Ўзбекистон | 22:14 / 29.07.2020
8095
2 дақиқада ўқилади

14 кунлик иш учун 668 нафар врачнинг ҳар бирига 25 млн сўмдан тўлаб берилди — Молия вазирлиги

24-27 июль кунлари коронавирус тарқалишининг олдини олишга қаратилган тадбирларга жалб этилган 12383 нафар тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ходимларини қўшимча рағбатлантириш учун 63,8 млрд сўм тўланди, деб хабар бермоқда Молия вазирлиги ахборот хизмати.

Қайд этилишича, Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан коронавирус тарқалишининг олдини олишга қаратилган тадбирларга жами 1 трлн 149 млрд 800 млн сўм маблағ ажратган. Шундан 63,8 млрд сўм тиббиёт ходимларини қўшимча рағбатлантириш учун сарфланган.

Жумладан, ойлик лавозим маошига 6 фоиз миқдорида ҳар кунлик қўшимча тўловлари бўйича 8387 нафар ходимга 9,3 млрд сўм тўланган. Шундан 2072 нафар врачга – 3,1 млрд сўм, 3940 нафар ўрта тиббиёт ходимга – 3,5 млрд сўм, 1073 нафар кичик тиббиёт ходимга – 1 млрд сўм ва 1302 нафар бошқа ходимларга – 1,6 млрд сўм сарфланган.

Шу билан бирга,  коронавирус билан касалланган беморлар ва карантин ҳудудларида 14 кун давомида фаолият юритган 2 666 нафар тиббиёт ходимига 51,0 млрд сўм тўлаб берилган. Хусусан, 668 нафар врачнинг ҳар бирига 25 млн сўмдан, жами 20,9 млрд сўм; 1103 нафар ўрта тиббиёт ходимга – 20,1 млрд сўм, 613 нафар кичик тиббиёт ходимга – 7,7 млрд сўм ва 282 нафар бошқа ходимларга – 2,3 млрд сўм тўланган.

Бундан ташқари, Санитария-эпидемиология хизмати ва унинг ҳудудий марказлари ходимларининг лавозим маошига меҳнатнинг соғлиқ учун хавфлилиги ва оғир шароитлари учун белгиланадиган қўшимча тўловлар миқдорини тегишинча 15 фоиздан 50 фоизга ҳамда 40 фоиздан 75 фоизга ошириш ҳамда меҳнатига ҳақ тўлаш разрядлари бўйича тариф коэффициентини 5 фоизга ошириш ҳисобига 1310 нафар ходимга 1,2 млрд. сўм тўлаб берилган.

Мавзуга оид