Жаҳон | 22:28 / 27.07.2020
2179
1 дақиқада ўқилади

Alphabet корпорацияси 200 минг нафар ходими бир йил давомида масофадан ишлашини маълум қилди

Alphabet ходимлари COVID-19 пандемияси бошланганидан сўнг масофадан ишлашга ўтганди.

Фото: Alphabet

Alphabet (Google эгаси) компанияси ва унинг бўлинмаларидаги деярли барча – 200 мингга яқин киши ҳамда шартнома бўйича ишлайдиган ходимлар камида 2021 йил июлгача офисга қайтмайди. Alphabet раҳбари Сундар Пичаи ана шундай қарор қабул қилди, деб хабар берди The Wall Street Journal (WSJ) ўз манбасига таяниб.

Alphabet ходимлари COVID-19 пандемияси бошланганидан сўнг масофадан ишлашга ўтганди. Май ойида хоҳловчилар июнь ёки июлда офисларига қайтишлари мумкинлиги хабар қилинганди. Аммо Пичаи масофадан ишлаш муддатини узайтирди.

«Бу сизларга келгуси 12 ой давомида ўзингиз ва яқинларингизга ғамхўрлик билан иш ўртасидаги мувозанатни мувофиқлаштиришга ёрдам беради деб умид қиламан», — деган Пичаи Alphabet ходимларига йўллаган мактубида.

Ходимларнинг масофадан ишлаши борасидаги қарор Alphabet компаниясининг АҚШ, Буюк Британия, Ҳиндистон, Бразилия ва бошқа давлатлардаги бўлинмаларига тегишли, дея қайд этади нашр.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид