрлаштириш, хизматларни кенгайтириш ва вокзал атрофини ободонлаштириш режаларини амалга оширмоқда. Шу йўл билан Ургутнинг транспорт инфратузилмаси замонавий ва хавфсиз даражага кўтарилади, иқтисодий ўсиш учун узоқ муддатли имкониятлар яратилади.


Мавзуга оид
17:45 / 05.06.2026
“АҚШга мурожаатингиздан хурсандмиз” - Шердор реставрациясига 500 минг доллар ажратилди
17:36 / 05.06.2026
Саида Мирзиёева UNEP ва GEF раҳбарияти билан учрашди
18:49 / 04.06.2026
Саида Мирзиёева Глобал экологик жамғарма Ассамблеясида иштирок этди
20:37 / 03.06.2026