Ўзбекистон | 22:14 / 28.07.2020
10639
9 дақиқада ўқилади

«Кўрилаётган чоралар Конституцияга ва Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятларига тўла мос» – Музраф Икромов

Айни пайтда пандемия сабабли бутун дунё карантинга кирган. Аммо карантинни қандай ташкил қилиш ва қандай чекловлар киритиш борасида барча турлича йўл тутмоқда.

Касалликнинг аҳоли орасида тарқалиши кўпайиб, карантин талаблари кучайтирилар экан, ўзбекистонлик фуқароларда ҳуқуқий масалаларда кўплаб саволлар туғилмоқда. Бу борада турли қарама-қарши фикрлар айтилмоқда.

Биз карантин чоралари ва тузилган муваққат комиссияларнинг Ўзбекистон қонунчилиги ва конституцияга қанчалик мослиги ҳамда билдирилаётган эътирозлар борасида Адлия вазири ўринбосари Музраф Икромов билан суҳбат уюштирдик.

– Юқорида айтганимиз аҳоли томонидан билдирилаётган эътирозли фикрлар сизнингча нимадан далолат беради?

– Албатта ҳар бир ҳуқуқий демократик давлатда маълум бир ҳуқуқий масала бўйича фикрлар қарама-қарши бўлиши бу табиий жараён ҳисобланиб, бу қуйидагилардан далолат беради:

биринчидан, фуқаролардан саволлар келиб тушиши, қарама-қарши фикрлар айтилишининг барчаси фуқароларимизнинг ҳуқуқий онги ва дунёқараши ўзгараётганлиги, жамиятда бўлаётган жараёнларга нисбатан ўз фикрларини эркин ифода этиши, ўзларининг келажаги ва тақдирига нисбатан бефарқ муносабатда бўлмаётганлигини англатади.

Адлия вазирлигининг бугунги кунда олдида турган энг асосий вазифаларидан бири бу аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш билан бир қаторда ўз ҳуқуқларини талаб қилиб олишга ўргатиш ҳам ҳисобланади.

Фуқаролар ҳуқуқини таниб, ўз ҳуқуқларини керакли жойда талаб қилиб олсалар биз ўз олдимизга қўйган мақсадимизга эришган бўламиз.

иккинчидан, фуқароларда дахлдорлик туйғуси кучаймоқда. Жамиятдаги ҳар бир бўлаётган ижтимоий муносабатларга нисбатан ўзларини дахлдор ҳисоблаб, ўзларининг фикр ва мулоҳазаларини баён қилмоқда. Бу жараёнда фуқароларимизнинг замонамиз хусусиятидан келиб чиқиб, ижтимоий тармоқлардан самарали фойдаланиш маданиятининг юксалаётганлигини  кузатиш мумкин;

учинчидан, ҳозирги кўламдаги пандемия ва у туфайли киритилган карантин талаблари нафақат бизда, балки бутун дунё мамлакатларида биринчи маротаба рўй бермоқда. Шу нуқтаи назардан ҳам карантиннинг дастлабки кунларида карантин талаблари ва чекловлари билан боғлиқ тартибларга оид айрим савол келиб чиқди ҳамда бу табиий жараён ҳисобланади.

Бугунги кунда карантин ва пандемия шароитидан келиб чиқаётган ҳар қандай савол ёки масала бўйича мамлакатимизда мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилган.

Қолаверса, карантин даврида аҳолининг барча қатламлари, тадбиркорлик субъектлари ва иқтисодиёт тармоқларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган 20 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

 – Бизда фуқароларнинг ҳуқуқий онги юқори бўлиши кераклиги, ўз ҳақ ҳуқуқлари, мажбуриятларини билиши кераклиги борасида кўп гапирилади. Лекин, айни бугунги шароит кўпроқ давлат органлари, вазирлик ва идоралар ўз мажбуриятини, зиммасига олган масъулиятини бажариши кераклигини кўрсатмоқда. Энди юқоридаги каби фикрлашдан воз кечармиз, балки.

– Биз бугун нафақат фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш масаласида балки бутун бир жамиятда ҳуқуқий онг ва маданиятни ошириш бўйича ишлаяпмиз.

Жамиятда ҳуқуқий онг ва маданиятни оширишда бир томонлама йўналишдан бориш ўзини оқламайди. Масалан, биз фақатгина фуқароларни ҳуқуқий онгини ошириш билан шуғулланиб, давлат органлари ходимларининг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш масаласини эътибордан четда қолдиришимиз мумкин эмас.

Бугун жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш 6 та принцип яъни, «шахс – оила – маҳалла – таълим муассасаси – ташкилот – жамият» принципи бўйича амалга ошириб келинмоқда.

Бу принциплар доирасида нафақат аҳоли (шахс) балки, оилада, маҳаллада, таълим муассасасида, ташкилотда ва жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни ошириш бўйича амалга ошириладиган ишларимиз аниқ белгилаб берилган ва биз шу асосида ишлаяпмиз.

Хусусан, «республика – вилоят – туман» принципи асосида вазирлик ва идоралар ходимларининг ҳуқуқий билимларини ошириш мақсадида бепул ҳуқуқий маслаҳат курслари ташкил этиб келяпмиз.

Шу кунга қадар 22 та давлат органлари ходимлари тўлиқ ўқитилди.

Биз бу борадаги ишларни кейинги босқичда узвий амалга ошириб бориш бўйича ҳам аниқ режаларни белгилаб олганмиз.

Бундан ташқари, юқоридагиларга қўшимча равишда давлат органлари ва ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий онги ва маданиятини янада ошириб бориш мақсадида, ҳозирда Адлия вазирлиги томонидан давлат хизматчиларининг ҳуқуқий саводхонлик даражасига нисбатан алоҳида минимал талаблар ҳамда ушбу талабларга мувофиқлик юзасидан ходимларни билимини баҳолаш ва ўқитиш тартиби ишлаб чиқилмоқда.

– Бугунгидек кутилмаган, фавқулодда ҳолатларда тузиладиган комиссия ва шунга ўхшаш тузилмалар ташкил этилишининг ҳуқуқий асослари қай даражада мустаҳкам ва бу асослар замон талабига жавоб берадими? Мен айтаётган эътирозлар шундандир балки...

Шунга ўхшаш саволга яқинда бўлиб ўтган брифингимизда ҳам тўхталиб ўтган эдик.

Шундай бўлса-да, фойдадан холи бўлмаганлиги учун яна бир бор ушбу мавзуни очиб беришга ҳаракат қиламиз.

Ҳозирги юзага келган ностандарт вазиятга ўхшаш ҳолатларга дарҳол жавоб қайтариш мақсадида комиссиялар тузиш амалиёти биз учун янгилик эмас ва шу каби бошқа комиссияларни тузишнинг зарурати ва самарадорлигини кўрсатиб берган.

Масалан, бундан 20 йил олдин, яъни 2000 йилдаёқ Вазирлар Маҳкамасининг 142-сон қарори билан Республика эпидемияга қарши курашиш фавқулодда комиссияси тузилган эди.

Унга одамлар ўртасида юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш мақсадида корхоналар, муассасаларда алоҳида аҳоли пунктлари ва ҳудудларда карантин-чеклаш чора-тадбирлари ҳамда карантин жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилиш ваколати берилган бўлган.

Ушбу ижобий тажрибани инобатга олган ҳолда ҳамда жорий эпидемиологик хавфнинг кўламини инобатга олиб, ҳозирги шароитда Республика махсус комиссияси ташкил этилди ва у эпидемиологик вазиятнинг тезлик билан ўзгаришига зудлик билан муносабат билдириб, мазкур ўзгаришларни бартараф қилиш бўйича тезкор қарорлар қабул қилиб келмоқда.

Шу боис ишонч билан айтиш мумкинки ҳозирда коронавирусга қарши олиб борилаётган кураш мустаҳкам ҳуқуқий асосга ва ўз тарихига эга.

Кўрилаётган чоралар эса, Конституцияга, қонунчилигимизга ва Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятларига тўла мос келади, инсон ҳуқуқларини бузмайди.

Комиссия фаолиятининг ҳуқуқий асосларига батафсил тўхталадиган бўлсак, қонунчилигимиздаги қуйидаги ҳуқуқий нормаларни эслаб ўтиш жоиз:

Аввало, «Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида»ги Қонуннинг 3-моддасини ёдга солиш лозим. Унга кўра, Ҳукумат ижро этувчи ҳокимиятнинг олий органи бўлиб, иқтисодиёт, ижтимоий ва маънавий соҳаларнинг самарали фаолият кўрсатишига раҳбарлик қилишни, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Парламент қарорлари, Президент ҳужжатлари ижросини таъминлайди;

Иккинчидан, қонуннинг 11-моддасига кўра, Вазирлар Маҳкамасининг ижтимоий соҳадаги ваколатлари сирасига, жумладан, санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш бўйича чораларни амалга ошириш киради.

Учинчидан, 25-моддага биноан, давлат ва хўжалик бошқарувининг айрим масалалари бўйича таклифлар тайёрлаш, Ҳукумат қарорлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш, шунингдек унинг айрим топшириқларини бажариш учун муваққат комиссиялари ташкил этилиши мумкин.

Тўртинчидан, Ҳукумат регламентига мувофиқ, Вазирлар Маҳкамаси ваколатларининг амалга оширилиши комиссиялар, кенгашлар ва бошқа идоралараро коллегиал органлар фаолияти билан ҳам таъминланади.

Бешинчидан, Вазирлар Маҳкамасида унинг ваколатларига кирадиган масалаларни кўриб чиқиш Ҳукумат ташкил этадиган комиссияларнинг ҳамда бошқа идоралараро коллегиал органларнинг мажлисларида манфаатдор давлат органлари ва бошқа ташкилотлар вакиллари иштирокида амалга оширилади.

Олтинчидан, “Аҳолининг санитар-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги қонуннинг 31-моддасига мувофиқ, юқумли ва паразитар касалликларнинг пайдо бўлиш ёки тарқалиш хавфи юзага келган тақдирда Вазирлар Маҳкамаси ёки вилоят ҳокимликлари ҳам ўрнатилган тартибда тегишли ҳудудларда ёки объектларда белгиланган тартибда чекловчи тадбирлар (карантин) жорий этиши мумкин.

Шу тариқа, бир вақтнинг ўзида Фуқаро муҳофазаси бошлиғи бўлган Ўзбекистон Республикаси Бош вазири бошчилигидаги Махсус комиссия Вазирлар Маҳкамаси ваколатларини амалга оширишни таъминлашнинг усулларидан бири эканлиги ойдинлашади.

Ўзбекистон Президентининг махсус фармойишига мувофиқ, коронавирус бўйича эпидемиологик вазиятнинг ёмонлашиши эҳтимоли белгиларини ўз вақтида аниқлаш ва касалланиш хавфини камайтириш ҳамда беморларга малакали тиббий ёрдам кўрсатишга қаратилган профилактик ва эпидемиологияга қарши комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш Махсус комиссиянинг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланган.

Ҳукуматнинг 2020 йил 23 мартдаги 176-сон қарори билан Комиссия томонидан ўз ваколати доирасида қабул қилинаётган қарорларнинг мажбурий ижро қилиниши кўрсатиб ўтилган.

«Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида»ги Қонуннинг 35-моддасига кўра эса, Ҳукуматнинг қабул қилган қарорлари ва фармойишлари Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида барча органлар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ҳамда фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурийдир.

Шуларни инобатга олиб, бугунгидек кутилмаган вазиятга муносиб ва тезкор жавоб бериш учун тузилган комиссия ташкил этилишининг ҳуқуқий асослари борасида бирор бир иккиланишга ва эътирозларга асос йўқ деб ҳисоблаймиз.

Мавзуга оид